Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:12

OzodDayjest: Давлат тест маркази монополиясига барҳам бериш таклиф этилмоқда


Тест топшираётган абитуриентлар (иллюстратив сурат).
Тест топшираётган абитуриентлар (иллюстратив сурат).

Бозорларда сунъий тухум сотилаётгани ҳақидаги хабарга аниқлик киритилди. Матбуот Ўзбекистонда тест жараёни Давлат тест маркази назоратида қолаётгани ва бугун ушбу монополияга барҳам бериш вақти келгани ҳақида ёзмоқда. Бош прокурор Сирдарёда жиноятчиликка қарши кураш ҳолатини танқид қилди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

_____________________________________________________________

Ўзбекистон бозорларида сунъий тухум сотилаётгани ҳақидаги овоза рад этилди

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон бозорларида сунъий – “резина” тухумлар сотилаётгани ҳақида хабар тарқалган эди. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси ўринбосари Ҳамза Мардиев мазкур хабарларни рад этди (“Даракчи”, 28 февраль). Қайд этилишича, Ўзбекистонда тухум шундоқ ҳам арзон (350 сўмдан 700 сўмгача) ва маҳсулотнинг сунъийлаштиришга эҳтиёж йўқ. “Истеъмолчиларга дадил айтамизки, бизнинг республикада сунъий тухум йўқ. “Ўрикзор” бозоридаги тухумлар текшируви натижаси бунинг исботи”, деган Ҳ. Мардиев. Қайд этилишича, бозорда қиммат нархда тухум сотувчи шахслар ўз маҳсулотларини баҳосини туширмаслик ва арзон тухумларни “ёмонотлиқ” қилиш мақсадида миш-миш тарқатиб харидорларни чалғитишга уринаётган бўлиши мумкин. Тиббиёт фанлари доктори Муяссар Муҳамедовага кўра, кимёвий йўл билан олинадиган “резина” тухумлар истеъмоли асаб тизимини ишдан чиқаради, ақлий фаолиятга ҳам салбий таъсир кўрсатади.

Ўзбекистондаги тест ислоҳоти Россияда танқидга учраган ЕГЭ тизимини эсга солмоқда

Ўзбекистонда 2020 йилдан олий ўқув юртларига кириш имтиҳонида тест топшириладиган фанлар 3 тадан 5 тага етади (“Инсон ва қонун”, 26 февраль). Давлат тест маркази она тили, математика ва Ўзбекистон тарихи фанларини мажбурий қилмоқчи. Абитуриентлар, шунингдек, иккита ихтисослик фани бўйича тест топшириши талаб этилади. “Бу таклиф Россияда 2009 йилдан бери амал қилиб келаётган ва бугун самарасизлиги туфайли кўплаб танқидларга учраётган ЕГЭ тизимини эсга соляпти”, деб ёзади газета. Айни пайтда, тест жараёни Давлат тест маркази назоратида қолаётгани ва бугун ушбу монополияга барҳам бериш вақти келгани таъкидланган. Қайд этилишича, абитуриентларнинг билимларини баҳолаш аутсорсинг асосида бошқа таълим ташкилотларига ҳам топширилиши мумкин. Масалан, ўзбек тили бўйича ягона стандарт Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, тарих ва математика бўйича стандартлар яна бошқа университетларга топширилиши мақсадга мувофиқдир.

Бош прокурор Сирдарёда жиноятчиликка қарши кураш ҳолатини танқидий баҳолади

Бош прокурор Отабек Муродов бошчилигидаги йиғилишда Сирдарё вилоятида жиноятчиликка қарши кураш ҳолати танқидий баҳоланди (“Постда”, 23 февраль). Қайд этилишича, Гулистон ва Сирдарё туманидаги дам олиш масканларида ҳуқуқбузарликлар тез-тез содир бўлмоқда. Оила-турмуш доирасидаги жиноятлар ҳам юқорилигича қолмоқда. Ҳисобот даврида 297 та жиноят ёшлар, 272 та жиноят хотин-қизлар томонидан содир этилган. Вилоятда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ишлар ҳам талаб даражасида эмас. Бинобарин, ўтган йили рўй берган 460 та йўл-транспорт ҳодисасининг 64 таси ўлим билан якун топган. Мажлисда рақамлар кетидан қувиш эмас, жиноятчиликни камайтириш бўйича амалий ишлар қилиш лозимлиги таъкидланган.

XS
SM
MD
LG