Линклар

АҚШ ва Россия Суриядаги кимёвий ҳужумларни тергов қилиш гуруҳи келажаги бўйича келиша олмаяпти


Россия Ташқи ишлар вазирлигининг ядровий қуроллар тарқалишини олдини олиш ҳамда қурол назорати бўлими бошчиси Михаил Ульянов.

АҚШ ва Россия Сурияда кимёвий қуроллар ёрдамида амалга оширилган ҳужумларни тергов қилиш вазифаси юкланган БМТ гуруҳи келажаги бўйича бир-бирига зид режаларни таклиф қилди.

24 октябрь куни БМТ Хавфсизлик кенгашида Россия “Қўшма тергов механизми” гуруҳи ваколати тугаганидан кейин, унинг фаолиятини тиклаш бўйича АҚШ етакчилигида тайёрланган режага қарши чиқди.

БМТ ва Кимёвий қуролларни тақиқлаш ташкилоти ходимларидан иборат гуруҳ ваколати 17 ноябрь куни тугайди. Хавфизлик кенгашига тақдим этилган янги резолюция гуруҳ ваколатини икки йилга узайтириб, унга кимёвий қуроллар ёрдамида амалга оширилган ҳужумларни чекловларсиз тергов қилиш учун шароит яратиб беришни кўзлайди.

Аммо Россия эса бунга кескин қарши, чунки ўтган ҳафтада “Қўшма тергов механизми” гуруҳи шу йилнинг апрелида таркибида сарин гази бўлган қуролни Сурия ҳукумати ишлатганини аниқлаганини билдирди.

Россия расмийлари тергов гуруҳи мандатини фақат 6 ойга узайтириб, унинг фаолиятини ўзгартиришни истайди.

Россия Ташқи ишлар вазирлигининг ядровий қуроллар тарқалишини олдини олиш ҳамда қурол назорати бўлими бошчиси Михаил Ульянов гуруҳнинг Хон Шайхун шаҳрида амалга оширилган кимёвий ҳужум ҳақидаги ҳисобитини танқид қилиб, келажакда гуруҳ ҳужум содир бўлган жойларга ташриф буюриши кераклигини айтди.

Ульянов ҳисобот асоссиз эканлигини, унда сарин газини аслида президент Башар Асадни айблаш мақсадида исёнчи гуруҳлар қўлланган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги далиллар эътиборга олинмаганини таъкидлади.

Ульянов, хусусан, “Қўшма тергов механизми” гуруҳини Хон Шайхун ва Шайрат ҳаво базаларидан далил тўпламагани учун танқид қилди.

- Полиция жиноят содир бўлган жойга боришдан бош тортган терговни бир тасаввур қилинг. БМТ Хавфсизлик кенгашида шундай қилса бўлади деб ҳисоблайди улар, - деди Ульянов.

“Қўшма тергов механизми” гуруҳи ўз ҳисоботини тайёрлашда гувоҳлар кўрсатмаси, видео материаллар, суратлар, сунъий йўлдошдан олинган тасвирлар, ҳамда Хон Шайхун шаҳридан олинган далилларга таянган.

Сурия ва мамлакат президенти Башар Асадни дастаклаб келаётган Россия ҳисобот натижаларини рад этди.

Ўз навбатида, АҚШ ва унинг ҳамкорлари Россия таклифини рад этиши кутилмоқда. АҚШ, Франция ҳамда Британия Хон Шайхундаги ҳужум бўйича ҳисоботни профессионал ва бетараф деб топган.

1 ноябрь куни Оқ уй Россияни “Қўшма тергов механизми” ваколатини узайтиришга қаратилган уринишларга тўсқинлик қилмасликка чақириб, Кремлни кимёвий қуроллардан жабр кўрганлар қисматига кўз юмишда ҳамда халқаро қонунларни менсимасликда айблади.

Жорий йилнинг 4 апрелида Хон Шайхун шаҳрида амалга оширилган кимёвий ҳужумда 90 дан ортиқ одам, жумладан, ёш болалар қурбон бўлган эди.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG