Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:43

Швецияда террорчиликда гумонланиб қўлга олинган ўзбекистонликлар судгача ҳибсда сақланади


30 апрель куни қўлга олинганларнинг 2017 йил 7 апрель куни Стокҳольм марказида террор ҳужуми амалга оширган ўзбекистонлик Раҳмат Оқиловга алоқадор экани гумон қилинмоқда.
30 апрель куни қўлга олинганларнинг 2017 йил 7 апрель куни Стокҳольм марказида террор ҳужуми амалга оширган ўзбекистонлик Раҳмат Оқиловга алоқадор экани гумон қилинмоқда.

3 май куни Швеция пойтахти Стокҳольм шимолидаги Солна туман маҳкамаси 30 апрель кунги махсус амалиëт пайтида қўлга олинган икки ўзбекистонлик ва бир қирғизистонликни тергов амалиëтлари якунига етгунга қадар эҳтиëт чораси сифатида ҳибсда қолдириш ҳақида ҳукм чиқарди.​

Маҳкама жараëнини бевосита кузатган швед журналистларининг Озодликка билдиришича¸ Стокҳольмдаги Kronoberg ҳибсхонасида сақланаëтган судланувчилар маҳкама залига олиб келинмаган¸ аммо жараëнда улар жонли видеомулоқот орқали иштирок этган. Судланувчилар манфаатини адвокатлар ҳимоя қилган.

Маҳкамада террорчиликда гумонланаëтганларнинг шахси очиқланмаган¸ бунинг ўрнига 45¸ 38 ва 29 яшар гумонланувчи¸ деган аниқламалар ишлатилган. 45 ва 29 яшарлиги айтилаëтган судланувчилар Ўзбекистон¸ 38 ëшлиги эса¸ Қирғизистон фуқаросидир.

Жараëнга бевосита алоқадор швед мулозимига кўра¸ тергов жараëнида қўлга олинганлардан икки нафари ўзбек тилли таржимон¸ асли самарқандлик экани айтилаëтган учинчиси эса¸ тожик таржимон сўраган.

30 апрель саҳарида Швеция махсус хавфсизлик идораси полиция билан ҳамкорликда пойтахт Стокҳольмга туташ Акалла райони¸ шунингдек мамлакат шимолидаги Стромсунд шаҳрида аксилтеррор амалиëтлари ўтказган эди. Бу операциялар давомида бир неча шахс қўлга олинган¸ айримлари сўроқдан сўнг қўйиб юборилган эди.

(Ушланганларнинг шахси Озодликка ўша куниëқ сиздирилган¸ бироқ айбсизлик презумпцияси боис эълон қилинмаëтир).

Озодликка маълум бўлишича¸ 29 яшар Ўзбекистон фуқароси 30 апрель куни укаси билан биргаликда ҳибсга олинган. Сўроқдан сўнг қўйиб юборилган укасининг швед матбуотига қайтишича¸ у Ўзбекистонда диний эътиқоди боис муаммога учраганлардан бўлган.

Қўлга олинган ўзбекистонлик гумонланувчилардан бири¸ 45 яшар шахс 2008 йили Швецияга келганидан бир неча йил ўтиб¸ 2015 йили ўз фамилияси¸ 2016 йили эса¸ исмини тўлиғича ўзгартирган.

Мамлакат шимолидаги Стромсунд шаҳрида яшаган бу шахс оиласи билан ажрашгандан кейин¸ пойтахт Стокҳольмга кўчиб келган. Қорақамишдан экани айтилаëтган бу шахснинг¸ Швециядаги ўзбек жамоаси вакилларининг билдиришича¸ 7 нафар фарзанди бор ва собиқ хотини болалари билан ҳозирда ҳам Стромсундда яшайди.

Бу шахсга оид экани айтилаëтган солиқ ҳужжатларидан¸ унинг 2013-2017 йиллар давомида қурилиш билан шуғулланувчи ширкати бўлгани кўрилади. Маҳкамага тақдим этилган ҳужжатларга кўра¸ у қарзларини тўлай олмаганлик ортидан¸ 2017 йили ўз ширкатини ëпишга мажбур бўлган.

Бу шахс бир неча марта ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган ҳолда машина¸ хусусан¸ юк машинаси ҳайдаш билан боғлиқ ҳолатлар ортидан швед полицияси назарига тушган. 2017 йилнинг 7 апрель куни Стокҳольм марказида террор ҳужуми уюштирган самарқандлик Раҳмат Оқилов билан бевосита алоқаси борлиги айтилаëтган бу шахс¸ 2017 йил 1 январидан 2018 йил 30 апрелига қадар Швеция ҳудудида террор хуружи қилишга тайëргарлик кўрганликда гумонланмоқда.

Раҳмат Оқилов Стокҳольм марказидаги пиёдалар юрувчи кўчада юк машинасини атайлаб одамлар устига ҳайдаши оқибатида 5 одам ўлган, 10 нафари жароҳатлаган эди.

Тергов давомида Оқилов бу ишни "Ислом давлати" экстремистик гуруҳи топшириғига кўра амалга оширгани ва мақсади имкон қадар кўпроқ швецияликларни ўлдириш бўлганини тан олган.

Прокуратура маҳкамага йўллаган ҳужжатлар нусхасида 38 ва 29 яшар гумонланувчиларнинг 2017 йил 1 июлидан 2018 йилнинг 30 апрелига қадар пойтахт Стокҳольм ва Стромсундда террор ҳужуми амалга оширишга ҳозирлик кўрганликда айбланаëтгани айтилади. Бу шахслар ҳам¸ маҳкамада келтирилган дастлабки айбловга кўра¸ Оқилов билан алоқада бўлган.

Учала судланувчи тергов охирига қадар ҳибсда сақлашни тақозо қилувчи сабаблар орасида¸ гумонланувчиларнинг Швецияда муқим яшаш мақомига эга бўлмагани учун¸ қочиб кетиш эҳтимоли кучлилиги¸ улар озодликка чиқарилган тақдирда¸ жиноий ҳаракатларга оид далилларни йўқ қилиш ва жиноий фаолиятни давом эттириш таҳликаси сақланиб қолиши тилга олинган.

XS
SM
MD
LG