Линклар

Шошилинч хабар
19 сентябр 2018, Тошкент вақти: 02:18

Хайр, қуролланиш назорати, салом, қуролланиш пойгасими?


Владимир Путин.

Қурол-яроғ назорати бўйича мутахассислар, мабодо янги қуролланиш пойгаси бошланиб кетмаган бўлса, унинг бошланиб кетиш эҳтимоли жуда катталигидан огоҳлантирмоқда.

Владимир Путин Россия янги стратегик қуроллар, жумладан, тинимсиз учадиган ва АҚШ ракета мудофаа тизимларини айланиб ўтишга қодир ядро ракеталарини ишлаб чиққанини маълум қилди. Айни баёнот Вашингтондан Берлингача бўлган ҳудуддаги сиёсатчилар, ҳарбий эксперт ва парламентчилар эътиборини тортди.

Путиннинг очиқ-ойдин айтишича, бу АҚШ билан қурол-аслаҳа назорати бўйича амал қилиб келаётган шартнома 16 йил олдин бекор бўлгани оқибатидир.

– Ўшанда ҳеч ким гапимизни эшитмаган эди, – деди Путин 1 март куни юзлаб қонун чиқарувчилар, бошқа расмийлар олдида қилган ва телевидение орқали олиб кўрсатилган маърузасида. – Энди қулоқ соларсиз.

Дунёдаги жами ядро қуролларининг 93 фоизига эгалик қилувчи Москва билан Вашингтон кейинги йилларда қуролларга оид сиёсатига муайян ўзгартиришлар киритган эди.

“Энди-энди ғафлат уйқусидан уйғонаяпмиз”

Путин айни пайтда хизматда бўлган ва ишлаб чиқилаётган ядровий каллак ташувчи ракеталар, жумладан, сув остида ҳаракатланувчи дрон, ер бағирлаб уча олувчи қанотли ракета билан мақтанди. Бу ҳарбий техника намуналари қонун чиқарувчилар, бошқа юксак лавозимли расмийлар олдидаги икки соатлик маъруз вақтида компьютер анимацияси ва ракета учирилиши тасвирлари орқали намойиш этилди.

Жоржтаун унверситети профессори¸ «Америка ядро стратегияси мантиғи» китоби муаллифи, Метю Кроениг Қўшма Штатлар билан Россия қуролланиш пойгасини бошлаб юборганини тахмин қилади. Унинг фикрича, бундан Вашингтоннинг хабари бўлиши ҳам, бўлмаслиги ҳам мумкин.

Путин маърузасида таассуф билан қайд этган ҳужжат баллистик ракеталарни ишлаб чиқаришни тақиқлаш тўғрисидаги шартнома бўлиб, у Москва билан Вашингтоннинг ракетага қарши мудофаа тизимини ишлаб чиқиш қобилиятини чеклашга қаратилган эди. 1972 йили қўл қўйилган ушбу шартнома совуқ уруш вақтида икки йирик ядровий давлат ўртасида эришилган энг муҳим келишувлардан бири эди. Бироқ 2002 йили ўша вақтдаги президент Жорж Буш шартномага амал қилишни бир томонлама тўхтатди. Путин ўша пайт бу иш “хато бўлгани”дан шикоят қилган эди.

“Хатарли ва кераксиз йўл”

Трамп январь ойида мамлакат аҳволиҳа оид Конгрессда қилган мурожаатномасида конгрессменларни “ядро қуролларини модернизация қилиш ва қайта қуриш”га даъват қилган эди.

– Путин янги қуролларни ишлаб чиқишга сабаб қилиб АҚШнинг қурол-яроғ назоратига оид ваъдасида турмаганини кўрсатди, – дейди Қурол-яроғ назорати уюшмаси таҳлилчиси Кингстон Райф.

Унинг огоҳлантиришича, “Россия билан Қўшма Штатлар хатарли ва кераксиз йўлдан кетмоқда”.

Путин маърузасида яна Трампнинг яқинда эълон қилинган “АҚШнинг ядро қуроллари билан боғлиқ вазият таҳлили”ни тилга олди. Ушбу сиёсий ҳужжатда Вашингтон қай тарзда ва қачон ядро қуролларини қўллаши мумкинлиги баён қилинади. Таҳлилда уларни қўллаш йўриқномаларига бўлган кескин талаблар юмшатилаётгани айтилади. Масалан, ҳужжатда кам кучга эга ядро қуролларини чекланган зарба бериш учун жойлаштириш мумкинлиги айтилади.

– Биз Россия ва унинг иттифоқчиларига қарши ядро қуролларини ҳар қандай қўллашни, улар кам, ўрта ёки бошқа кучга эга бўлишидан қатъий назар, ядро ҳужуми деб ҳисоблаймиз, – деди Путин. – Биз бунга зудлик билан жавоб қайтарамиз.

АҚШ билан Россия қурол-аслаҳаларини тартибга солувчи START шартномасини 2010 йили ўшандаги президентлар Барак Обама ва Дмитрий Медведев имзолаган эди.

Икки давлар расмийлари жорий ой бошида қурол-аслаҳаларни камайтириш учун шартнома мажбуриятларига риоя қилаётганини билдирди.

Ушбу шартноманинг амал қилиш муддати 2021 йилда тугайди. Кремлнинг Европа, Яқин Шарқ ва дунёнинг бошқа чеккаларидаги сиёсати конгрессдагиларининг жиғига тегаётгани, Трампнинг АҚШ қуроллари ҳақидаги баёноти ушбу шартнома муддати тугагандан сўнг қуролланиш борасида ҳеч қандай чеклов қолмаслиги борасидаги хавотирларни кучайтирмоқда.

XS
SM
MD
LG