Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:31

Россияда Pokemon Goнинг маҳаллий версиясини чиқаришмоқчи


Москва расмийлари россияликлар покемонларни излаш ўрнига Россия тарихидаги муҳим шахсларнинг виртуал версияларини овлашини истаб қолди.

Шаҳар мэрияси смартфонлар учун Pokemon Goга ўхшаш ўйин ишлаб чиқилаётганини эълон қилди. Таклиф қилинаётган ўйин москваликларга ўз ватанлари ҳамда пойтахтлари тарихи ҳақида маълумот беради. Аммо янги ўйин ҳам Pokemon Go сингари фойдаланувчиларни ташқарида пиёда юриб, бадантарбияга чорлайди.

Москва шаҳри мэриясининг Ахборот технологиялари бўлими 25 июль куни эълон қилган билдирувда “Ўйиннинг мақсади замонавий кучайтирилган реаллик технологиясидан фойдаланиб, Москванинг бой маданий меросига эътибор қаратиш ҳамда москваликларни кўпроқ пиёда юришга ундашдир”, дейилади.

Билдирувга кўра, янги ўйинни август охиридан бошлаб кўчириб олиш мумкин бўлади.

Президент Владимир Путин Россияда кенг тарқалган технологияларнинг маҳаллий версиясини ишлаб чиқиш орқали Ғарб таъсирини озайтиришга уриниб келади. Москванинг Украинадаги ҳаракатлари ортидан Россия ва Ғарб ўртасидаги муносабатлар совуб кетган.

Ўтган йили Россия Visa ҳамда MasterCard тўлов карталарига муқобил ўлароқ ўз картасини жорий қилди.

Бирор нарса Ғарбда машҳур бўлиб кетса, одатда Россияда дарров унинг нусхасини ишлаб чиқишади. Масалан, Ҳарри Поттернинг "онаси" британиялик Жоан Роулингнинг китоблари бутун дунёда оммалашиб кетганидан кейин Россияда унга ўхшаш бир неча асар ёзилди. Уларнинг бирида бош қаҳрамон москвалик қизча бўлиб, унинг исми Таня Гроттердир.

“Москвани ўрганинг” ўйинида виртуал покемон жонзотларини топиб, ушлаш ўрнига Москва кўча ва паркларида машҳур тарихий ҳамда маданий шахсларни излаш керак.

Pokemon Goдан фарқли ўлароқ, рус ўйинида тарихий шахсларнинг образи 3D ўлчамда ёритилади. Дастур ёдамида ўйинчилар ўзларини виртуал тарихий шахслар ёнида суратга олишлари мумкин бўлади. Pokemon Go ўйинида эса фойдаланувчилар тўплаган покемонлари ёрдамида бошқа ўйинчилар билан беллаша оладилар.

“Москвани ўрганинг” ўйинига Буюк Пётр, Иван Грозний, Юрий Гагарин, Виктор Цой, Александр Пушкин, Михаил Ломоносов, Пётр Чайковскийлар образи киритилган.

Pokemon Go ўйини ҳали Россияда расман бозорга чиқарилгани йўқ. Шундай бўлса-да, россияликлар уни севиб ўйнамоқда. Сиёсатчилар, хавфсизлик хизмати ходимлари, миллатчилар ҳамда диний гуруҳлар эса ўйинга шубҳа билан қарамоқда.

Айрим россияликлар ўйинни пул ўмаришни кўзлашда айбласа, бошқалар виртуал покемонлар муқаддас жойларда ҳам пайдо бўлиб, ҳурматсизлик қилиши мумкинлигини айтишмоқда.

Қолаверса, уларнинг таъкидлашича, Pokemon ўйинини ўйнаганлар ўз смартфонлари камерасини Россия ҳудудидаги муҳим жойларга қаратадилар. Америкаликлар эса ўйинчилардан олинган маълумотни сақлаб оладилар.

XS
SM
MD
LG