Линклар

Шошилинч хабар
20 октябр 2020, Тошкент вақти: 08:54

OzodDayjest: Фарғонада ИИБ мансабдори адвокатни ҳайдаб солди


Иллюстратив сурат.

Фарғона шаҳри ИИБ бўлим бошлиғи адвокатни ҳайдаб чиқарди. Хонанда Анвар Санаев катта мансабдорнинг тўйига бормагани сабаб “запрет”га тушган. Сирдарёлик йигит севган қизини пичоқлаб ўлдирди.

_____________________________________________________________

ИИБ масъули адвокатни ҳимояси остидаги шахс билан кўриштирмади


Фарғона шаҳри ИИБ бўлим бошлиғи адвокат Дилмурод Мадраҳимовга ҳимояси остидаги шахс билан кўришишга рухсат бермай, уни ҳайдаб чиқарди (www.xabar.uz, 25 февраль).

Андижон шаҳридаги “А.С.Ҳуқуқ” адвокатлик ҳайъати адвокати Дилмуроджон Мадраҳимовга кўра, 24 февраль куни ҳузурига фуқаро келиб, отаси Фарғона вилояти ички ишлар ходимлари томонидан олиб кетилгани ва шундан бери дараги йўқлигидан хавотир билдириб, унинг ҳуқуқ-манфаатларини ҳимоя қилишини сўрайди.

Адвокат зудлик билан Фарғона вилоятига йўл олади ва ҳимояси остидаги шахснинг Фарғона шаҳри ИИОФМБ (Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси) 4-сонли бўлимида сақланаётганини аниқлайди. Соат 19:00 ларда мазкур бўлим бошлиғи Аҳад Йўлчиев билан учрашиб, унга адвокатлик гувоҳномаси ва ордерини тақдим этган ҳолда ҳимоясидаги шахс билан учрашиш учун рухсат сўрайди. Аммо унга рад жавоби берилади ва ҳайдаб чиқарилади.

Адвокат ўша заҳоти Фарғона шаҳри прокурори қабулига боради, аммо прокурор ҳузурига киритилмайди. Қайд этилишича, ушбу ҳолат бўйича бош прокуратурага ҳам мурожаат қилинган ва эндиликда қонунбузар ИИБ вакилига чора кўрилиши кутилмоқда.

Адвокатга кўра, ҳимояси остидаги шахс ғайриқонуний тарзда, ғайриинсоний шароитда сақланмоқда.

Хонанда Анвар Санаев 5 йиллик “запрет” сабабини очиқлади


Хонанда Анвар Санаев беш йил давомида телеканалларда тақиқда бўлгани сабаби ҳақида илк бор гапирди (www.daryo.uz, 24 февраль). “Давлат раҳбарларидан биттасининг тўйига айтишди. “Бухорога бориб, ўша тўйни ўтказиб келасан” дейишди. “Майли, ҳаракат қиламиз” дедим. “Бу учун сенга ҳеч қанақа пул тўланмайди, ўзинг бориб, ўтказиб, ўзинг қайтиб келасан” дейишди. “Қанақасига, мен ёнимдаги болаларга ҳам ўзим пул тўларканман-да” десам, “Ҳа, шундай қиласан” дейишди”, дея ҳикоя қилади хонанда.

Қайд этилишича, хонанда ҳеч бўлмаса тўйга бориб келиш учун самолёт чиптаси олиб беришни сўраган, талаби рад этилгач, каттаконнинг тўйига бормаган. Эртасигаёқ унинг телеканалларда чиқиши оғзаки буйруқ асосида тақиқланган. Шу тариқа “запрет” беш йилга чўзилган.

“Бир инсонга ҳавони тўхтатиб қўйишса қандай бўладиган бўлса, санъаткорга ҳам эфир шу даражада керакли вақтлар эди ўшанда. Интернет йўқ, телеканаллар саноқли эди”, дея хотирлаган А.Санаев.

Хонанда тақиқ сабабчиси бўлган амалдор номини очиқламаган.

Эслатиб ўтамиз, хонанда Анвар Санаев АҚШ, Германия, Россия, Ҳиндистон давлатларида ҳам яккахон концерт дастурларини тақдим этган.

Сирдарёда ошиқ йигит маъшуқасини чавақлаб ўлдирди


Сирдарё вилояти Боёвут туманида севишганларнинг никоҳсиз муносабати пировардида қотиллик билан якунланди (“Инсон ва қонун”, 25 февраль). “Дўстлик” маҳалласида котиб вазифасида ишлаган Ғиёсжон Қосимов маҳалладоши Муҳаббат Нусратуллаева билан учрашиб юрган. Пинҳона дийдорлашувлардан бирида қиз номусидан айрилган. Йигит бошқа қизга уйланиш ниятини билдиргач, М. Нусратуллаева номусини топтагани учун уни қаматишини айтган. Ғ. Қосимов эса маъшуқасини пичоқлаб ўлдирган. Жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилояти суди Ғ. Қосимовга 17 йилу 6 ой озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинлаган.

Бош прокуратура маълумотига кўра, 2019 йилда Ўзбекистонда қотилликларнинг 28 фоизи эр-хотин, ака-ука ва ота-ўғиллар ўртасида юз берган.

XS
SM
MD
LG