Линклар

Шошилинч хабар
12 декабр 2019, Тошкент вақти: 00:46

OzodDayjest: Мутахассис Фарғонада динозавр қолдиғи топилгани ҳақидаги хабарни ҳақиқатдан йироқ деб атади


Тиббиёт ходимларига қўл кўтарган муштумзўрларга қаттиқроқ жазо бериш таклиф этилмоқда. Прокуратура Тошкент шаҳрида янги маҳалла марказларини бунёд этиш жараёнида аҳоли розилигини олмасдан биноларни бузиш ва қурилиш қилиш ҳолатларини аниқлади. Динозавр суяги топилгани ҳақидаги навбатдаги шов-шувли хабар асоссиз бўлиб чиқди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

_____________________________________________________________

Соғлиқни сақлаш вазирлиги шифокорларни калтаклаш ҳолати авж олаётганидан хавотир билдирди

Ўзбекистонда шифокорларни асоссиз айблаш ва уларни калтаклаш ҳолатлари кўпайиб бормоқда (“Инсон ва қонун”, 19 февраль). Соғлиқни сақлаш вазирлиги (ССВ) юридик бўлими бошлиғи Руслан Муҳаммадиевга кўра, амалдаги жиноят қонунчилигида хизмат вазифасини бажариб турган тиббиёт ходимига нисбатан тажовуз учун енгил жазо белгиланган. Оқибатда, шифокорларга оғир жароҳат етказганлар ҳам жазо ўтамасдан осонгина қутулиб қолмоқда. Шу боис, ғайриқонуний тажовузга учраган шифокорларнинг бештадан биттасигина ҳуқуқ идораларига мурожаат қилмоқда. Қайд этилишича, 2018 йилда биргина Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг 30 га яқин ходими калтакланган. Айни вақтда ССВ хизмат вазифасини бажараётган тиббиёт ходимига нисбатан тажовузларни Жиноят кодексининг 277-моддаси билан малакалаш ва ушбу ҳолатни оғирлаштирувчи ҳолат деб баҳолашни таклиф этмоқда. Аммо Адлия вазирлиги бу борада қонунчиликда белгиланган жазони етарли деб ҳисоблайди. Вазирлик бошқарма бошлиғи ўринбосари Фурқат Тожиевга кўра, ССВ таклиф этаётган лойиҳа қабул қилинса, назарий жиҳатдан шифокорга бир шапалоқ урган шахс 5 йилга қамалиши мумкин. Адлия вазирлиги вакили ушбу масалани атрофлича таҳлил қилишга ундаган.

Мутахассис Фарғонада динозавр қолдиғи топилгани ҳақидаги хабарни ҳақиқатдан йироқ деб атади

Фарғона вилояти Риштон туманидан динозавр қолдиқлари топилгани ҳақидаги хабар ҳақиқатдан йироқ (“Даракчи”, 21 февраль). Аввалроқ “Халқ сўзи” газетаси сайтида (xs.uz) Янгийўл қишлоғидаги хонадонлардан бирининг поли остидан динозавр суяклари қолдиғи топилгани ҳақида хабар чоп этилган эди. Ўзбекистон давлат геология музейи директорига Аҳмаджон Аҳмедшаевга кўра, суяк қолдиқларининг динозаврга умуман алоқаси йўқ. Қайд этилишича, бу ўринда гап 130-180 миллион йил аввал яшаган ҳайвонлар ҳақида кетмоқда ва ушбу давр ичида жониворларнинг суяк қолдиғи Риштондаги каби соф ҳолда сақланиши мумкин эмас. Суяк қолдиқлари эса тўқай мушугига тегишли экани тахмин қилинмоқда. Мутахассисга кўра, 2015 йилда ҳам Сирдарёнинг Ховосидан динозавр суяклари қолдиғи топилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлган, пировардида улар асоссиз экани маълум бўлган.

XS
SM
MD
LG