Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:27

Шерали "ТВда чиқсанг, хотинимни талоқ қиламан" деганларга ваъдасини эслатди


Ўзбекистонлик таниқли ҳофиз Шерали Жўраев "Аҳмад васвасаси" фильмида унга қарши илгари сурилган иддаоларни шахсан инкор қилди. Shov-shuv.uz сайтига интервью берган ҳофиз унинг Ўзбекистон телеканалларига чиқишини тақиқлаган амалдорлар ваъдасини ҳам очиқлар экан, орадан 20 йил ўтиб қилинган бундай туҳмат яна такрорлангудай бўлса, судга мурожаат қилишини таъкидлаган.

Shov-shuv.uz сайтининг мухбири Россиядан даволаниб қайтган Шерали Жўраев билан суҳбатлашиб, "Аҳмад васваси” номли махсус кўрсатувда ҳофизга нисбатан илгари сурилган иддаоларга муносабатини сўради.

Мақолада келтирилишича, ҳофиз шу кунда молиявий пирамида қуришда айбланаётган чинозлик тадбиркор Аҳмад Турсунбоевга пул берганига оид иддаоларни, ҳатто, уни танишини ҳам инкор қилган:

Мақолада ҳофиздан: "Энг қизиғи, бу “бой”нинг исмини ҳам аниқ билмайман. Санъат аҳлининг эл хизматида юриши бурч саналади. Айниқса, етим фарзандларнинг тўйларида беминнат қўшиқ куйлаш фарз ҳамдир. Бир танишим чинозлик тадбиркор моддий кам таъминланган маҳалладошларининг тўйини ўтказиб бераётганини айтиб, таклиф этди. Савоб умидида таклифга рози бўлдим... Санъаткор кўплигидан, “икки яримта” қўшиқ айтдим, холос. Шу билан уйга қайтдим", деган иқтибос келтирилган.

Суҳбат жараёнида ҳофиз сўнгги 20 йилдан ошиқ муддат давомида Ўзбекистон телевидение ва радиоканалларида чиқарилмаётганига ҳам тўхталар экан, бу гал туҳмат билан уни ТВга чиқарган амалдорларнинг ваъдаларини ҳам хотирлатган:

"Шунча санъаткор қолиб, мени “реклама” қилишдан мақсад нима? Бир пайтлар менга ёв бўлган айрим инсонлар айтганди: “Агар сени ТВда кўрсатсам, хотиним талоқ бўлсин!” Қизиқ, уларнинг ваъдаси қаерда қолди? Улар ҳозир ўз мансабида ишлаяптими ё йўқ, бундан бехабарман. Барибир ойнаи жаҳонда кўрсатишар экан, кўрсатишга арзигулик қанча ижодий ишларим, концертларим бор. Инсоннинг хато қилишини кутишадими? Аслида нотўғри ҳаракат қани? Хатоим – етимлар тўйида “2,5 та” қўшиқ куйлаганимми? Хурсандман, ТВда чиқишимни узоқ кутган элимиз учун дийдоримни кўрсатишди. Бироқ, “нотўғри” кўрсатишганидан ранжидим", дейди Шерали Жўраев.

Яъни, ҳофиз унинг Ўзбекистон телевидениесидан олиб ташланишига сабаб бўлган алоҳида амалдорлар борлиги ва, ҳатто, у ТВга қайтмаслиги учун "хотинини талоқ қилишга" тайёр мулозимлар бўлганини айтмоқда. Сайт муҳарририга кўра, ҳофиз айнан қайси амалдорларни назарда тутганини очиқламаган.

Сайт берган хабарга кўра, ҳофиз ЎзТВ намойиш қилинган "Аҳмад васвасаси" кўрсатувидаги каби туҳмат такрорлангудай бўлса, бу ишнинг "тепасида турганлар"ни судга беришини билдирган. Бунга қадар ҳофизнинг вакили BBC ўзбек хизматига берган интерьвюсида Шерали Жўраевнинг айни масалани юристлари билан муҳокама қилаётганини билдирган эди.

Ўзбекистон халқ артисти, севимли ҳофиз Шерали Жўраев кўп йиллардан буён Ўзбекистон расмий теле-радиоканалларида чиқарилмай келмоқда. ЎзТВ кўрсатувида Аҳмадбой пирамидасига пул тиккан саҳна юлдузлари талай экани таъкидланган бўлса-да, айнан Шерали Жўраев ва яна бир таниқли санъаткор - сўз устаси Обид Асомов "Аҳмадбой пирамидасига пул тиккан санъаткорлар" сифатида алоҳида кўрсатилди. Буни инкор қилган ҳар санъаткор ЎзТВнинг иддаоларидан норозлигини билдирмоқда.

30 июнь куни Ўзбекистондаги барча телеканаллар намойиш қилган "Аҳмад васвасаси" номли кўрсатувда Аҳмад Турсунбоевнинг ўзи фирибгар эканига “иқрор” бўлиб мижозларидан узр сўради. Шунингдек, у “молиявий пирамидасининг банкрот бўлиб, боши берк кўчага кирганини“ эътироф қилди.

Бундан ташқари, ушбу кўрсатувда "ҳоким, милиция ва бошқа пулдор мулозимларнинг Аҳмадбойга ўз пулини “кўпайтириш” учун бериб тургани" таъкидланди.

Чиноз "Авто Ҳамкор" ширкати раҳбари 39 яшар Аҳмад Ҳамидович Турсунбоев устидан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 165-моддаси (товламачилик),168-моддаси (фирибгарлик) ва 170-модда (алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан мулкий зарар етказиш) бўйича жиноий иш очилган. Шунингдек Турсунбоев 177-модда - валютани қонунга хилоф равишда олиш ва 178-модда - чет эл валютасини яшириш бўйича ҳам айбланмоқда.

XS
SM
MD
LG