Линклар

Шошилинч хабар
27 май 2018, Тошкент вақти: 05:55

OzodDayjest: Тошкентда эрга тегиш илинжидаги аёл ўғилчасини сотишга уринди


Хабарларга кўра, 4 ёшли боласини сотишга уринган аёл Яккасарой туман суди ҳукми билан 5 йилга қамалган.

Ўзбекистон пойтахтида 4 ёшли боласини 2000 долларга сотаётган аёл қўлга олинди. Фарғоналик ватандош хотинини ҳақорат қилган қўшнисини ёқиб юборди. Тошкентда чақалоқни туғруқхонадан олиб чиқиш миллионлаб сўм харажат талаб қилади.

_____________________________________________________________

25 ёшли аёл турмушга чиқа олмаётгани важидан 4 ёшли боласини сотишга ҳаракат қилди

Тошкентдаги Жанубий вокзал ҳудуди яқинида 4 ёшли боласини 2000 АҚШ долларига сотишга уринган аёл ва унинг шериги қўлга олинди (“Адолат”, 2018 йил 5-сон). 1992 йил Қашқадарёда туғилган аёл эри билан ажрашгач, 4 ёшли ўғли билан Тошкент вилоятига кўчиб келган. Исми ошкор этилмаган она ўғли сабаб турмушга чиқа олмаётгани важидан фарзандини сотишга қарор қилган. Харидор топишда эса унга Бўстонлиқ туманида яшовчи аёл ёрдам берган. Зангиота туманида яшовчи анча йиллардан бери фарзанд кўрмай келаётган аёл дастлаб 4 ёшли болани сотиб олишга аҳд қилади. Бироқ кейинроқ ниятидан қайтиб бу ҳақда ички ишлар идораларига хабар беради ва бола сотишга уринган она ва унга ёрдам берган аёл қўлга олинади. Жиноят ишлари бўйича Яккасарой тумани суди судьяси Темур Қосимовга кўра, боласини сотмоқчи бўлган она 5 йил, унга ёрдам берган аёл эса 6 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган.

Фарғоналик ватандош хотинини ҳақорат қилган қўшнисини ёқиб юборди

Фарғона вилояти қишлоқларидан бири рўй берган жанжал қотиллик билан якунланди (“Ҳуқуқ”, 8 февраль). Бу ҳақда вилоят прокуратураси алоҳида муҳим ишлар бўйича катта терговчиси Музаффар Мамажонов хабар беради. Икки қўшни – Рафиқ Шерматов ва Шокир Ўсаров кўп йиллардан бери ўзаро жанжаллашиб келган. Р.Шерматов сафарга кетганида Ш.Ўсаров унинг уйига бориб, хотинини уятсиз сўзлар билан ҳақорат қилган. Р.Шерматов сафардан қайтгач, дастлаб Ш.Ўсаров билан бирга ичкиликбозлик қилган. Сўнг Ш.Ўсаров маст бўлиб қолгач, унинг устига аввалдан тайёрлаб қўйган пластмасса идишдан бензин қуйиб, ёндириб юборган. Танаси куйиб кетган Ш.Ўсаров 4 кундан кейин шифохонада вафот этган. Жиноий ишга оид бошқа тафсилотлар очиқланмаган.

Чақалоқни туғруқхонадан олиб чиқиш миллионлаб харажат талаб қилмоқда

Тошкент шаҳридаги туғруқхоналардан чақалоқларни олиб чиқиш тантанали маросимга айланиб улгурди (“Ҳуррият”, 7 февраль). Янги дунёга келган гўдакларни олиб чиқиш учун хорижий русумдаги ҳашаматли машиналар ижарага олинмоқда. Мақолада ёзилишича, битта чақалоқни йўқлаш учун келиннинг ота-онаси бир неча миллион сўм маблағ сарфлайди: бешик (130 минг сўм), болалар аравачаси (500 минг сўм), велосипед (190 минг сўм), ўйинчоқлар (400 минг сўм), манеж (750 минг сўм), турли мавсум учун кийимлар (1 миллион сўм), махсус торт ва пишириқлар (500 минг сўм). Бундан ташқари, куёвнинг ота-онаси, борингки, бутун оила аъзоларига сарпо қилиш талаб этилади. Қайд этилишича, бой табақа ўйлаб топган ушбу янги одатларга риоя этишга уринган ўртаҳол ва камбағаллар қарз бўлиб қолмоқда.

XS
SM
MD
LG