Линклар

Шошилинч хабар
18 январ 2020, Тошкент вақти: 05:25

OzodDayjest: Ўзбекистонда “суррогат она” амалиётини жорий этиш таклифи жиддий баҳс уйғотди


Иллюстратив сурат.

Вазир Умурзоқов ва ҳоким Ортиқхўжаевнинг гапи бир жойдан чиқмади. Ўзбекистон қонунчилигига “суррогат она” тушунчасини киритиш таклиф этилмоқда. Масъул амалдор пенсия ёши ўзгариши муқаррар эканини айтди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

_____________________________________________________________

Инвестиция вазири Ўзбекистонга хориж сармоядорлари келмаётгани сабабларини айтди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида депутатлар қаршисида ҳисобот берган Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов мамлакатга хориж сармоясини жалб этишга тўсиқ бўлаётган жиддий муаммолар мавжудлигини тан олди (“Жамият”, 8 февраль). Қайд этилишича, республикадаги ҳар битта туманда инвесторларни жалб қилиш, уларга жой ажратиш борасида сусткашликка йўл қўйилмоқда. Жойлардаги ички сармояга масъул мансабдорлар ҳозирга қадар фақат статистика билан шуғулланиб келмоқда. Инвестиция бўйича ҳоким ўринбосарлари эса қандай ишлашни билмайди. Айрим вилоятларда эркин иқтисодий зоналарнинг аниқ ҳисоб-китобсиз жойлаштирилиши, айрим фаолият турлари учун сунъий имтиёзлар берилиши соғлом рақобат муҳитининг бузилишига олиб келмоқда. Айрим эркин иқтисодий зоналарда муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш ва инфратузилма объектларини қуриш охирига етказилмаётгани, тижорат банкларининг ташаббус кўрсатмаётгани ҳам сармоядорларни жалб этишга тўсқинлик қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, бир неча кун аввал Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев хориж сармоядорлари қурилиш соҳасига пул тикмаётганига асосий сабаб сифатида оммавий ахборот воситаларида танқидий материалларнинг кўп берилаётганини кўрсатган эди. Тадбиркор-ҳоким кўпроқ сармоя жалб этиш учун журналистларни мавжуд воқеликни ижобий ракурсда кўрсатиш – “ижобий PR” билан шуғулланишга ундаган эди.

Депутат сунъий уруғлантиришга оид қонун йўқлиги сабаб йилига 10 миллион доллар четга чиқиб кетаётганидан ёзғирди

Ўзбекистон қонунчилигига “суррогат она” тушунчасини киритиш таклиф этилмоқда. Парламентда муҳокама этилаётган “Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасида ана шу жиҳат кўзда тутилган (“Даракчи”, 14 февраль). Қайд этилишича, қонунда ЭКО, яъни сунъий экстракорпорал уруғлантириш амалиётига рухсат бериш белгиланган. “Суррогат она” хизматига қонунан рухсат бериш таклифи Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари орасида жиддий мунозаралар уйғотган. Депутат Нодир Мухторовга кўра, “суррогат она” амалиёти жорий этилиши никоҳсиз фарзанд дунёга келишига қонуний асос яратади. Депутат Алия Юсупова эса мазкур хизмат одам савдосининг яширин шакли эканини таъкидлаган. Газетанинг эслатишича, Ўзбекистон мусулмонлари идораси сунъий уруғлантиришни ўта зарур ҳолларда, эр ва хотин орасидагина амалга оширишга изн берган. Мусулмонлар идораси фатвосига кўра, уруғлантириш жараёнига учинчи шахс, яъни “суррогат она”нинг жалб этилиши тақиқланади.

Депутат Раҳим Ҳакимов эса қонунчиликка “суррогат она” тушунчаси киритилиши кераклигини айтган. Унга кўра, мазкур қонун мажбурий эмас, яъни диний эътиқоди изн бермаганлар “суррогат она” хизматидан фойдаланмаслиги мумкин. Р. Ҳакимовнинг айтишича, сунъий уруғлантиришга оид қонун йўқлиги сабаб ўзбекистонлик оилалар бепуштликдан даволаниш учун хорижга боришга мажбур бўлмоқда ва мамлакатдан йилига 10 миллион доллар четга чиқиб кетмоқда.

Пенсия жамғармасининг даромади харажатини қопламай қолиши тахмин қилинди

Ўзбекистон ватандошларининг иш стажи камайиб, пенсия олиш даври ҳозиргидек узайиб бораверса, маълум йиллардан кейин пенсия жамғармасининг даромадлари харажатларини қопламай қолади, дейди Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси директори Ёрқин Турсунов (“Оила даврасида”, 14 февраль). Жамғарма раҳбарига кўра, айни пайтда мамлакатда пенсия ёшини тўғридан-тўғри оширмай, уни иш стажига боғлаш таклиф этилмоқда. Дейлик, эркак киши 35 йил ишлаган бўлса – 59 ёшда, 30 йил ишлаган бўлса – 60 ёшда, 25 йил ишлаган бўлса – 61 ёшда, 20 йил ишлаган бўлса – 62 ёшда, 15 йил ишлаган бўлса – 63 ёшда, 10 йил ишлаган бўлса – 64 ёшда ва умуман стажи бўлмаса – 65 ёшда пенсияга чиқиши таклиф этилмоқда. Қайд этилишича, бу шунчаки лойиҳа бўлиб, у кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилади. Аммо, жамғарма раҳбарига кўра, ҳар қандай ҳолатда ҳам амалдаги 55 (аёллар учун) ва 60 (эркаклар учун) пенсия ёши ўзгариши муқаррар.

XS
SM
MD
LG