Қирғиз асаларичиларининг уч авлоди мамлакат бўйлаб кўчиб юриб болари боқади. Глобал иқлим ўзгариши оилавий бизнесга ҳам таъсир қилмоқда: асалари қутиларини тобора баланд тоғликларга олиб чиқишга тўғри келяпти. Асаларичилар бу гал Сирдарё ирмоқлари бошланадиган Эки Норин водийсини макон тутишган.
Марказий Осиёда энг йирик дарё бўлмиш Сирдарё тўрт мамлакат – Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон ва Қозоғистон бўйлаб оқиб ўтиб, Орол денгизига қуйилади. Озодлик журналисти ва фотографи Пётр Троценко оддий инсонлар – балиқчилар, бозорчилар, деҳқонлар ҳаёти орқали дарёнинг бугунги аҳволи ҳақида ҳикоя қилиш мақсадида Сирдарё ва унинг ирмоқлари ёқалаб сафарга чиқди.
Бу ерларнинг баланд тоғ иқлимига хос бўлмаган иссиқ об-ҳавога қарамай, Тиничбек Сатаров енглари узун қалин куртка ва тўрли панама кийиб, кўчма асалари хўжалигидан хабар олгани жўнайди.
Тиничбек 36 ёшда, асаларичилик билан шуғулланаётганига 10 йилдан ошган. У май ойидан августга қадар гуллаган яйловларни қидириб бутун Қирғизистонни кезиб юради. Тиничбекнинг отаси ва акаси ҳам асаларичи. Икки ўқувчи ўғли эса ёзги таътил вақтида унга кўмаклашадилар.
Қалин кийим асаларилардан ўзини ҳимоялаш учун зарур. Лекин, ўзи айтишича, болари чақишига кўникиб кетган.
– Акам болари қутиларини анави томонга, тоғ ортига қўйган, – дейди Тиничбек жануб томонга қўли билан ишора қилиб. – Биз эса отам ва ўғилларим билан бу ерда ишлаяпмиз. Сафарни Чуй вилоятидан бошлаймиз, сўнгра Исиқкўлга борамиз, у ердан Норин вилоятига келамиз. Эки Норин – бизнинг сўнгги манзилимиз. Ҳадемай бу ерда охирги асални олиб, Бишкекка қайтамиз. Ундан у ёғига боларилар қўлдан ейди, уларни қишга тайёрлаш керак бўлади.
Водий номи бўлмиш Эки Норин ўзбекчада “икки Норин” дегани: бу ерда икки тоғ дарёси – Катта ва Кичик Норин бирлашиб, Норин дарёсини ҳосил қилади. Норин Марказий Осиёнинг энг муҳим сув артерияларидан биридир. У Фарғона вилоятини кесиб ўтгач, Ўзбекистон ҳудудида Қорадарё билан бирлашиб Сирдарёни ҳосил қилади.
Тиничбек айтишича, Эки Норин водийсида олинган асал шифобахш саналади ва жуда қадрланади.
– Бол қанча баланд тоғликларда олинган бўлса, шунча яхши. Тоғларда текисликлардагидек кўп асал йиғиб бўлмайди, лекин озгинаю созгина – соф ва ниҳоятда ширин асал оласиз. Масалан, Чуй вилоятида 30 га яқин ўсимликлар гуллайди, бу ерда, баланд тоғликда гуллайдиган ўсимликлар сони 15 дан ошмайди. Шу боис Норин асали Қирғизистонда жуда юқори баҳоланади.
Боларилар гулчанг излаб узоққа учмаслиги ва кўпроқ бол йиғиши учун Тиничбек кўчма асалари хўжалигини гуллаган яйловга мумкин қадар яқин жойлаштирган.
Қутилар теварагида минглаб қанотчалардан чиқаётган ғув-ғув ҳавони тўлдирган. Арилар қўлларимга, камерага қўнади. Тиничбек берган ҳимоя кийимини кийиб олганим учун парво қилмай, фотоаппарат кўтарганча уялар атрофини айланаман.
Сатаровлар хўжалигида 130 қути бор, уларда 30 мингдан зиёд болари меҳнат қилади. “Шундан 10 мингги нектар йиғади, қолганлари уянинг ўзида ишлайди, ичкарида ҳам юмуш етарли”, изоҳ беради асаларичи.
Тиничбек ўз ишини севишини, ишлаб чарчамаслигини ва йиққан асали кейинги мавсумгача оиласини боқишга бемалол етишини айтади. “Бошида анча қийналдик. Қутилар ясаб, эски тиркама сотиб олиб, уни асалари боқишга мўлжаллаб қайта жиҳозладик. Бу ишларга кўп куч, вақт ва маблағ кетди. Отам жонимизга ора кирди: у илгари пайвандчи бўлиб ишлаган, кўчма асалари хўжалигини деярли қўлда ясаб берди”, дейди у.
Асаларичиларнинг вагончаси уялар, асални сўриб олишга мослаб жиҳозланган бурчак ҳамда икки қаватли каравотлар ва мўъжаз ошхонадан иборат яшаш бўлмасини ўз ичига олади.
Асаларичилар оиласи бошлиғи Рисбек Сатаров бу йил 64 ёшга тўлади. Яқинда у нафақага чиқди, энди бор вақтини асаларичиликка ва набиралари тарбиясига сарфламоқда – набиралари катта бўлгач, оилавий бизнесни яна ҳам ривожлантиришига умид қилади. Рисбек ака тоза ҳавода мунтазам ишлаш соғлиқ учун ниҳоятда фойдали эканини айтади. “Асаларичилик қилмаганимда ҳозир балки уйда ҳасса таяниб юрармидим”, дейди бобо ярим ҳазил, ярим чин оҳангда.
Сатаровлар асални чакана сотишади – шунда кўпроқ фойда қолар экан. Лекин баъзан ҳосилнинг бир қисмини улгуржи харидорларга пуллайдилар. Тоғ асалининг бир килоси 500-600 сом (6-7 доллар) туради.
Тиничбекка кўра, ҳосил кўп жиҳатдан об-ҳавога боғлиқ. Агар ёз ўта иссиқ келмаса, гул ва гулчанг кўп бўлади, шунга яраша асал ҳам.
Бироқ иқлим ўзгариши асалари хўжалигига ҳам дахл қилмоқда: ҳаво йил сайин исиб, ҳар ёзда ҳарорат янги рекорд кўрсаткичларга чиқяпти. Кўчманчи асаларичилар эса салқинроқ ва намроқ ҳаво қидириб, тобора баланд тоғликларга чиқишга мажбур бўлаётир.
Тиничбек фикрича, Эки Норин водийси болари боқиш учун идеал жой, энг аввало – сув кўп бўлгани учун. “Сув бўйида ўт-ўлан ширадор, гуллар кўп бўлади, шу боис асал хушбўй чиқади”, дейди у.
Яқинда Сатаровлар оқ асал ҳосилини олишди: болнинг бу тури Нориннинг эспарцет ўсимлигидан олинади ва энг шифобахш ҳисобланади. Тиничбек айтишича, оқ асал харидорлар ўртасида талаш ўлиб кетар экан. Эспарцет кўпйиллик ўт бўлиб, гулга бой бўлади, ҳатто жазирама ҳавода ҳам ўзидан нектар чиқаради. Эспарцетни моллар ҳам яхши кўради.
Суҳбатимиз экология мавзусига бурилади. Тиничбекдан дунёда асаларилар ёппасига қирилиб кетаётгани сабаби ҳақида сўрайман. Асаларичи ушбу муаммодан хабари борлигини, лекин ўз хўжалигида бунақаси ҳали бўлмаганини айтади.
– Асаларилар ўлиб кетаётган бўлса, бунга фермерлар далаларда кимёвий дориларни аямай ишлатаётгани сабаб бўляпти. Ҳозир кимё аралашмаган ҳеч бир экин қолмади, шекилли, – дейди Тиничбек. – Қулупнай, малина, олма – ҳаммаси дори билан етиштирилмоқда, уларни қандай ейишади, ҳайронман. Шу боис мева-сабзавотларни фақат ўзим танийдиган, ишонадиган фермерлардан оламан. Шубҳали меваларни емайман, болаларга ҳам едирмайман.
Тоғда гуллаш мавсуми тугаб, бутун асал йиғиб олингач Сатаровлар қутиларни саранжомлаб, ҳосилни сотиш ва кейинги мавсумга ҳозирлик кўриш учун шаҳарга тушадилар. Тиничбек Қирғизистон иқлими асаларичилик билан яна кўп йиллар шуғулланишига имкон беришига ва нафақат болалари, балки набиралари ҳам бу ишни давом эттиришларига умид қилиб яшамоқда.