Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:40

Пропискасизларга Тошкентда янги уй олишга рухсат берилиши мумкин


Президент Мирзиëев тақдим этган республикани ривожлантиришнинг беш йиллик давлат дастури лойиҳаси доирасида таклиф этилаëтган ислоҳотлардан яна бирига кўра¸ хорижликлар¸ шунингдек Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий пропискаси бўлмаган шахсларнинг уй-жой сотиб олишига рухсат берилиши мумкин.

Таклиф - мақсад ва ижрочилар

Дастурнинг “Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишнинг устувор йўналишлари” қисмининг 79-пунктига фуқароларнинг хусусий мулк ҳуқуқини амалга ошириш кафолатларини мустаҳкамлаш мақсадида киритилган бу таклиф муҳокамасига олти ой вақт ажратилган.

Адлия вазирлиги, Бош прокуратура, Молия вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ва ИИВ томонидан муҳокама қилинадиган бу таклиф¸ хорижлик ва Тошкентда пропискаси йўқ шахслар учун фақат бирламчи кўчмас мулк бозори¸ яъни янги қурилган уйлар бозорини очишни кўзда тутади.

Таклиф нархи

Таклифга мувофиқ¸ Тошкент шаҳрида доимий пропискаси йўқ ўзбекистонликлар нархи энг кам иш ҳақининг 2000 бараваридан кам бўлмаган нархдаги янги уйларни сотиб олишлари мумкин. 2017 йил январида энг кам иш ҳақи миқдорининг қарийб 150 минг сўм эканидан келиб чиқилса¸ Тошкент пропискаси бўлмаган ўзбекистонликнинг нархи 300 миллион сўм (43 минг доллар атрофида) дан кам бўлмаган уй сотиб олишига рухсат бериш назарда тутилмоқда.

Таклифда¸ бундай харид пайтида¸ уй қимматининг 5 фоиздан 10 фоизигача бўлган давлат божи ундирилиши қайд этилган.

Айни шунингдек¸ лойиҳада хорижликларнинг ҳам Ўзбекистон пойтахтидаги янги уйларни сотиб олишига рухсат бериш таклиф этилган¸ бироқ бундай вазиятда уй нархининг100 минг доллардан баланд бўлиши лозимлиги белгиланган. Бундай харидорлар ҳам уй қимматининг 5-10 фоизи миқдорида давлатга бож тўлашлари лозим бўлади.

1999 йилги февраль воқеаларидан сўнг Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий яшаш ва ишлаш қоидалари кескинлаштирилган ва ўша йилдан пойтахтда доимий пропискаси бўлмаган ўзбекистонликларнинг шаҳардан кўчмас мулк сотиб олиши тақиқланган эди.

Девелопернинг бозори келади

Айни пайтда¸ йиллардан бери Тошкентга доимий прописканинг тўхтатилгани¸ Озодлик суҳбатлашган мутахассислар фикрича¸ Ўзбекистон пойтахтидаги кўчмас мулк¸ айниқса¸ бирламчи уйлар бозорида турғунлик туғдирмай қолмаган.

- Янги қурилаëтган уйлар кўп¸ Murad Buildings, Zarafshon Buildings, Majestic Buildings¸ Bauraum¸ эҳҳе¸ қанча девелопер янги уй қуриб ëтипти¸ лекин уларга харидор кам. Биринчидан¸ бозорга доступ чекланган¸ яъни вилоятликлар ололмайди. Иккинчидан¸ нарх қиммат¸ одамларнинг харид қуввати камайган¸ айниқса Россиядаги кризисдан бери уй оламан деган камайди.Бу таклиф қабул қилинса¸ вилоятдаги пули борлар қиммат уйларни олишни бошласа¸ бозор¸ албатта жонланади. Чет элликлар ëпирилиб келмаса керак¸ лекин вилоятда пули бўлиб¸ уй ололмай юрганларга яхши бўлади¸ дейди Озодлик гаплашган Тошкентдаги кўчмас мулк савдоси билан шуғулланувчи ширкат ходими.

Озодлик билан суҳбатда Тошкентнинг Юнусобод¸ Бешëғоч ва Яккасарой районларида қурилиб¸ ҳар квадрат метри 3¸5 миллиондан 11¸5 миллион сўмгача бозорга қўйилган уй девелоперлари вакиллари¸ бу таклиф амалга кўчиши ўзлари учун яхши ўзгариш бўлишини айтдилар.

- Ҳатто баъзилар¸ бу таклиф Murad Buildingsга ўхшаган девелоперлик компанияларининг лоббичилиги бўлса керак¸ деяпти. Албатта¸ бу биз учун яхши¸ харидор кўпаяди¸ демак уйларимиз нархи ҳам ошади. Қанчаси сотилмай турибди. Лекин бу ҳали таклифку¸ у қабул қилинадими-йўқми¸ қабул қилинса¸ қачон¸ бунисини биз билмаймиз. Ҳозир юристларимиз аниқлашга ҳаракат қилаяпти. Эрта-индин бирор хабар олармиз¸ деди Тошкентдаги янги уй қуриб¸ сотиш билан шуғулланувчи ширкат вакиллари.

Жавобсиз саволлар

Озодлик мухбири янги таклиф истиқболига аниқлик киритиш мақсадида Тошкент шаҳри ва айрим туманлардаги паспорт бўлимлари билан боғланди.

Бу саволга расмийлар жавоби бир хил – ҳеч нарса билмаймиз¸ қонунчиликка қачон тегишли ўзгартиш киритилса¸ биз кейин жавоб бера оламиз¸ деган мазмунда жавоб беришди.

Таклиф муҳокамаси учун олти ой ажратилганидан келиб чиқилса¸ бу таклифни қувватловчи ҳуқуқий базанинг 2017 йил биринчи ярмида қабул қилинмаслиги ойдинлашади.

Айни пайтда¸ Тошкент шаҳрида доимий пропискаси йўқ вилоятликларнинг Ўзбекистон пойтахтида янги уй сотиб олишига рухсат берилса¸ бу уй эгаларига доимий Тошкент пропискаси автоматик тарзда бериладими-йўқми¸ бу каби саволлар жавоби ҳам ҳозирча очиқ қолмоқда.

XS
SM
MD
LG