Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:52

OzodDayjest: Жиззахлик йигит интернетдаги фирибгарлик боис $10000 дан айрилди


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Фориш туманида яшовчи йигитни “африкалик қариндоши” чув тушириб кетди. Савдо-саноат палатаси расмийси мамлакатда мавжуд бюрократик тўсиқларни енгишга ташкилот ваколати етмаётганини айтди. Наманганда мажбурий ижро бюроси ходими калтакланди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

_____________________________________________________________

Жиззахлик йигитни Африкадаги “қариндош”и 10 минг долларга чув туширди

Жиззах вилояти Фориш туманида яшовчи Комрон Келдиев интернет орқали амалга оширилган йирик фирибгарлик қурбони бўлди (“Постда”, 24 февраль). Форишлик йигит ижтимоий тармоқда ўзини Станислав Келдиев деб таништирган кимса билан танишади. У Африка давлатларидан бирида яшаши, отаси татар, онаси рус бўлиб, бобоси Фориш туманида яшаганини айтади. Шу тариқа улар қариндош тутинишади ва ижтимоий тармоқда тез-тез гаплашиб туришади. Кунларнинг бирида Станислав Келдиев ўрнига алоқага бошқа одам чиқиб, унинг адвокати Роберт Жексон экани, мижози тўсатдан вафот этгани ҳақида хабар беради. С. Келдиев бир неча қариндоши, жумладан, Комронга ҳам 10 миллион АҚШ доллари мерос қолдиргани, фақат бу пуллар Европадаги нуфузли банкда сақланаётгани, уларни олиш учун ҳужжат расмийлаштиришга 10 минг доллар кераклигини айтади. Ёлғонларга ишонган форишлик йигит танишларидан қарз олиб, айтилган банкка пулни юборади. Пул юборилгач, Роберт Жексон ҳам, унинг ижтимоий тармоқдаги саҳифаси ҳам ғойиб бўлади. Ички ишлар идорасига мурожаат қилган йигитга у фирибгарлик қурбони бўлгани тушунтирилади. Ўзларининг Африкада эканини иддао қилган фирибгарлар тутилганми, йўқми – бунга аниқлик киритилмаган.

Савдо-саноат палатаси расмийси мамлакатда бюрократик тўсиқлар кўплигини айтди

Ўзбекистон савдо-саноат палатаси раисининг биринчи ўринбосари Ислом Жасимов жойларда бюрократик тўсиқлар кўп экани, аммо уларни енгишга баъзан ташкилот ваколати етмаётганини айтди (“Жамият”, 23 февраль). “Биз мурожаат қилган ҳар бир тадбиркорни эшитамиз, уни қийнаётган муаммони имкон даражасида ижобий ҳал этишга ҳаракат қиламиз. Афсуски, айрим ҳолларда тадбиркорларнинг поймол этилган ҳуқуқларини тиклашга ваколатимиз етмайди. Кўп жойларда бюрократик тўсиқларга учраяпмиз”, деган Савдо-саноат палатаси раиси муовини. Қайд этилишича, илгари тадбиркорлар орасида соғлом рақобат йўқ эди, кимларнингдир йўли очиқ, кимларнингдир йўлида эса сунъий ғовлар бор эди. Айни пайтда бундай ҳолларга чек қўйилмоқда. Ислом Жасимовга кўра, бугунги кунда тадбиркор йўлига тўсиқ бўлиш давлатга хиёнат даражасида баҳоланмоқда.

Наманганда мажбурий ижро бюроси ходимларига нисбатан зўравонлик содир этилди

Наманган вилояти Поп тумани Чодак қишлоғида Мажбурий ижро бюросининг туман бўлими ходимларига зўравонлик қилинди (“Ҳуқуқ”, 1 март). Бюро ходимлари Адҳамжон Обидов ва Бахтиёр Камолов Чодак қишлоғидаги Шамсиддин Ҳасанов хонадонида электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш бўйича далолатнома ёзаётганида, шу маҳаллада яшовчи Шавкатжон Юсупов маст ҳолда ҳовлига кириб келган. Сўнг безорилик қилиб, далолатномани йиртиб ташлаган, “Сенлар одамлардан пул талаб қиляпсан”, дея Бахтиёр Камоловнинг юзига мушт туширган. Маст ҳолдаги ватандошни ушлаш учун ички ишлар ходимлари чақирилган.

XS
SM
MD
LG