Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:03

OzodDayjest: Вазир Шерматов “оломон тошбўрон қиладиган” мавзудан гап очди


Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов.
Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов.

Ўзбекистон коронавирус туфайли кескин иқтисодий инқирозга дуч келиши мумкин. Танзила Норбоева ҳокимлар измидан чиқмайдиган депутатларни эслади. Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов болаларни пул топишга ўргатиш борасидаги фикрлари билан ўртоқлашди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

_____________________________________________________________

Танзила Норбоева: “Ҳоким нима деса, депутатлар қўл кўтариб ўтираверади”


Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева келгусида ҳокимлар маҳаллий депутатлар устидан раҳбарлик қилмаслиги, ижро ҳокимияти ва вакиллик органлари ажратилишини маълум қилди (www.gazeta.uz, 2 февраль).

“Айни пайтда вакиллик ва ижро органининг раҳбари ҳоким. Вақти-соати келиб, бу иккаласи ажратилади. Ҳозирча ҳоким вакилларга кўпроқ эркинлик бериши лозим. Бўлмаса, ҳоким нима деса, депутатлар қўл кўтариб ўтираверади”, деган Сенат раиси Сирдарё вилоят ҳокимлигида ўтказилган маҳаллий кенгаш депутатлари билан учрашувда.

Т. Норбоева вакиллик ва ижро органлари айнан қачон ажратилишига ойдинлик киритмаган.

Президент Шавкат Мирзиёев ҳам “бир раҳбар одам ҳам ҳоким, ҳам кенгаш раиси бўлолмаслиги”ни таъкидлаб келади.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йил 22 январда президент фармони билан тасдиқланган давлат дастурига кўра, халқ депутатлари кенгаши ваколатларини кенгайтириш мақсадида 2018 йил 1 майга ҳокимнинг кенгаш раҳбари сифатида мақомини бекор қилиш тўғрисида қонун лойиҳаси тайёрланиши лозим эди. Аммо лойиҳа ҳозирга қадар тайёрланган эмас.

Ўзбекистон иқтисодиёти коронавирус туфайли қийинчиликка дуч келиши башорат қилинди


Ўзбекистон иқтисодиёти Хитойдаги коронавирус туфайли қийин шароитларга дучор бўлиши мумкин (www.daryo.uz, 5 февраль). Бу ҳақда Fitch Solutions компаниясининг шарҳида сўз боради.

Мазкур ширкат таҳлилчиларининг фикрича, 2020 йилда Ўзбекистон иқтисодиётининг реал ўсиши 5,4 фоизгача пасаяди. 2019 йилда бу кўрсаткич 5,6 фоиз бўлиши тахмин қилинган эди.

Бунинг сабаби ташқи чекловлар, жумладан, Уханда коронавируснинг тарқалишидир. Мазкур ҳолат Хитойнинг ўсиш истиқболлари учун, айниқса, савдо ва импортга жиддий хавф туғдиради. Ўзбекистон экспортининг энг катта улуши эса айнан Чин ўлкасига тўғри келади.

Қайд этилишича, ўзбек сўмининг қадрсизланиши ва инфратузилманинг сустлашиши оқибатида инфляциянинг ошиб бориши иқтисодий вазиятнинг тобора беқарорлашувига олиб келади. Таҳлилларга кўра, Ўзбекистон жаҳон иқтисодиётига савдо ва инвестициялар орқали боғлангани туфайли мамлакат кескин иқтисодий инқирозга дуч келиши мумкин.

Вазир Шерматов: “Пул ёмон деган тушунча билан биз узоққа боролмаймиз!”


Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов болаларни пул топишга ўргатиш борасидаги фикрлари билан ўртоқлашди (www.kun.uz, 3 февраль). Вазирга кўра, Ўзбекистон кўп йиллар социалистик тузумда яшагани сабаб одамлар онгида пулга нисбатан салбий қараш шаклланган.

“Мана, масалан, бу ҳақида битта пост қўйсам ҳам, унинг тагида изоҳлар кўряпман: “Эй вазир, ноинсоф, сен нима учун пул ҳақида гапиряпсан?!” Яъни болани пул топишга ўргатиш дегани худди бир салбий, ёмон нарсадек. Пул ёмон деган табиат билан биз узоққа бормаймиз. Пул топиш ёмон бўладиган бўлса, биз фақат камбағал давлатга айланиб қоламиз”, деган Ш. Шерматов.

Вазир мисол сифатида америкалик 9 ёшли видеоблогер бола 1 йилда 26 миллион доллар ишлаганини келтирган.

“Пул ёмон нарса эмас. Бой бўлсангиз, кўпроқ одамга ёрдам бера оласиз, кўпроқ одамга яхшилик қила оласиз… Пулни ёмон кўрсангиз, пул сиздан қочади. Бу нарсани айтсам, эски дунёқарашдаги одам мени албатта тошбўрон қилади”, деган вазир Ш. Шерматов.

XS
SM
MD
LG