Линклар

Шошилинч хабар
14 октябр 2019, Тошкент вақти: 05:57

Ўзбек матбуоти ўқитувчилар мактабдан ташқари ишларга жалб этилишини танқид қилмоқда


Тошкентда нотариус аёл порахўрлик учун 5 йилга кесилди. Ўқитувчиларни ҳашар ишларига жалб этиш тўхтатилиши талаб этилди. Намангандаги коллежларда электр мунтазам узиб қўйилаётгани ўқиш сифатига салбий таъсир кўрсатмоқда. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

________________________________________________________________

Тошкентда нотариус аёл меросни расмийлаштириш эвазига пора талаб қилди

Тошкент вилояти Юқоричирчиқ туманида катта нотариус сифатида фаолият юритган нотариус аёл порахўрлик учун 5 йилга озодликдан маҳрум этилди (“Ҳуқуқ”, 23 февраль). Исми ошкор этилмаган нотариус мерос бўйича мурожаат қилган фуқарони сарсон-cаргардон қилган, ҳужжатларни тайёрлаб келганидан кейин ҳам ишни пайсалга солган. Пировардида нотариус аёл меросни расмийлаштиришни тезлаштириш эвазига 200 АҚШ доллари талаб қилган. Ноилож қолган фуқаро пора миқдорини амаллаб 100 долларга туширган. Кейин эса бу ҳақда ҳуқуқ-тартибот идораларига хабар берган. Катта нотариус пора олаётганда қўлга туширилган. Суд катта нотариусни маълум муддатга мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан ҳам маҳрум этган.

Матбуот: Ўқитувчиларни қишлоқ хўжалиги ишларига жалб этиш тўхтатилсин!

Халқ таълим тизимида сифат ва самарадорликка эришиш учун ўқитувчиларни ободонлаштириш ишларига жалб этишни тўхтатиш керак (“Даракчи”, 23 февраль). Бу фикр таълим тизимидаги муаммоларга оид сўров жараёнида фуқаролар томонидан билдирилган. “Қишлоқ хўжалик ишларига ҳам уларни банд қилишлари сифатли таълим беришга халақит беради. Яна бир энг муҳим муаммо: синфларда ўқувчилар контингенти масаласи. Масалан, мактабларда битта синфда 40 нафардан ортиқ ўқувчи бор... Бу ҳолат билан умумтаълим тизимида сифат самарадорлиги бўлиши ҳақида гап бўлиши мумкин эмас”, дейди Андижондан Насиба Раҳмонова. Шунингдек, мақолада ўқитувчиларга устама ҳақ тайинлаш жараёнида ҳудудларда таниш-билишчиликка йўл қўйилаётгани танқид қилинган.

Ҳафта саволи: Коллежларда электр мунтазам узилса ва хоналар совуқ бўлса ўқувчини дарсга қандай қизиқтириш мумкин?

Наманган вилоятидаги айрим коллежларда электр мунтазам узиб қўйилаётгани боис ўқувчилар компьютер ва бошқа техник воситалардан фойдалана олмаяпти (“Оила ва жамият”, 22 февраль). Электр танқислиги боис ўқитувчилар дарсларни кўпинча назарий жиҳатдан тушунтиришга мажбур бўлмоқда, бу эса ўз навбатида давомаднинг 35-40 фоизга тушиб кетишига сабаб бўлмоқда. “Мавжуд компьютер воситаларидан фойдаланиш имкони йўқ бўлса, бунинг устига синфхоналар совуқ бўлса, ўқувчини дарсга қандай қизиқтириш мумкин?” деган исмини ошкор этишни истамаган тажрибали педагог. Газетага кўра, ўқувчиларнинг давомади билан боғлиқ бу каби муаммоларни мамлакатнинг кўплаб коллежларида учратиш мумкин.

Ўзбекистондаги қайси туман ишчилари ойликни тўлиқ нақд пулда олиши маълум қилинди

Ўзбекистон Президентининг февралдаги қарорида мамлакатдаги бир қатор туманлар бюджет ташкилотлари ходимлари ойлик маошни тўлиқ нақд пулда олиши белгиланган эди. “Оила даврасида” газетаси Адлия вазирлиги матбуот хизматига таянган ҳолда ўша олис ва тоғли туманлар рўйхатини эълон қилди.

XS
SM
MD
LG