Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 09:53

OzodDayjest: Олий Мажлис прокуратура қўллаган “фашистик қийноқлар”ни кескин қоралади


Омбудсман Улуғбек Муҳаммадиев парламент депутатлари ҳузурида.
Омбудсман Улуғбек Муҳаммадиев парламент депутатлари ҳузурида.

Таниқли журналист коррупцияга қарши курашнинг самарадор йўлидан баҳс этди. Депутатлар Омбудсманни терговдаги қийноқлар борасида сусткашлик қилаётганликда айблади. Самарқандда ҳомиладор аёл ва унинг 5 яшар ўғлини симёғоч босиб қолди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

_____________________________________________________________

Ўзбекистонда коррупция илдизига болта уришнинг энг мақбул йўли айтилди


Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш аксар ҳолларда йиғилиш ўтказиш ва чиройли расмлар билан матбуотда эълон қилиш даражасида қолмоқда (“Даракчи”, 27 февраль). Давлат идоралари, турли комиссия ва ҳайъатлар ҳам ўз сафидаги коррупция билан, яъни ўз-ўзи билан самарали кураша олмаяпти. Оқибатда коррупция халқни қашшоқлаштириб, давлатни емирмоқда. Мамлакатда коррупция ботқоғига ботмаган соҳа қолмаган; туғруқхонадан то қабристонгача коррупция бор – яхши пул бермасанг, тузукроқ ердан қабр ҳам ололмайсан. Журналист ва эксперт Карим Баҳриевга кўра, балиқ бошидан сасиган бўлса, бошидан тозаланиши тўғрироқдир. Акс ҳолда, коррупциянинг сабаблари билан эмас, оқибатлари билан курашилади, холос.

Қайд этилишича, коррупция ошкораликдан қўрқади. Шу боис унинг илдизига болта уриш учун давлат лойиҳаларида очиқликка йўл очиш, чорак аср ҳукм сурган коррупцияни юзага келтирган шахслар ўрнига ҳалол кадрларни амалга келтириш, парламент, матбуот, судларга ҳаққоний эркинлик бериш лозим.

Бош прокуратурадаги даҳшатли қийноқлар бўйича Омбудсман танқид қилинди


Олий Мажлис Қонунчилик палатаси йиғилишида парламент Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг 2019 йилдаги фаолияти танқидий кўриб чиқилди (www.qalampir.uz, 25 февраль). Депутатларга кўра, Омбудсман терговдаги қийноқлар борасида сусткашлик қилмоқда. Бу борада Qalampir.uz сайтида эълон қилинган “Бош прокуратурадаги даҳшатли қийноқлар” номли фильм мисол сифатида келтирилган. Депутатлар прокуратура терговчилари томонидан қўлланган қийноқ усулларини “фашистик” деб атаган. Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов Омбудсман Улуғбек Муҳаммадиевга ушбу масала юзасидан Бош прокуратура бошлаган текширувда ҳамкорлик қилиш ва иш якуни бўйича ҳисобот топшириш вазифасини юклаган.

Эслатиб ўтамиз, “Бош прокуратурадаги даҳшатли қийноқлар” фильмида 2017 йилнинг кузида “Бекобод металлургия иши” бўйича турли жиноятларда айбларган фуқароларга нисбатан қийноқлар қўллангани ҳикоя қилинган. Фильмга кўра, тергов вақтида прокуратура ходимлари гумонланувчиларни аёвсиз калтаклаган, бошига “целлофан” пакет кийдирган ва бошқа жисмоний ва руҳий тазйиқ усулларини қўллаган.

Бош прокуратура фильмда тасвирланган ҳолат бўйича текширув бошланганини маълум қилган.

Самарқандда ҳомиладор аёлни симёғоч босиб қолди


Самарқанднинг Маҳмуд Кошғарий кўчасида 35-мактаб олдида ҳомиладор аёл ва беш ёшли ўғлини симёғоч босиб қолди (www.repost.uz, 21 февраль). Ҳодиса гувоҳларининг таъкидлашича, аввалига қарсиллаган овоз, сўнг боланинг йиғиси эшитилган. Шундан сўнг бир неча киши воқеа жойи яқинидан ўтиб кетаётган “тез ёрдам” машинасини тўхтатган. Аммо шифокорлар бошқа чақириққа кетаётганини рўкач қилиб, ёрдам бермаган.

Бу орада одамлар аёлни cимёғоч остидан чиқариб, касалхонага олиб борган. Эътиборли томони, ёрдам бериш учун тўхтаган такси ҳайдовчиси жабрланган аёлнинг турмуш ўртоғи бўлиб чиққан.

Ҳодиса оқибатида аёлда мия чайқалиши ва тан жароҳатлари қайд этилган. Боланинг эса оёғи жароҳатланган. Таъкидланишича, аҳоли симёғоч авария ҳолатида тургани ҳақида бир неча бор шикоят қилган, аммо расмийлар тегишли чора кўрмаган.

XS
SM
MD
LG