Линклар

Шошилинч хабар
26 январ 2020, Тошкент вақти: 16:32

Санкт-Петербургда халқаро иқтисодий форум бошланди


Владимир Путин 2018 йилда бўлиб ўтган иқтисодий форумда чиқиш қилганди

Санкт-Петербургда Россиянинг глобал сармоячилар иштирокида ўтказиладиган энг йирик ва энг машҳур йиғини бўлмиш Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форуми бошланди.

Аммо бу йилги форум Россияга қарши Ғарб давлатлари санкциялари ҳамон кучда қолаётган, Кремль Хитой билан муносабатларини яхшилаш уринаётган ҳамда Россиянинг хориж сармоячиларини ҳимоя қила олиши юзасидан хавотирлар кучайиб бораётган бир паллага тўғри келмоқда.

АҚШ расмийлари ва таниқли тадбиркорлари бу йилги форумда иштирок этишдан бош тортди.

Аммо Хитой расмийлари президент Си Цзиньпин етакчилигида Санкт-Петербургга етиб борди.

Хитой Россия ширкатлари билан йирик шартномаларни имзолашни режалаштирмоқда.

Си Цзиньпин форум давомида Россия президенти Владимир Путин билан ўтказиладиган йиғинда иштирок этади.

Россия бизнес олами Кремль 2014 йилдан Украинанинг Қрим минтақасини аннексия қилиб олганидан бери қатор қийинчиликларга дучор бўлиб келади.

Россиянинг Украинадаги ҳаракатлари ҳамда АҚШ президент сайловларига аралашуви ҳақидаги иддаолар ортидан АҚШ, Япония ҳамда Европа давлатлари мамлакатга қарши қатор санкцияларни жорий қилган.

Натижада, Россия Вашингтон билан ўз келишмовчиликларига эга Хитой билан яқин алоқалар ўрнатишга уринмоқда.

АҚШнинг Қозоғистондаги собиқ элчиси Уильям Кортни икки авторитар етакчи бир саҳнада чиқаётгани Вашингтон ғашига тегаётган бўлса-да, икки давлат ўртасидаги сармоя ва савдо кўлами аслида “камтар” эканлигини таъкидлади.

Россияга сармоя ётқизиш билан боғлиқ хавотирларга сабаб бўлаётган яна бир ҳолат - сармоя жамғармалари менежери, америкалик Майкл Калвининг жорий йил февралида қўлга олингани.

Baring Vostok сармоя ширкати асосчиси Калви Россиядаги энг таниқли хорижлик сармоячиларнинг бири бўлиб, февраль ойида у билан бирга бир нечта шериги қўлга олинди.

Россия расмийлари уларни молиявий жиноятларда айбламоқда.

Ҳозир Калви уй қамоғида ушлаб турилибди.

АҚШнинг Россиядаги элчиси Жон Ханстман ҳамда бошқа АҚШ расмийлари форумни қисман Калви қўлга олингани учун бойкот қилмоқда.

Таниқли АҚШ ширкатларининг юқори лавозимли ходимлари ҳам форумда қатнашмаяпти.

Калви иши америкалик тадбиркорларни хавотирга солиб қўйди.

Қолаверса, унинг қўлга олингани Россияда расмийлар билан яқиндан алоқада бўлган шахслар тижорий келишмовчиликларни ҳал қилиш учун ҳуқуқ-тартибот органларидан фойдаланиши ёки истаса бошқалар мулкини тортиб олиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирларни урчитди.

Форум арафасида сармоячиларни тинчлантириш мақсадида Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков форумда Калви қатнаша олмаслиги ачинарли ҳолат эканлигини, Кремль аслида америкалик тадбиркор форумда иштирок этишини исташини таъкидлади.

1997 йилда асос солинган форумни 2006 йилдан бери Россия президенти маъмурияти уюштириб келади.

Бугунга келиб форум Россиянинг энг муҳим сармоя жалб қилиш тадбирига айланган. Ўтган йили форумда 17 минг одам қатнашди.

Россия иқтисоди ўсиши сурати секин бўлиши кутилаётгани учун Хитой билан яхши алоқалар арзон сармояга йўл очиши эҳтимолдан ҳолидиир.

Мутахассислар Россия қўлида музокараларда бўш келмаётган Хитойга солиштирганда озроқ қартаси борлигини айтмоқда.

4 июнь куни Жаҳон банки 2019 йилда Россия иқтисоди атиги 1,2 фоизга ўсишини тахмин қилди.

Бу эса Россияда сўнгги уч йил ичида кузатилган энг паст кўрсаткичдир.

Россия иқтисоди кейинги беш йил давомида оқсоқлаб келаётгани ҳамда нафақа ёши кўтарилгани учун аҳоли орасида ҳукуматдан норозилик руҳи ошиб бормоқда.

Йил бошида шифокорлар оз маошларга қарши норозилик намойишларига чиқди.

XS
SM
MD
LG