Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:59

OzodDayjest: Сурхондарёда заиф эшитувчиларнинг мурожаатларини 14 йилки эшитишмаяпти


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Сурхондарёлик заиф эшитувчилар дардларини расмийларга эшиттиролмаётганларидан доғдалар. Ўзбек матбуоти маҳаллалардаги яраштириш комиссиялари ишини танқид қилди. Зулфия давлат мукофотига номзод шоколад эвазига ўзига ижобий тавсифнома олишга уринди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

________________________________________________

Сурхондарёлик заиф эшитувчиларнинг орзуси қачон ушалади?

Ўзбекистон Карлар жамияти Cурхондарё вилояти бўлими кўп йиллардан буён ўз биносига эга эмас (“Жамият”, 26 январь). Жамият бино ажратишни сўраб вилоят ва шаҳар ҳокимлигига 2004 йилда мурожаат қилган, аммо орадан 14 йил ўтса-да, мурожаат эътиборсиз қолдирилмоқда. Имконияти чекланганлар дардини эшитадиган, уларнинг бошини силайдиган мутасадди топилмаса-да, улар сабот ва матонат билан ҳаракат қилмоқдалар. “Вилоятда кар-соқовлар сони икки мингдан зиёд. Табиийки, уларнинг ҳаммасини қамраб ололмаймиз. Чунки биз учун офис ажратилмаган. Шу сабабли уйимнинг икки хонасидан иш жойи сифатида фойдаланаман”, дейди Карлар жамияти вилоят бўлими раиси Клара Мўминова. Карлар жамияти ўз биноси бўлиши, у ерда клуб ва тўгараклар очиш, заиф эшитувчиларга касбу ҳунар ўргатиш ва шу орқали мамлакат тараққиётига ҳисса қўшиш орзусида.

Ажрашишларни кўпаймоқда, яраштириш комиссиялари иши қониқарсиз

Ўзбекистондан сўнгги 5 йилда ажрашишлар сони 1,7 баробар ошган (“Ҳуррият”, 31 январь). 2010 йилда 17,8 минг ажрашиш қайд этилган бўлса, 2016 йилда бу кўрсаткич 29,6 мингга етган. 2017 йилда эса ФҲДЁ органларида 306 мингта никоҳ рўйхатга олинган бўлса, ажрашишлар 31,9 мингтани ташкил этган. Ажрашишларнинг олдини олиш мақсадида маҳаллаларда яраштириш комиссиялари ташкил этилган. Аммо, қайд этилишича, айрим маҳаллаларда комиссия номига очилган, лекин амалда фаолият юритмайди. Ажрашиш учун маҳаллага мурожаат қилган келиндан маҳалла фаоллари ажрашиш сабабларини эмас, хонадоннинг коммунал тўловлардан қарзи бор-йўқлигини суриштирган ҳолатлар ҳам кузатилган. Шунингдек, аксар ҳудудларда яраштириш комиссиялари аъзолигига малакасиз ходимлар қабул қилингани ҳам танқид қилинган.

Зулфия давлат мукофотига номзод шоколад эвазига ўзига ижобий тавсифнома олишга уринди

Зулфия номидаги давлат мукофотига номзод сохтакорлик билан ўзига ижобий тавсифнома ёздиришга уринди (“Оила даврасида”, 1 февраль). Бу ҳақда Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси Адиба Умирова маълум қилган. Бўлажак зулфиячининг отаси шоира А.Умировадан қизи ҳақида биров томонидан ёзилган тавсияномага имзо чекиб беришни сўраган ва бунинг эвазига унга шоколад беришга уринган. “Қизгинанинг қораламаларини кўздан кечирдим, ҳаваскорлик даражасидан ҳам паст... Орзулари билан қизиқдим, божхоначи бўлармиш. Зулфия мукофоти шоираларга берилади, божхоначиларга эмас. Агар бунга имзо қўйсам, шоира Зулфия мендан хафа бўладилар, деб кўз ўнгида тақризни йиртиб ташладим”, деб ёзади Адиба Умирова. Мақолада зулфиячи бўлишни ёлғондан бошлаш нобакорлик, деб аталган. Сохтакорлик билан мукофотга олишга уринган номзоднинг исм-фамилияси ошкор этилмаган.

XS
SM
MD
LG