Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:48

Салим Абдувалиев ўз одамларини Россия парламентига ўтказмоқчи


Артур Таймазов ва Салим Абдувалиев. Лондон Олимпиадасида. Таймазов олтин медал ютган кун. 11.08.2012.
Артур Таймазов ва Салим Абдувалиев. Лондон Олимпиадасида. Таймазов олтин медал ютган кун. 11.08.2012.

Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси 18 сентябрда ўтадиган Россия Давлат думаси сайловига аралашмоқда.

Ассоциация Олимпия ўйинларининг уч марта чемпиони Артур Таймазов ҳамда икки марта чемпиони Арсен Фадзаевларни сайловда қўллаб-қувватлашини сўраб, Шимолий Осетия-Алания республикаси раҳбари вазифасини бажарувчи Вячеслав Битаровга махсус икки хат билан мурожаат қилди.

Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси раиси Салим Абдувалиев имзолаган бу икки мактуб юзасидан Озодликка изоҳ беришни ассоциация вакили истамади.

Биринчи хат

2016 йил, 26 июль куни ёзилган, Салим Абдувалиевдан ташқари унинг ўринбосари А. Рўзиев имзолаган, ассоциациянинг расмий сайтида эълон қилинган мактубдан Артур Таймазов “Единая Россия” партияси аъзоси эканлиги, у Давлат думасига сайловда депутатликка номзод сифатида иштирок этаётгани англашилади.

Мактубда Таймазовнинг Ўзбекистон ва Россия спортига, спорт ва маданият соҳасида икки давлат ўртасидаги ҳамкорликка қўшган ҳиссаси юқори баҳоланган.

Хат муаллифлари Шимолий Осетия-Алания республикаси раҳбари Вячеслав Битаровдан Давлат думасига бўладиган сайловда Артур Таймазовнинг номзодини қўллаб-қувватлашни сўраган. Бундай амал, Салим Абдувалиев ва унинг муовини фикрича, спорт ва маданият соҳасида Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги алоқаларнинг янада ривожланишига олиб келади.

Салим Абдувалиев имзолаган хат
Салим Абдувалиев имзолаган хат

Худди шундай яна бир хат 2016 йилнинг 19 майида ёзилгани, унда Шимолий Осетия-Алания республикаси раҳбаридан икки марта Олимпия ўйинлари чемпиони Арсен Фадзаевни сайловда қўллаб-қувватлаш сўралгани маълум бўлди.

No comment

Озодлик Ўзбекистон спорт курашлари ассоциациясига қўнғироқ қилди. Ташкилот телефонини кўтариб, русча жавоб берган аёл ҳар иккала хатга доир саволни эшитгач, бир ҳамкасби билан бироз маслаҳатлашди ва сўнгра “Хат бўйича ҳеч қандай изоҳ беролмаймиз”, деб алоқани узиб қўйди.

Натижада Озодликнинг камида икки саволи жавобсиз қолди:

Нима учун Ўзбекистондаги спорт ташкилоти мутлақо бошқа бир давлатда кечаётган сиёсий тадбирга аралашмоқда?

Нима учун Таймазов ва Фадзаевни қўллаб-қувватлаш Шимолий Осетия-Алания халқи – сайловчиларидан эмас, балки республика раҳбаридан сўралмоқда?

Салим Абдувалиев ва унинг Путин Россияси билан алоқалари

Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси раиси, 66 яшар Салим Абдувалиев (Салимбойвачча) баъзи манбаларда “Ўзбекистон Республикасидаги энг нуфузли тадбиркорлардан бири, АҚШ элчихонасининг Вакиликс эълон қилган ёзишмаларида у Ғафур Раҳимов билан бир қаторда Ўзбекистоннинг криминал авторитетларидан бири”, деб сифатланади.

Озодлик жорий йил февралида тайёрлаган материалда ФСБ собиқ полковниги Александр Литвиненконинг Лондонда ўлдирилишига оид ҳисобот тўғрисида ёзган эди.

Британия суди ҳаками Сэр Роберт Оуэн бошчилигида ўтказилган тергов хулосаларига таянилган ҳисоботда 2006 йилда Литвиненконинг ўлдирилиши Россия президенти Владимир Путиннинг буйруғи билан амалга оширилгани эҳтимоли тўғрисида айтилган.

Ҳисоботга Литвиненконинг “Лубянка жиноий гуруҳи” китобидаги “Ўзбек изи” боби ҳам илова қилинган бўлиб, унда Литвиненко президент Путиннинг ўзбек ўғрибошилари Ғафур Раҳимов ва Салим Абдувалиевларга алоқадорлигини иддао қилган.

Салим Абдувалиевнинг Россия билан алоқалари “маданият соҳасида” ҳам ўта тиғиздир. У, масалан, бундан икки йил муқаддам неварасининг Тошкентда ўтган никоҳ тўйига Ўзбекистонда концерт фаолияти расман тақиқланган рус-совет қўшиқчиси Иосиф Кобзонни олиб келган эди.

Артур Таймазов

1979 йилда туғилган Артур Таймазов Россия фуқароси. У 2004 йили Афина, 2008 йили Пекин, 2012 йилда Лондонда ўтган ёзги олимпия ўйинларида эркин кураш мусобақаларида олтин медални қўлга киритган. Мусобақаларда Ўзбекистон жамоаси сафида иштирок этган.

Арсен Фадзаев

1962 йилда туғилган Арсен Фадзаев эркин кураш бўйича икки марта олимпия, 6 марта жаҳон, 4 марта Европа чемпиони. 1985 йили Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия университетини тугатган.

Россия Давлат думасига сайлов шу йилнинг 18 сентябрида бўлиб ўтади.

XS
SM
MD
LG