Линклар

Шошилинч хабар
21 ноябр 2018, Тошкент вақти: 18:57

Россияда отиб ўлдирилган Борис Немцов хотираси учун намойишлар бўлди


Москвадаги Немцов хотирасига бағишлаб ўтказилган намойиш қатнашчилари, 25 февраль, 2018 йил

Россияликлар Кремль сиёсати танқидчиси ва собиқ бош вазир ўринбосари Борис Немцовни хотирлаб, Россия шаҳарларида намойишга чиқди. Ушбу қотиллик бутун дунёда қораланган, айни пайтда, Кремлга мухолиф бўлган россияликлар қандай хатарга рўпара эканини кўрсатган ҳодиса сифатида баҳоланган.

Президент Владимир Путиннинг очиқ танқидчиси бўлган Немцов 2015 йил 17 февраль куни Кремль яқинидаги кўприк устида отиб ўлдирилган эди.

25 февраль куни Немцовнинг ўнлаб издоши Новосибирск шаҳридаги сиёсий қатағон қурбонлари ёдгорлиги ёнида намойиш ўтказди. Москва ва Санкт-Петербург шаҳарларида ўтказилган намойишларда кўпроқ одамлар қатнашгани айтилмоқда.

Июль ойида Москва суди Россиянинг Шимолий Кавказда жойлашган Чеченистон Республикасидан бўлган 5 кишини айбдор деб топиб, узоқ муддатли қамоққа ҳукм қилди.

Бироқ қамалганларнинг қариндош ва сафдошлари Немцовни ўлдиришга тепароқдан буйруқ берилганини айтмоқда. Уларга кўра, сиёсатчини ўлдиришга буйруқ берган кишилар аниқланиб, жазога тортилмагунча адолат қарор топмайди.

Немцов хотирасига Тюменда уюштирилган намойиш, 25 февраль, 2018 йил
Немцов хотирасига Тюменда уюштирилган намойиш, 25 февраль, 2018 йил

Бундай шов-шувга сабаб бўлган қотилликлар олдин ҳам рўй берган, масалан, таниқли журналист Анна Политковская 2006 йили отиб ташланган эди. Ҳукумат танқидчиларининг айтишича, айни ҳолатларда жиноятчилар ҳеч қачон жавобгарликка тортилмайди. Бундай жиноятлар одилона тергов қилингудек бўлса, жавобгарлар Кремль қўллайдиган Рамзон Қодиров ёки Путинга яқин кишилар орасидан чиқиши мумкин.

Немцов хотирасига бағишлаб Татаристонда ўтказилган намойиш, 25-февраль, 2018-йил
Немцов хотирасига бағишлаб Татаристонда ўтказилган намойиш, 25-февраль, 2018-йил

25 февралдаги намойишлардан бир-икки кун олдин Москва шаҳри ҳокими Немцов шарафига у Россия пойтахтида яшаган кўп квартирали бинога хотира тахтаси ўрнатилишини маълум қилган.

Москва шаҳри ҳокими Сергей Собянин 22 февраль куни Твиттерда қолдирган ёзувга кўра, ундан хотира тахтаси ўрнатишни президентликка номзод Ксения Собчак илтимос қилган.

Москва ҳукумати олдин Немцов отиб ўлдирилган кўприкка унинг тарафдорлари вақтинчалик ёдгорлик ўрнатишига рухсат бермаган, уни полиция ёки номаълум шахслар қайта-қайта олиб ташлаган эди.

XS
SM
MD
LG