Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:28

Мирзиёев ташрифидан сўнг Қорақалпоғистонда деярли барча мулозимлар ўзгарди


11 октябрь куни Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раиси Баҳодир Янгибоев лавозимидан олиниб, Шуманай туманига ҳокимликка ўтказилди. Қорақалпоғистон Иқтисодиёт вазири лавозимида ишлаб келган Қаҳрамон Сариев эса Вазирлар Кенгашига раис бўлди. Шу куни Тошкентдан борган махсус гуруҳ Қорақалпоғистондаги ўнлаб мулозимларни ишдан олиб, улар ўрнига янгиларини тайинлади.

Мирзиёевнинг Қорақалпоғистонга ташрифидан икки ҳафта ўтиб, республикадаги деярли барча мулозимлар ишдан олинди.

Ўн йил давомида Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгашига раислик қилган 56 яшар Баҳодир Янгибоев 11 октябрь куни ишдан олинди.

Вазирлар Кенгаши ходимларидан бирининг Озодликка айтишича, Тошкентдан борган махсус гуруҳ Янгибоевни Шуманай туманига ҳокимликка кўрсатган:

“Тошкентдан келган гуруҳга Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиси Даврон Назармухамедов бошчилик қилаяпти. У киши Янгибоевни раисликдан олиб, Шуманай туманида сессия ўтказиб, уни туманга раҳбарликка кўрсатди. Сессияда Янгибоев бир овоздан ҳокимликка сайланди. Янгибоев ўрнига Қорақалпоғистон Иқтисодиёт вазири Қаҳрамон Раматуллаевич Сариев раисликка тайинланди", деди Вазирлар Кенгаши ходими исмини очиқламаслик шарти билан.

Шуманайдаги сессияда иштирок этган манба Озодлик билан суҳбатда Баҳодир Янгибоев Кенгаш раиси сифатида ҳокимларни яхши бошқара олмагани учун унга “жазо” сифатида ўзини ҳокимликка юборишгани ҳақида гап-сўзлар бўлганини айтди.

“Лекин шуманайликлар хурсанд. Қаттиққўл, ишчан ҳоким келди деб”, дейди шуманайлик манба.

Вазирлар кенгаши масъулларидан бирининг айтишича, шу куни Вазирлар Кенгаши раисининг ўринбосарлари янгиланган ва деярли барча вазирлар ҳам алмаштирилган.

Жумладан, Вазирлар Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Женгисбой Эмбергенов ишдан олиниб, унинг ўрнига Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири Собир Хўжаметов сайланган.

Вазирлар Кенгаши масъули ҳозирча янги тайинланган шахслар ҳақида аниқ маълумотга эга эмаслиги боис бошқа мулозимлар исм-фамилияларини келтира олмаслигини айтди.

Юқорида суҳбатлашганимиз шуманайлик манбанинг айтишича, Ўзбекистон Президенти Давлат маслаҳатчиси Даврон Назармухамедов бошчилигидан гуруҳ Кегейли, Қонликўл, Қўнғирод, Амударё туманларида бўлиб, ушбу туманлар ҳокимликларини ҳам ишдан олган ва ҳокимликка янги номзодларни тавсия қилишган ва ўтказилган сессияларда янги ҳокимлар сайланган.

Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев 28 сентябрь куни Қорақалпоғистонга сафар қилган, бироқ сафар пайти бу ердаги мулозимлар ҳақида бирор салбий фикр билдирмаган эди.

Ҳар ҳолда Мирзиёев сафарини ёритган “Ўзбекистон” телеканалининг “Ахборот” дастурида бу ҳақда бирор маълумот берилмаган эди.

Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раиси Баҳодир Янгибоевнинг лавозимидан олиниб, Шуманай туманига ҳокимликка ўтказилгани ҳақида ҳозирча расмий матбуотда хабар берилмаган.

XS
SM
MD
LG