Линклар

Шошилинч хабар
20 октябр 2019, Тошкент вақти: 03:40

Нарпайлик шахс ўз хотинини бўғиб ўлдирганликда гумонланиб ҳибсга олинди


Самарқанд вилояти Нарпай туманининг Гулистон маҳалласида яшайдиган 36 яшар шахс хотинини бўғиб ўлдирганликда гумонланиб, ҳибсга олинди. Қотилликнинг 6 март куни содир бўлганини тасдиқлаган Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси расмийси¸ фожиага қайнона-келин уруши сабаб бўлганини билдирди.

36 яшар нарпайлик А.Т. 34 яшар хотини Н.Т.ни ўлдирганликда гумонланиб, туман ички ишлар ходимлари томонидан ҳибсга олинди.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган А.Т. маҳалладошларидан бирининг айтишича, аёл эри томонидан 6 март кунги жанжал оқибатида бўғиб ўлдирилган.

“Бугун соат 11да ўша аёлнинг жанозаси бўлди. Эру-хотин қаттиқ жанжаллашиб қолган ва эри аччиқ устида хотинини бўғиб қўйган. Уларнинг тўртта фарзанди бор эди, каттаси 5- синфда ўқийди”, деди Гулистон маҳалласида яшовчи манба.

Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармасининг ўзини таништирмаган мулозими ҳибсга олинган шахс Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 97-қасддан одам ўлдириш моддаси билан айбланаётганини айтди.

“А.Т. ҳозир Нарпай тумани Ички ишлар бўлимида тергов қилинмоқда. Унинг устидан жиноят иши очилган. Дастлабки терговдан маълум бўлишича, аёл эрининг онасини қаттиқ хафа қилган. Ўртада қаттиқ жанжал чиққан, кейин эри хотинини уйга олиб кириб, одеялони оғзи бурнига босиб бўғган. Аёл ўша жойнинг ўзида ўлган. Экспертиза хулосасида ҳам аёлнинг бўғилишдан ўлганлиги айтилган”, деди мулозим.

Исми сир қолишини сўраган Гулистон маҳалласи фаолларидан бирининг айтишича, бу оиладаги жанжал бир неча йилдан буён давом этиб келган.

“А.ни яхши танийман, илгари Россияда меҳнат муҳожири бўлган, ҳозир эса Тошкентга бориб ишлаб келарди. Булар оиласида тез-тез жанжал бўлиб турарди. Асосан¸ келин билан қайнона чиқишмас эди. Ўтган йилнинг ноябрь ойида келини қайнонасини уриб, кўкартириб, касалхонага ётқизган эди. Аввал ҳам улар қаттиқ жанжаллашиб, ажрашган ва кейинчалик яна ярашган эди”, деди маҳалла фаоли.

Ўзбекистонда маиший муаммолар негизида бундай фожиалар тез-тез рўй бериб туради.

2015 йилнинг ноябрида Хоразмнинг Урганч тумани Ғойбу қишлоғида 30 ёшли аёл оилада етишмовчилик сабаб икки фарзандини пичоқлаган эди. Оқибатда 7 ёшли қизи ҳаётдан кўз юмган, 10 ёшли ўғли оғир яраланганди.

Ўтган йилнинг июль ойида Самарқанднинг Булунғур туманидаги Пастки Қўштамғали қишлоғида аёл пиёниста эрини пичоқлаб ўлдиргани ҳақида Озодлик хабар берган эди.

2015 йилнинг февраль ойида эса Навоий вилояти Кармана туманида яшовчи 28 яшар аёл ўз отасини болта билан чопиб ўлдирганликда гумонланиб ҳибсга олинган эди.

Шарҳларни кўринг (3)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG