Линклар

Шошилинч хабар
19 март 2024, Тошкент вақти: 09:22

Саудия Арабистони 35 йиллик тақиқдан сўнг кинотеатрларга рухсат беради


Валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон (ўнгда) отаси, подшоҳ Салмон кўмагида бир қатор  ижтимоий ислоҳотларни амалга оширишга интилмоқда. 
Валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон (ўнгда) отаси, подшоҳ Салмон кўмагида бир қатор  ижтимоий ислоҳотларни амалга оширишга интилмоқда. 

Саудия Арабистони ҳукумати душанба куни келаси йилдан 35 йил тақиқлаб келинган кинотеатрларга рухсат берилишини эълон қилди. Бу ёш валиаҳд шаҳзоданинг ижтимоий ташаббуси бўлди.

Мамлакатда ХХ асрнинг 80-йилларида ультраконсерватив кучлар бош кўтаргандан сўнг кинотеатрлар ёпиб қўйилган эди. Саудия Арабистонидаги кўпгина дин пешволари Ғарьб фильмлари, ҳатто Миср ва Ливанда ишланган араб фильмларини ҳам гуноҳ деб ҳисоблайди.

Неча ўн йиллардан бери ҳукм суриб келаётган ультраконсерватив ақидаларга қарамай, валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон отаси, подшоҳ Салмон кўмагида бир қатор ижтимоий ислоҳотларни амалга оширишга интилмоқда.

32 яшар тахт ворисининг ижтимоий ташаббуси Саудия Арабистонининг «Vision – 2030» деб аталувчи лойиҳаси бир қисмидир. Лойиҳанинг мақсади нефть нархи тушиб бораëтган ҳозирги шароитда маҳаллий харажатларин кўпайтириш ва янги иш жойлари яратишдан иборатдир.

Душунба куни тарқатилган баёнотга кўра, қабул қилинган қарор тижорий кинотеатрларга лицензия бериш учун йўл очади. Илк кинотеатрларнинг келаси йил март ойида очилиши кутилмоқда.

Кўплаб саудияликлар ушбу хабардан хурсанд бўлганини Твиттер орқали баён қилиб, унинг саҳифаларига томоша пайти истеъмол қилинадиган бодроқлар тўла идишлар ҳамда рақс тушаётган ва бақираётган одамларнинг график расмларини қўйди.

– Бу ажойиб хабар. Тилимиз калимага келмай қолди, – деди саудиялик актёр ва ва продюсер Ҳишам Фақиҳ.

Неча ўн йиллик тақиқларга қарамай, саудиялик фильм ижодкорлари ва киносеварлар анъанавий цензурани айланиб ўтиш йўлларини топа билди. Бирлари фильмларини интернет орқали томоша учун узатган бўлса, бошқалари бундай фильмларни сунъий йўлдош телевидениеси орқали томоша қилди. Кўпчилик кишилар кинотеатрларга тушиш учун қўшни мамлакатлар Баҳрайн ва Бирлашган араб амирликларига йўл олди.

Қизиғи шундаки, Саудия Арабистонида кинотеатрлар йўқлигига қарамай, мамлакатнинг ёш фильм ижодкорлари ҳукуматдан кўмак олиб туради.

Ҳукумат мамлакат шарқида жойлашган Заҳран шаҳрида кейинги йилларда ўтказилган Саудия Арабистони кинофестивалини қўллаб-қувватлади. Жорий йилда мамлакатда 60 та фильм тасвирга олинди.

Мазкур қарорда кинотеатрларда аёлларни эркак томошабинлардан ажратадиган оилалар бўлмалари бўлиш-бўлмаслиги масаласига ойдинлик киритилмади. Яна бир ноаниқ қолаётган масала ўша кинотеатрларда Ҳолливуд, Болливуд ва бошқа араб мамлакатлари фильмларининг намойиш қилиниш-қилинмаслиги ҳамда уларнинг маҳаллий талабларга мослаштириш учун қанчалик таҳрир қилинишидир.

Саудия Арабистони Маданият вазирлиги айни пайтда бу борада қўшимча маълумотлар йўқлигини айтди. Ҳукумат ишлаб чиқилаётган тартиб-қоидаларни яқин ҳафталар ичида ошкор қилишини билдирди.

Саудия ҳукуматига кўра, кинотеатрларнинг очилиши иқтисодиётга 90 миллиард риёллик (24 миллиард АҚШ доллари) фойда келтиради, 2030 йилгача 30 минг янги иш ўрни яратади. Ўша вақтгача мамлакатда 300 та кинотеатр очилади ва уларнинг 2000 та экранга эга бўлиши кутилмоқда.

XS
SM
MD
LG