Линклар

Шошилинч хабар
26 январ 2022, Тошкент вақти: 22:12

Халқаро хабарлар

Қамоқда қолаётган Михаил Саакашвили тарафдорлари “оммавий очлик” эълон қилмоқчи

Саакашвили тарафдорлари митинги.

Грузияга қайтиши биланоқ қамоққа олинган собиқ президент Михаил Саакашвилининг минглаб тарафдорлари мустақил тиббий комиссия унинг қамоқда “қийноққа солингани”ни тасдиқлагани ортидан 21 декабрь куни норозилик намойиши ўтказди.

Парламент биноси олдида ўтган митингда “Бирлашган миллий ҳаракат” лидери Ника Мелиа Саакашвили қамоқдан озод этилмагунича мухолифатчилар “оммавий очлик эълон қилишлари” тўғрисида баёнот берди. Ҳозирча очлик акциясида қанча киши иштирок этиши маълум эмас.

Саакашвили 2004 йилдан 2013 йилга қадар Грузия президенти бўлган. Ҳокимиятдан кетганидан сўнг Саакашвили Украинадан бошпана олган. У 2021 йилнинг 1 октябрида Грузияга қайтган ва шу куниёқ қамоққа олинган.

Саакашвили қамоққа олинганидан сўнг ўзининг озод этилишини талаб қилиб 50 кун мобайнида очлик эълон қилди. Собиқ президент ўзига нисбатан барча жиноят ишлари соҳталаштирилганини айтиб келади.

Кун янгиликлари

Россия Ғарбни “ўз талаблари инобатга олинмаган тақдирда тегишли чоралар кўриши” тўғрисида огоҳлантирди

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Ғарбни Москва қўйган талабларни инобатга олмаса, “тегишли чоралар кўриши” тўғрисида огоҳлантирди.

Украинага ҳужум қилиш нияти йўқ эканини таъкидлаб келаётган Кремль “НАТО ўз чегараларини шарққа, жумладан, Украина ҳудудига кенгайтирмайди” деган кафолат берилишини талаб қилиб келаётир.

“Биз конструктив жавоб олмасак, Ғарб агрессив сиёсатини тўхтатмаса, унда Москва, президентимиз бир неча маротаба таъкидлаб ўтганидай, жавоб тариыасида тегишли чораларни кўради”,-деди Лавров 26 январь куни Давлат думасида қилган чиқишида.

Айни пайтда НАТО ва Вашингтон Россия қўйган талабларга жавоб ҳозирланаётганини билдирди.НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг Москвага жавоб мактуби жорий ҳафта якунида жўнатилишини айтди.

HRW Қозоғистонни Олмаотада намойишчиларга қарши ўқ узилиши ҳолатини диққат билан тергов қилишга чақирди

Олмаота манзараси.2022 йил 19 январь.

Хьюман Райтс Вотч – HRW халқаро ҳуқуқ ташкилоти Қозоғистон ҳукуматини оммавий намойишлар ва тартибсизликлар пайтида Олмаотада тинч аҳолига нисбатан полиция ходимлари томонидан ўқ отилганини диққат билан тергов қилишга чақирди.

“Хавфсизликни сақлаш кучлари ҳеч қандай асосларсиз тинч аҳолига қарата ўқ отгани ва тинч аҳоли вакилларидан камида 10 кишини ўлдиргани тўғрисида етарли даражада далил ва исботлар мавжуд. Намойишни бостириш пайтида ҳеч қандай асосларсиз отиб ўлдирилган шахслар сони бундан ҳам кўпроқ бўлиши таҳмин қилинади. Мазкур ҳолат тезкор ва самарали тергов ўтказилишини талаб қилади”,-дейилади 26 январда эълон қилнган баёнотда.

Манғистау вилоятидаги Жанаўзен шаҳри аҳолиси 2 январда газ нархи қимматлаганига қарши норозилик намойишига чиққан эди. Мазкур намойиш бир неча кун ичида мамлакатнинг барча ҳудудларига ёйилиб кетган.

Олмаотадаги норозилик намойишлари оммавий тартибсизликлаларга айланиб кетгани баҳонасида кучишлатар тузилмаларга президент Тоқаев огоҳлантиришсиз ўқ отиш ҳуқуқини берган эди.

АҚШ Давлат департаменти Навальнийнинг экстремистлар рўйхатига киритилганини қоралади

Алексей Навальний.

АҚШ Давлат департаменти Россия ҳукуматининг қамоқдаги мухолифатчи Алексей Навальний ва унинг сафдошларини террорчилар ҳамда экстремистлар рўйхатига киритиш тўғрисидаги қароридан ташвишда эканини билдирди.

Бу борада Вашингтонда ўтган матбуот анжуманида баёнот берган Давлат департаменти расмий вакили Нед Прайс Москвани Навальнийни зудликда озод қилишга чақирди.

У ўз баёнотида Россия зўравонликка қарши бўлган нодавлат ташкилотларига нисбатан “экстремизм” сўзини қўллашни тўхтатиши шарт эканини айтди.

Навальний ва унинг қатор сафдошлари Росфинмониторинг томонидан шакллантириладиган террорчи ва экстримистлар рўйхатига киритилгани тўғрисида 25 январь куни маълум қилинган эди. Мазкур рўйхатга тиркалган шахсларнинг Россия банкларидаги ҳисоблари музлатиб қўйилади.

Ўтган йилнинг июнида Москва шаҳар суди прокуратура сўрови билан Навальнийга қарашли қатор нодавлат ташкилотларини экстремистликда айблаб қарор чиқарган эди.

Ғарб дипломатлари Толибонга “қатъий талаблар”ни қўймоқда

Ослодаги учрашув.

Ғарб дипломатлари Толибон вакиллари билан Ослода ўтказаётган музокараларда Афғонистонга гуманитар кўмак кўрсатиш масаласи мамлакатда инсон ҳуқуқлари ҳолатига боғлиқ бўлишини билдирди. Толибон ҳукуматининг 15 кишидан иборат делегацияси жангарилар Кобулни босиб олганидан бери илк маротаба 23 январь куни Европага келди.

Норвегия давлат котиби Хенрик Тюн 25 январь куни ўтган учрашув арафасида маҳаллий NTB агентлигига берган суҳбатида Ғарб дипломатлари Толибонга “қатъий талабларни” билдириши тўғрисида гапирган.

Норвегия ташқи ишлар вазири Анникен Хуитфелдт эса музокаралар Толибон ҳукуматини тан олишга қаратилмаганини 21 январда маълум қилган.

Толибон ўтган йилнинг 15 августида Афғонистон ҳукуматини эгаллаганидан бери мамлакатда гуманитар вазият кескин ёмонлашиб бормоқда. Шу пайтгача жаҳондаги бирорта давлат Толибон ҳукуматини тан олган эмас.

Жаҳондаги қирққа яқин давлатда "омикрон"нинг янги мутацияси аниқланди

АҚШнинг Pfizer ва унинг германиялик ҳамкори BioNTech фармацевтика шркатлари коронавируснинг "омикрон" штаммига қарши вакцинани клиник синовлардан ўтказа бошлади.

Расман билдирилишича, вакцина АҚШда 1400 кишида ихтёрий равишда синаб кўрилади, мутахассислар эса вакцинанинг таъсирини кузатиб, хулоса чиқаради.

Бунга қадар COVID-19га қарши мавжуд вакциналар “омикрон”га қарши самарали натижа бермаётгани хабар қилинганди.

Айни пайтда асосан Осиё ва Европадаги қирққа яқин давлатда “омикрон”нинг янги мутацияси аниқлангани тўғрисида хабар тарқалди. Олимлар ҳозирча янги мутациянинг оқибатлари ва вакциналарнинг унга таъсири тўғрисида хулоса чиқара олмадилар.

СIT Россия Украина билан чегара ҳудудларига десантчиларни ташлаётганини қайд этди

Иллюстратив сурат

Conflict Intelligence Team (СIT) суриштирув гуруҳи Россия десантчилари Украина билан чегарага ташланаётганига оид далил-исботларга эга бўлди.

Гап “ТикТок”да ёйинланган темир йўл орқали ташилаётган ҳарбий техника видеоси ҳақида бормоқда. У Беларусь ва Украина билан чегарадош Брянск вилоятида суратга олингани айтилган.

Видеодаги зирҳли техникалар брезент билан ўралган, аммо тадқиқотчи Роберт Ли улар десантчи қўшинларга оид жанговар машиналар ва парашют орқали ташланадиган БТРлар эканлигини аниқлаганини урғуламоқда. Видеодан келиб чиқилса, ташилаётган ҳарбий техника сони тахминан 40 тани ташкил қилади, шунингдек поездда қарийб 250 аскар жойлашиши мумкин бўлган бешта йўловчи вагони ҳам бор. Роберт Ли шунга таяниб, чегарага десантчилар батальони кўчирилмоқда, дея хулоса ясаган.

“Россия темир йўллари”маълумотлар базасига кўра, вагонлар Иваново вилоятидан келмоқда – у ерда 98-ҳаво десанти дивизиясига қарашли 217-гвардия парашютчи десантчилар полки жойлашган. Мазкур полк яқинда КХШТ кучларини Қозоғистонга олиб киришда иштирок этган.

CIT таҳлилчилари фикрича, бу Украина билан чегара яқинига десантчилар йўлланаётганига оид биринчи тасдиқланган видеодир. Десантчи қўшинлар Россия армиясининг энг жанговар ва қудратли бўлинмалари сирасига киради.

Россия Мудофаа вазирлиги Беларусда ўтажак ҳарбий машқларга турли ҳарбий техникалар йўлланаётганини билдирган, бироқ машқларга десантчилар ҳам жалб этилиши ҳақида маълумот берган эмас.

CIT таҳлилчиларига кўра, Украинага қарши кенг кўламли ҳарбий ҳаракатлар бошланган тақдирда ҳужумлардан бири Брянск вилояти ҳудудидан амалга оширилиши мумкин – у ердан Киевгача масофа тахминан 200 чақиримни ташкил қилади.

Петербургда “диний экстремизм”да гумонланган туркманистонлик қўлга олинди

Туркманистонлик Аҳмет Жумадурдиев

Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида Туркманистон фуқароси Аҳмет Жумадурдиев қўлга олинди. У ўз ватанида “диний экстремизм”да айбланмоқда. Ўтган йил октябрида Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди 39-қоидани қўллаган ҳолда, Россия расмийларига Жумадурдиевни Туркманистонга экстрадиция қилишни тақиқлаб қўйган эди.

Адвокат Ольга Цейтлиннинг “Свер.Реалии”га маълум қилишича, Жумадурдиевни ҳужжатларни текшириш учун ушлашган. Кейинроқ- сўроқ чоғида прокуратура ходими унга халқаро қидирувда бўлгани учун қўлга олинганини айтган.

Аҳмет Жумадурдиев илк бор 2017 йил декабрида Пулково аэропорти паспорт назоратида, Туркманистон уни “диний экстремизм”га доир иш бўйича халқаро қидирувга бергани муносабати билан қўлга олинган эди. Бир йилдан сўнг у прокуратура қарорига кўра ҳибсхонадан озод этилган. Туркманистонда яшайдиган акаси худди шу иш бўйича 25 йилга қамалган.

Россия Жумадурдиевга қочқин мақомини беришни рад этгач, у Эстониядан бошпана сўрашга қарор қилган ва чегарадаги дарёдан сузиб ўтганида эстон полицияси томонидан қўлга олиниб, Россияга қайтарилган.

Россия НТТлари Европа кенгашига мамлакатда йиғилишлар эркинлигига доир тавсиялар бажарилмаётганини билдирди

Россиядаги ўн битта нотижорат ташкилоти Европа кенгашига мамлакатдаги йиғилишлар эркинлиги билан боғлиқ вазиятга бағишланган ҳисобот тақдим этди. Ҳисоботда ўтган йили митингларга доир моддалар бўйича очилган маъмурий ишлар сони ортгани, йиғилишлар эркинлиги билан боғлиқ вазият ёмонлашгани қайд этилган, дея хабар қилди “Коммерсантъ” нашри. Аввалроқ Европа суди Россияга оммавий тадбирларга доир қонунчиликдаги камчиликларни бартараф этиш мажбуриятини юклаган эди.

Ҳисоботда митингларга доир моддалар бўйича қўзғатилган маъмурий ишлар сони бир йил ичида 13,7 мингтадан 16 мингтага кўпайгани таъкидланган. Бундан ташқари, мухолифатчи Алексей Навальний ҳимоясига ўтказилган митинглар иштирокчиларига нисбатан 170 та жиноят иши очилган.

Шунингдек, ҳуқуқбонлар норозилик акциялари иштирокчилари шафқатсиз усуллар билан, жумладан электрошокер қўллаган ҳолда ушланганини урғулаганлар. НТТлар вакиллари митинглар тугаганидан кейин акция иштирокчиларини қўлга олиш тенденцияга айланганидан хавотир билдиришган. Ҳисоботда қўлга олинган митингчилар ва уларни ҳимоя қилишнинг юридик воситалари ҳақида маълумот берувчи “ОВД-Инфо” лойиҳаси сайти блоклаб қўйилгани эслатилган.

“Коммерсантъ”га кўра, ҳисобот Европа кенгаши Вазирлар қўмитасининг март ойидаги йиғилишида кўриб чиқилади. Ўша тадбирда қўмита аъзолари Россиянинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судининг митингларга доир қонунчиликни ўзгартириш бўйича тавсияларига қанчалик амал қилаётганини тўртинчи марта баҳолайдилар.

Европа суди Россияга 2022 йил март ойигача йиғилишлар эркинлигига доир қонунчилик талабларини юмшатиш, жумладан, акциялар ўтказишга рухсат бериш тартиб-таомилларини соддалаштириш, митинглар ўтказиш учун белгиланган жойлар сонини кўпайтириш, митинг ўтказишга рухсат беришни рад этиш сабабларини аниқ кўрсатиш мажбуриятини юклаган.

Россия расмийлари вазият яхшиланаётгани ҳақида мунтазам равишда ҳисобот бериб келади. Бироқ ҳуқуқбонлик ташкилотлари бу иддаони рад этиб келишмоқда.

Байден Путин шахсига қарши санкция қўллаш масаласини кўриб чиқишга тайёр

АҚШ президенти Жо Байден

АҚШ президенти Жо Байден, Россия қўшинлари Украина ҳудудига бостириб кирган тақдирда, президент Владимир Путинга қарши якка тартибдаги санкциялар жорий этишга тайёрлигини айтди.

Байден, агар ҳужум амалга оширилгудек бўлса, у “улкан оқибатлар”ни келтириб чиқариши ва “дунёни ўзгартириши”ни қўшимча қилган.

Оқ уй раҳбари, шунингдек, АҚШнинг 8,5 минг аскари НАТОнинг Шарқий Европа мамлакатларига жўнашга шай турганини тасдиқлаган. Айни пайтда у АҚШ Украинага қўшин йўлламаслигини таъкидлаган.

АҚШ ва унинг НАТОдаги иттифоқчилари Европа шарқига қўшинлар жойлаштирилиши уларнинг Украина ҳудудида ҳарбий ҳаракатларда иштирок этишини назарда тутмаслигини бир неча бор айтган.

Вашингтон қайдича, НАТОнинг Украина билан чегарадош мамлакатларидаги қўшинлар иттифоқчиларнинг Россия агрессиясига қарши курашувчи Украина билан бирдамлигини намойиш этмоғи керак.

2021 йил мартида Conflict Intelligence Team (CIT) тадқиқотчилари Россия армияси артиллерия ва танкларни, мотоўқчи ва десантчи бўлинмаларни Украина билан чегара яқинига ташлаётгани ҳақида ёзишган эди. Украинага чегарадош Воронеж вилоятида ҳатто “Искандер” ракета мажмуалари мавжудлиги аниқланган. 2022 йил январида CIT Россия аскарлари ва ҳарбий техникаси Россиянинг ғарбий ҳудудларига кўчирилаётганига доир янги далилларни очиқлаган.

АҚШ ва Европа мамлакатлари, Россия қўшинлари чегарадан ўтса, кескин санкциялар қўллашга шайлигини билдиришган. Москва ҳарбий амалиёт бошлашга ҳозирланаётганини инкор этиб, қўшинлари ҳаракатини ҳарбий машқлар, дея изоҳлайди.

НАТОга аъзо мамлакатлар Украина билан боғлиқ вазият туфайли ўз кучларини жанговар шайлик ҳолатига келтириб, Шарқий Европага қўшимча куч – кема ва қирувчи учоқлар йўлламоқда. АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин 25 январь куни 8,5 минг аскар Шарқий Европага жўнаб кетиш учун юқори шайлик ҳолатига келтирилганини айтган.

Марказий Осиёда электр таъминоти узилгани ҳолатини ҳукуматлараро комиссия ўрганади

Марказий Осиё ягона электр тизимида 25 январь куни юз берган авария тизимга кирган давлатлар ҳукуматлари ташкил этган халқаро комиссия томонидан ўрганилади. Бу ҳақда Қирғизистон энергетика вазири Досқул Бекмурзаев маълум қилди.

Унга кўра, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон ҳукуматлари бу борада маслаҳатлашган ва ишчи гуруҳ ташкил қилинган.

Марказий Осиё ягона электр тизимида Тошкент вақти билан соат 11 ларда узилиш юз бериб, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистонда электр энергияси бўҳрони юзага келган эди.

Орадан икки ярим соат ўтгач, Қирғизистон Марказий Осиё ягона электр тармоғидан чиқиб, ўз ҳудудига электр қуввати бера бошлади.

Ўзбекистон ҳукумати эса тармоқдаги узилиш туфайли мамлакатдаги ИЭслар ва ГЭСлар, газ ва нефть қазиб олиш ҳамда қайта ишлаш саноати, пойтахт Тошкентни электр, иссиқлик, сув ва транспорт билан таъминлаш тизими ишда чиққанини билдирган.

Қирғизистон Марказий Осиё ягона электр тармоғидан чиқиб, ўз ҳудудига электр қуввати бера бошлади

Қирғизистон Марказий Осиё ягона электр тармоғидан чиқиб, ўз ҳудудига электр қуввати бера бошлади. Энергетика вазирлиги матбуот котиби Жийде Зоотбекова Чуй ва Жалолобод вилоятларига электр берила бошланганини, пойтахт Бишкекнинг бир қисмида электр таъминоти қайта тикланганини билдирди.

Аввалроқ Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари Эдил Байсалов бир ярим соат ичида Бишкекда, кейин бошқа вилоятларда электр таъминоти тикланиши тўғрисида Твиттер саҳифасида ёзган эди.

Унга кўра, Марказий Осиё ягона электр тармоғидаги авария Қирғизистон ҳудудида содир бўлмаган.

Энергетика вазирлиги Қирғизистон ҳудудидаги иссиқлик ва гидроэлектр станцияларида авария бўлмаганини расман билдирди.

25 январь куни Бишкек вақти билан соат 12 ларда, Тошкент вақти билан соат 11 ларда Марказий Осиё ягона электр тармоғидаги носозлик оқибатида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон электр энергияси таъминотидан узилиб қолди.

Германияда 120 нафардан зиёд католик руҳонийси ЛГБТга алоқадорлигини очиқлади

Германияда 120 нафардан зиёд руҳоний ва черков ходими ўзларининг ЛГБТга мансуб эканларини эълон қилишди. Уларга кўра, гап сексуаллик ёки гендер ҳақида кетганда черков таълимотининг эскирган қоидаларидан воз кечиш керак. Мазкур мурожаатнома OutInChurch ташаббуси доирасида ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилган.

Мурожаатнома муаллифлари жинсий ориентация черковга хайрихоҳлик тамойилини бузишга тенглаштирилмаслиги ёки ишдан бўшатиш учун сабаб бўлмаслиги лозимлигини қайд этганлар.

Сўнгги бир неча йил ичида Германия ва АҚШдаги католик руҳонийлар бир жинсли жуфтликларни маъқуллаб, епископларни бундай никоҳлар учун рухсат беришга чақира бошлаганлар. Ватикан ўтган йили бу каби илтимосларнинг барчасини рад этган. Рим папаси Франциск ўшанда черков қарори дискриминация бўлиб ҳисобланмаслигини урғулаган. Аввалроқ у бир жинсли жуфтликлар учун фуқаро никоҳига оид қонун қабул қилишга чақирган эди.

НАТО Украина билан боғлиқ вазият туфайли Шарқий Европага кема ва қирувчи учоқлар йўлламоқда

Иллюстратив сурат

НАТОга аъзо мамлакатлар Украина билан боғлиқ вазият туфайли ўз кучларини шайлик ҳолатига келтирмоқда ва Шарқий Европага қўшимча куч – кемалар ва қирувчи учоқларни йўлламоқда. Бу ҳақда Шимолий Атлантика иттифоқининг расмий сайти маълумот тарқатди.

Дания Болтиқ денгизига фрегат жўнатган ва ҳаво ҳудудида навбатчилик қилиш миссиясини дастаклаш учун Литвага тўртта Ғ-16 қирувчи учоғини йўллашга ҳозирланмоқда.

Испания НАТО ҳарбий-денгиз кучларига қўшилиши учун ўз кемаларини юборган, шунингдек Болгарияга қирувчи учоқларни йўллаш имкониятини кўриб чиқмоқда.

Франция ўз аскарларини Руминияга ташлашга тайёрлигини билдирган. Ҳолландия Шарқий Европа ҳаво ҳудудини қўриқлаш учун иккита Ғ-35 қирувчи учоғи, битта кема ҳамда қуруқликда ҳарақат қилувчи бўлинмаларни Болгарияга юборади.

АҚШ эса Шарқий Европадаги кучларини ошириш имкониятини ўрганаётгани ҳақида баёнот берган.

“Бизга қўшимча кучлар тақдим этаётган иттифоқчиларимизни олқишлайман. НАТО ўз иттифоқчиларини ҳимоя қилиш учун барча зарур чораларни кўради. Биз хавфсизлик билан боғлиқ вазият ёмонлашувига ҳамиша ўз вақтида муносабат билдириб, жамоавий мудофаани мустаҳкамлаймиз”, деган НАТО бош котиби Йенс Столтенберг.

2021 йил март ойида Conflict Intelligence Team тадқиқотчилари Россия армияси артиллерия ва танкларни, мотоўқчи ва десантчи ҳарбий бўлинмаларни Украина билан чегара яқинига келтираётгани ҳақида ёзган. Украина билан чегарадош Воронеж вилоятида ҳатто “Искандер” ракета мажмуалари борлиги аниқланган. 2022 йил январида CIT Россия шахсий таркиб ва ҳарбий техникани ғарбий чегараларига ташлаётганига доир янги далилларни эълон қилган.

АҚШ ва Европа, Россия қўшинлари чегарадан ўтган тақдирда, кескин санкциялар жорий этишга тайёрлигини билдирган. Москва ҳарбий амалиётга ҳозирланаётганини рад этиб келяпти, қўшинлар ҳаракатини эса ҳарбий машқлар, деб изоҳламоқда.

Германия: Ҳейделберг университетидаги отишмада бир неча киши яраланди

Германиянинг нуфузли Ҳейделберг университетида бир неча киши ўқотар қуролдан яраланди. Ҳужум қилган одам ўлганлиги тахмин қилинмоқда. Бу ҳақда Манҳейм шаҳри полицияси “Твиттер”да маълум қилган.

Хабарномага кўра, полиция полиция Манҳеймга қўшни Ҳейделбергда кенг кўламли махсус амалиёт ўтказмоқда. Ўқ университетнинг маърузалар залида туриб, узун стволли қуролдан отилган. Бошқа тафсилотлар келтирилмаган.

Полициячилар фуқароларни тез тиббий ёрдам ва қутқарувчилар машиналари ҳаракатига халал бермаслик учун воқеа юз берган ҳудудни айланиб ўтишни илтимос қилмоқда.

Ҳейделберг университети Германиядаги энг эски университет саналади. У Times Higher Education талқини бўйича миллий ОТМлар рейтингида учинчи ва дунёда 42-ўринда.

Бишкек Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли лойиҳасини Пекинга тақдим қилди

Иллюстратив сурат.

Қирғизистон Хитой ҳукуматига Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли лойиҳасини амалга ошириш юзасидан барча ҳужжатларни тақдим қилди. Бу ҳақда Бишкекдаги “Биринчи радио”га интервью берган “Қирғиз темир йўллари” ширкати бош директори ўринбосари Дастан Усубакунов билдирди.

“Биз ўз томонимиздан Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли лойиҳаси бўйича барча ҳужжатларни Пекинга тақдим қилдик. Февралда, Худо хоҳласа, раҳбарларимиз Хитойга боради ва у ерда уч давлат вакиллари бир битимга келади. Шундан сўнг жамоатчиликка барча тафсилотларни очиқлаймиз”, - деб айтган Дастан Усубакунов.

Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлини қуриш ташаббуси 2000-йиллар бошларида эълон қилинган, аммо ўшандан бери амалга ошмай қолмоқда.

2017 йилда Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлини қуриш бўйича уч томонлама ишчи гуруҳ тузилган, шунингдек лойиҳани амалга оширишнинг уч хил варианти кўриб чиқилаётгани ҳақида маълум қилинган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG