Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:24

Профессионал бокс чемпионларига олти ойдан бери соврин пули берилмаяпти


15 сентябрь куни Самарқандда якунланган профессионал бокс бўйича Ўзбекистон чемпионати совриндорлари.
15 сентябрь куни Самарқандда якунланган профессионал бокс бўйича Ўзбекистон чемпионати совриндорлари.

2018 йилнинг 15 сентябрь куни Самарқандда ниҳоясига етган Профессионал бокс бўйича Ўзбекистон чемпионатининг 15 нафар совриндоридан 14 тасига ҳозирга қадар ваъда этилган мукофот пули берилмади.

Финал ўйинлари ниҳоясида беш вазн тоифасидаги чемпионларга 8 миллион¸ кумуш медаль совриндорларига 4 миллион¸ бронзага эса¸ 2 миллион сўмлик соврин сертификатлари тантанали топширилган ва Профессионал бокс федерацияси бу суратларни жамоатчиликка тақдим қилган эди.

Профессионал бокс федерациясининг Озодлик гаплашган мутасаддиси нодавлат ташкилоти бўлган федерация ҳисобида умуман маблағ йўқлиги¸ совриндорларга мукофот пули бериш тугул¸ федерация хизматчиларининг ўзига ҳам октябрдан бери ойлик берилмаëтганини билдирди.

Совриндорлар шикояти

Ўзларини Профессионал бокс бўйича 2018 йилги Ўзбекистон чемпионати ғолиб ва совриндорлари намояндаси деб таништирган ëш йигитлар қўлларига расман топширилган мукофот пули ҳақидаги сертификатларнинг оддий қоғоз бўлиб қолаëтганини билдирди.

Совриндорларга пул мукофоти берилиши ҳақидаги сертификат тантанали равишда топширилгани ҳақида профессионал бокс федерацияси ўз Telegram каналида хабар тарқатган эди.
Совриндорларга пул мукофоти берилиши ҳақидаги сертификат тантанали равишда топширилгани ҳақида профессионал бокс федерацияси ўз Telegram каналида хабар тарқатган эди.

Шикоят қилгани учун федерациянинг кейинги мусобақаларига қўйилмаслигидан чўчиган бу спортчилар ўз шахси сир тутилишини сўради.

Аксарияти талаба бўлган профессионал боксчиларга кўра¸ 15 сентябрь куни Самарқандда ғолиб ва совриндор бўлганлардан фақат биттаси – қорақалпоғистонлик Ренат Раҳимовгагина (+90 кг вазн тоифасидаги чемпион) у ДХХга шикоят қилганидан кейин ваъда қилинган 8 миллион сўмлик мукофот берилган¸ холос.

Қолган 14 нафар чемпион ва совриндорларни¸ Озодлик гаплашган боксчилар таъбирича¸ “эрта берамиз¸ индин берамиз деган алдов билан боқиб келишмоқда”.

Орамизда контрактга ўқийдиган талабаларимиз бор. Очиғи¸ арзимаган бўлса ҳам шу пулга кўз тикиб ўтиришипти ўқиш пулини тўлаймиз¸ деб. Федерацияга мурожаат қилавериб чарчадик – ана берамиз¸ мана берамиз деб алдашдан нарига ўтмаяпти булар”¸ дейди Озодлик гаплашган совриндорлардан бири.

Профессионал бокс федерацияси жавоби

Маҳаллий матбуот хабарларига кўра¸ 2018 йилнинг август ойида Ўзбекистон Профессионал бокс федерациясининг навбатдан ташқари йиғилиши бўлиб ўтган ва унда “Real haus” компанияси раҳбари Исроил Юнусов “федерация иш фаолиятини жонлантириш мақсадида” раисликка тайинланган.

Озодлик билан исми очиқланмаслик шарти билан гаплашган федерация расмийсига кўра¸ янги раҳбар расман 2018 йил октябрида иш бошлаган ва унинг сентябрь ойидаги Ўзбекистон чемпионати ўтказилишига алоқаси йўқ.

Бу мусобақани федерациянинг олдинги раҳбарлари уюштирган¸ мукофот пули сертификатларини ҳам улар берган. Янги раҳбарият октябрь ойида иш бошлаганида федерация ҳисобида пул йўқ эди ва ҳозир ҳам йўқ. Биз давлатдан пул олмаймиз¸ спонсорлар кўмаги билан ишлаймиз. Спонсорларимиз эса¸ хусусий ширкатлар¸ уларда ҳам бори бор¸ йўғи бор. Очиғи¸ федерация ходимларининг ўзи ҳам октябрдан бери ойликсиз ишлаяпти¸ лекин совриндорларга биздан олдингилар ваъда қилган пулни топишга ҳаракат қилаяпмиз”¸ деди профессионал бокс федерацияси расмийси.

Қорақалпоғистонлик чемпион Россияга кетиш учун пулга муҳтожлигидан шикоят қилгани боис¸ бу суҳбатдош таъкидича¸ федерация вакиллари ўз ëнидан пул тўплаб¸ унинг 8 миллион сўмлик мукофот пулини тўлаб берган.

Жами 120 миллион сўм ҳақида гап кетаяпти. Биз бу пулни топиб¸ боксчиларимизга бериш ҳаракатидамиз. Йигитларимиз шунча ҳаракат қилди¸ тайëрланди¸ бермаслик адолатдан бўлмайди”¸ деди федерация расмийси Озодлик билан 11 февраль, куннинг биринчи ярмидаги телефон суҳбатида.

Муаммо ўрганилаётган соатларда келган хабар

Куннинг иккинчи ярмида Озодликка қайта боғланган бу мутасадди¸ Профессионал бокс федерацияси раҳбарияти масалани зудлик билан муҳокама қилиб¸ икки кун ичида совриндорларга пулни ўтказиб бериш чорасини топишга қарор қилганини билдирди.

(Озодлик бу қарорнинг амалга ошиш-ошмаслигини кузатишда давом этади.)

Озодлик мавзу юзасидан гаплашган профессионал боксчилардан бири¸ дунëнинг аксар давлатларида Профессионал бокс уюшмалари жангларга сотиладиган билет ва уларни жонли трансляция қилишдан тушадиган даромад ҳисобига чемпион ва совриндорларга ҳақ тўлашини билдирди.

Профессионал бокс федерациясининг AIBAга алоқаси йўқ

Ўзбекистон Профессионал бокс федерацияси нодавлат ташкилоти бўлиб¸ унинг Миллий олимпия қўмитаси таркибига кирувчи Бокс федерациясига алоқаси йўқ.

Ҳаваскор боксчиларга ҳомийлик қиладиган Бокс федерацияси раиси Ўзбекистон Бош вазирининг 1-ўринбосари Очилбой Раматовдир ва бу федерация АҚШ томонидан "уюшган жиноят олами етакчиларидан бири" бири сифатида санкцияга учраган Ғафур Раҳимов раислигидаги Халқаро ҳаваскор бокс федерацияси (AIBA) таркибига киради.

XS
SM
MD
LG