Линклар

14 декабр 2017, Тошкент вақти: 18:24

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 27 май куни бўлиб ўтган 10- ялпи мажлисида мамлакат конституциясининг тўртта моддасига ўзгартиш киритилди.

Senat.uz сайтида эълон қилинган хабарга кўра¸ Ўзбекистон асосий қомусининг 80¸ 93¸ 108 ва 109-моддалари ўзгартирилган.

80-моддасига киритилган ўзгартишга кўра¸ президент тақдимига биноан Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг раисини тайинлаш ҳамда уни лавозимидан озод этиш, шунингдек Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси ҳисоботини эшитиш Олий Мажлис Сенати ваколатларидан чиқарилди.

93-моддага киритилган тузатишларга мувофиқ “Конституциявий суд Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Олий Мажлис Сенати томонидан Судьялар олий кенгаши тавсия этган шахслар орасидан, Қорақалпоғистон Республикасининг вакилини қўшган ҳолда сайланади”.

Конституциянинг 108 ва 109-моддаларига киритилаётган тузатишлар¸ Сенат хабарида ëзилишича¸”конституциявий қонунларнинг, халқаро шартномаларини ратификация қилиш тўғрисидаги қонунларнинг имзолангунига қадар Конституцияга мувофиқлигини текшириш, Олий суднинг муайян ишда қўлланилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисида судлар ташаббуси билан киритилган мурожаатларини кўриб чиқиш, шунингдек ҳар йили Олий Мажлис палаталарига ва Ўзбекистон Республикаси Президентига мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисида ахборот тақдим этиш борасидаги Конституциявий суднинг ваколатларини кенгайтириш”ни назарда тутади.

Бу ўзгартишлар¸ расмий хабарларда қайд этилишича¸ мамлакатдаги демократик жараëнларни “янада мустаҳкамлашга хизмат қилади”.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG