Линклар

Шошилинч хабар
17 июл 2019, Тошкент вақти: 19:41

Президентлар афв этгач, Эстония билан Россия жосусларни алмаштирди


Эстониялик бизнесмен Райво Суси ушбу мамлакат жануби-шарқидаги чегара постида Россия ватандоши билан алмаштирилди.

Эстония ҳокимият идоралари Эстония билан Россия икки нафар жосусликда айбланган кишини президентлар афв этгандан сўнг алмашганини хабар қилди.

Расмийлар 10 февралда тарқатган хабарга кўра, эстониялик иш одами Райво Эстония жануби-шарқидаги Койдула чегара постида Россия ватандоши Артём Зинченкога алмашилди.

– Эстония давлати ватандошларига қўлидан келганча ёрдам беради, – деди ушбу Болтиқбўйи мамлакати хавфсизлик полицияси раҳбари Арнолд Синисалу. – Эстония бу ерда жиноят содир қилган жосусни Россияга чиқариб юборди, шу тариқа эстониялик иш одами узоқ вақт Россияда ушлаб турилгандан сўнг яқинлари ёнига қайтиш имконига эга бўлди.

Эстониялик киши 2016 йил февралда Москва аэропортида 2004-2007 йилларда жосуслиги гумон қилинган фаолияти сабаб ҳибсга олинган эди. У 2017 йили 12 йилга кесилди ва жазони қаттиқ режимли қамоқда ўтаётганди.

Учоқлар сотуви ва таъмири билан шуғулланадиган иккита компания эгаларидан бири Суси Марказий Осиёнинг бир мамлакатига кетаётган пайт ҳибсга олинган.

Таллин суди эса Зинченкони ўтган йили Россиянинг ГРУ ҳарбий разведка хизмати фойдасига жосуслик билан шуғуллангани учун беш йилга қамади.

Эстонияда 2013 йилдан бери яшаб турган Зинченко миллий хавфсизлик хизматига зарар етказувчи разведка маълумотларини йиққани ва узатиб тургани учун айбдор деб топилган эди.

Болтиқбўйининг айни пайтда НАТОга аъзо собиқ совет республикалари Эстония, Латвия ва Литва Москванинг минтақадаги ниятларидан хавотир билдириб келади.

Бунга Россия 2014 йили Украинанинг Қрим ярим оролини босиб олгани ва унинг шарқидаги бўлгинчиларни дастаклай бошлагани сабабдир.

Эстония билан Россия ўртасида олдин ҳам маҳбуслар алмашилган.

Хусусан, 2015 йили Россия жосуслик ва бошқа айбловлар билан 15 йилга кесилган эстониялик зобит Эстон Коҳверни озод қилди. У қўйиб юборилишидан олдин Россия қамоқларида 1 йилу 1 ойча ўтирди.

Унинг эвазига расмий Таллин Эстонияда Москва фойдасига жосуслик қилгани учун 16 йиллик қамоқ жазосини ўтаётган Алексей Дрессенни қамоқдан бўшатди. У Эстониянинг хавфсизлик хизмати зобити бўлибишлаётган эди.

Дрессен 2012 йил февралида қамоққа олинди ва Эстония 1991 йили мустақиликка эришгандан сўнг Россияга махфий маълумотларни бериб тургани учун айбдор деб топилди.

2015 йил майида Эстония Ташқи ишлар вазирлиги икки рус дипломатини, сабабини айтмай туриб, мамлакатдан чиқариб юборганини билдирган.

Baltic ахборот агентлиги улар Россиянинг Нарва шаҳридаги бош консули Дмитрий Казённов ва консули Андрей Сургаев экани ҳақида хабар берган.

– Бу яна бир нодўстона ва сабабсиз қадам бўлди ва жавобсиз қолмайди,– дея ўз вақтида огоҳлантирган эди Россия Ташқи ишлар вазирлиги.

XS
SM
MD
LG