Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:44

Ҳазили йўқ: Путинни ҳажв қилган қизиқчи Россияни тарк этишга мажбур бўлди (ВИДЕО)


Полиция “мухлисим бўлгани учун мени селфи тушишга қидираётгани йўқ”, деди Александр Долгополов.
Полиция “мухлисим бўлгани учун мени селфи тушишга қидираётгани йўқ”, деди Александр Долгополов.

25 яшар Александр Долгополов Санкт-Петербурдаги яккахон концертида христиан дини, белоруслар ва асосан, ўзини ҳажв қилган эди.

У яна мухлисларига сиёсат ҳақида олтита латифа тайёрлашга ваъда берган, улардан дастлабкиси Владимир Путинни нишонга олган эди.

− Халқимиз иккита лагерга бўлинди, − деди у. − Бир тарафда Путинни қўлловчилар, бошқа тарафда эса ўқийдиган, ёзадиган ва мантиқий хулоса қила оладиганлар турибди.

Путин туғилиб ўсган шаҳардаги “HopHead” клубига келган бир неча ўн кишилик мухлислар бу ҳазилни эшитиб¸ асабий кулганидан сўнг Долгополов:

“Мен қачон сиёсат ҳақида латифа айтсам, залда ўтирган одамлар асабийлашаётганини сезаман”, дейди.

Орадан икки ой ўтиб, таниқли ҳажвининг ўзини ўзи фош қилувчи жонлантирилган (анимация) монолог YouTube каналига жойланди ва тез орада уни 2 миллиондан ошиқ киши кўрди.

Россия Ички ишлар вазирлиги HopHead клубига видеодаги ҳажвчи ҳақида тўлиқ маълумот беришни сўраб юборган билдирувида видеонинг 2 397 504 марта кўрилгани ëзилган.

Қизиқчи ўша хатнинг фотонусхасини Инстаграмдаги саҳифасига истеҳзоли тагхат билан жойлади.

“Йигитлар, ҳаммангизни табриклайман, бопладик, − дейилади унда. – Менинг шуҳратимга шуҳрат қўшилди”.

Кўп ўтмай Долгополов YouTube каналидаги саҳифасига видеомурожаат жойлади, лекин ундаги оҳангда ҳазилдан асар ҳам қолмаган эди.

‒ Бу нимани англатишини ҳаммамиз тушунамиз. Улар мухлисим бўлгани учун мени селфи тушишга қидираётгани йўқ, ‒ деди у. ‒ Бошоғриқларим кўпаяётганига ишончим комил.

Россияда диндорлар ва давлат арбоблари ҳақида очиқ гапирган¸ хусусан¸ уларни ҳажв қилган одам¸ бу тоифа Путин даври қонунлари билан ҳимоялангани боис¸ ўзини хавф остига қўяди.

Долгополов агенти Армен Гандилян бу концертнинг қайси қисми полиция қизиқишини уйғотганидан бехабарлигини айтди.

Ўша концерт бошида Исо Масиҳ ва Биби Марям ҳақидаги қўпол ҳазил Долгополов муаммоларига сабабчи бўлиши мумкин

Россия ахборот воситалари Москва вилоятининг Орехово-Зуевода яшовчилардан бири ҳокимият идораларига Долгополов диндорларнинг ҳиссиётини таҳқирлаб, 2013 йилда қабул қилинган қонунга кўра жиноят содир этгани хусусида шикоят қилганини хабар қилди.

Полиция матбуот хизматининг билдиришича, қизиқчининг концерти бўйича суриштирув олиб борилмоқда.

Долгополов шахсий тажрибасидан келиб чиқиб, дин ҳақидаги латифалари полиция босим кўрсатишига сабаб бўлаётганига шубҳа билдирди.

У ўзининг 2018 йил мартидаги президент сайлови арафасида Путин ҳақида кескин ҳазиллар қилмасликдан огоҳлантирилганини тилга олди.

Долгополов Озодлик билан суҳбатда сўнгги воқеа ўзини чўчитиб юборганини айтди. У Москва ва бошқа шаҳарлардаги концертлари учун чипта сотилишини жорий вазият ойдинлашгунга қадар тўхтатиб турганини билдирди.

Ҳажвчи Путинни доимий тарзда танқид қилиб келаётанига қарамай, ўзини Россиядаги мухолифатга тааллуқли деб билмаслигини қайд этди.

Долгополовнинг февралдаги концерти клипи зикр этилган хат ошкор бўлгандан сўнг яна чорак миллион марта кўрилди, тагига қизиқчини қўлловчи кўплаб изоҳлар ёзилди.

“ИИВ Долгополовни реклама қилишда ёрдам беряпти, ‒ деб ёзди бир фойдаланувчи. – Буни бош бармоғимни кўтариб маъқуллайман”.

XS
SM
MD
LG