Линклар

Оқ уй: Трамп Вьетнамда Путин билан учрашмайди


Трамп президент курсисига ўтирганидан бери икки етакчи фақат бир марта - июлда Германияда бўлиб ўтган G20 саммитидаюзма-юз учрашган эди.

Осиё-Тинч океани мамлакатлари иқтисодий ҳамкорлиги (APEC) саммитида иштирок этаётган АҚШ президенти Дональд Трамп Россия президенти Владимир Путин билан учрашмайди. Бу ҳақда Оқ уй матбуот котиби Сара Сандерс билдирди.

- Путин билан учрашиш масаласига келсак, учрашув ўтказишга келишилгани йўқ, - деди Сандерс.

Сандерс икки президент Вьетнамнинг Дананг шаҳрида ёки Филиппинда ўтказиладиган яна бир ҳудудий конференция давомида норасмий учрашув ўтказиши мумкинлигини айтди.

Аммо 10 ноябрь куни Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков учрашув уюштириш ҳаракатлари давом этаётганини билдирди.

Бир кун аввал Песков Данангда икки президент APEC саммити давомида бир-бири билан у ёки бу тарзда учрашишини айтган эди.

Ҳафта бошида Кремль расмийлари Трамп ва Путин учрашишини айтган, 9 ноябрь куни эса АҚШ давлат котиби Рекс Тиллерсон бу масалада ҳали бир қарорга келинмаганини таъкидлаган эди.

Тиллерсон икки етакчи бир-бири билан йўлиқса, чеккага чиқиб учрашув ўтказиши эҳтимолдан холи эканлигини таъкидлади.

Москванинг Украинадаги агрессияси ва Кремлнинг 2016 йилги АҚШ президенти сайловига аралашуви туфайли Москва ва Вашингтон ўртасида алоқалар совуб кетган.

Трамп президент курсисига ўтирганидан бери икки етакчи фақат бир марта юзма-юз учрашди.

Июль ойида Германияда бўлиб ўтган G20 саммитида Трамп ва Путин Россия сайловга аралашгани ҳақидаги айбловларни муҳокама қилиб, ўтмиш ҳақида баҳслашиш ўрнига келажакка эътибор қаратишга келишиб олишган эди.

Аммо бу учрашувдан кейин Москванинг сайловга аралашуви ҳамда Трампнинг Россия билан келишиб олгани ёки йўқлиги бўйича бир неча тергов ўтказилди ва икки мамлакат ўртасидаги алоқалар янада таранглашди. Путин Москва сайловга аралашганини рад этиб келади. Трамп эса Россия билан ҳамкорлик қилмаганини таъкидлаб келади.

Август ойида Трамп Конгресс босими остида Россияга қарши санкцияларни кучайтирувчи қонунни имзолади. Натижада Москва АҚШни Россиядаги элчихона ва консулликларидаги ходимлари сонини озайтиришга чақирди. Бунга жавобан Вашингтон ҳам ўхшаш чораларни кўрди.

Қолаверса, Кремль Украинанинг Қрим минтақасини аннексия қилиб олиб, мамлакат шарқида россияпараст айирмачиларни дастаклаб келмоқда ҳамда Сурия урушидаги роли туфайли Москва ва Вашингтон ўртасида юзага келган келишмовчиликларга ҳали барҳам берилгани йўқ.

5 ноябрь куни Трамп Осиё ташрифи давомида Путин билан учрашиши мумкинлигини айтган эди. 7 ноябрь куни Песков икки етакчи учрашиши “эҳтимоли катта” эканлигини билдирган эди.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG