Линклар

Шошилинч хабар
15 декабр 2019, Тошкент вақти: 12:45

OzodDayjest: Депутатлар ҳоким ва прокурорлардан ҳисобот сўрай олмаяпти


Иллюстратив сурат.

Депутатлар қарсакбозликдан бўшамаётгани танқид қилинди. Парламент ҳукуматнинг хотин-қизларнинг иш соатини қисқартириш ҳақидаги фикрига қарши чиқди. Жиззахда “Обод қишлоқ” дастури доирасидаги ишларда камчиликлар аниқланди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

________________________________________________

Депутатлар ўз ҳокимият ваколатидан фойдалана олмаётгани танқид қилинди

Ўзбекистондаги бирорта халқ депутатлари кенгашлари фаолияти намунали асосда ташкил этилмаган (“Инсон ва қонун”, 5 февраль). Қонунчиликда маҳаллий кенгашларга ҳоким ва прокурорлардан ҳисобот сўраш, бюджет тақсимотида иштирок этиш каби катта ваколатлар берилган. Аммо амалда депутатлари ўз ҳокимият ваколатидан фойдалана олмаётир. Қайд этилишича, кенгаш мажлислари қарсакбозлик билан ўтади, ортиқча саволлар берилмайди, ташаббуслар кўрсатилмайди. “Бу соҳага турли шахсий манфаатларни кўзлаб кириб қолганлар, лоқайдлар, лаганбардорлар, масъулиятсизлар ҳам, афсуски, талайгина”, деб ёзади газета. Депутатларнинг ўз ваколатидан тўлиқ фойдалана олмаётганига ижро ҳокимияти органлари беписандлиги ҳам сабаб бўлмоқда. Депутатларга кўра, айрим ижро ҳокимияти вакиллари ҳисоб беришдан бўйин товлайди, кенгаш мажлисларига келмайди. Газетага кўра, бюджет тақсимоти юқори даражада марказлашган шароитда маҳаллий ўзини ўзи бошқариш механизми ҳам суст ишламоқда. Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Олий Мажлис депутати Расул Кушербоев ҳам марказий ва маҳаллий ижроия ҳокимият органларининг беписандлигидан ёзғирган эди.

Хотин-қизларнинг иш соатини қисқартириш ҳақидаги таклиф дискриминация деб аталди

Ўзбекистонда хотин-қизларнинг иш вақтини бир неча соатга қисқартириш таклифи баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда (“Даракчи”, 7 февраль). Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонага кўра, аёллар учун кунлик 8 соат иш вақти оғирлик қилиши мумкин ва уни қисқартириш мақсадга мувофиқдир. “Оилада фарзандлар тарбияси билан шуғулланиши учун аёллар учун иш вақти фақат 14:00 гача қилиб белгиланган давлатларни ҳам биламан. Мамлакатимизда ҳам аёлларнинг иш вақти соат 17:00 гача қилиб белгиланса, ҳар томонлама яхши бўларди”, деган Э. Боситхонова. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Оила ва аёллар масалалари бўйича комиссияси раиси Дилором Файзиева эса ушбу таклиф дискриминация экани, яъни Конституцияда мустаҳкамланган эркаклар ва аёлларнинг тенг ҳуқуқлилиги тамойилига зид эканини айтган. Д. Файзиевага кўра, аёллар учун иш соатининг қисқартирилиши келгусида уларнинг ишга қабул қилинишида муаммоларни юзага келтиради. Қолаверса, аёллар имкониятларини тўлиқ рўёбга чиқаришларига тўсқинлик қилади.

Жиззахда “Обод қишлоқ” дастурига оид ишлар қоғозда беш, амалда эса ўлда-жўлда

Жиззах вилояти Зарбдор туманида “Обод қишлоқ” дастури доирасида амалга оширилган ишларда бир қатор камчиликлар аниқланди (“XXI аср”, 7 февраль). Гарчи барча ишлар аъло даражада бажарилгани ҳақида ҳисобот берилган бўлса-да, кўплаб ишлар ўлда-жўлда қолмоқда. Масалан, “Тошкесган” қишлоғидаги мактаб қурилиши чала-ярим аҳволда. Қайд этилишича, ўқувчилар биринчи чоракда аҳоли хонадонларида ўқиган бўлса, иккинчи чоракда қурилиш кетаётган совуқ ва бетартиб мактаб биносида сабоқларни давом эттирган. Мактаб таъмирига маблағ ҳали ҳам ажратилмаган, ўқувчилар қачон тўлақонли дарслар олиши номаълум қолмоқда. “Тоза уруғ” қишлоғи ҳам ҳисоботларда “обод қилинган”. Аммо йўллар таъмири чала аҳволда, ичимлик суви муаммоси ҳам ҳал этилмаган. Газета маҳаллий раҳбарларни камчиликлардан сабоқ чиқариб, вазиятни ўнглашга чақирган.

OzodTa'sir

XS
SM
MD
LG