КОСОНСОЙ. “Мен – Убайдулло Аҳмадалиев, Наманган вилояти Косонсой тумани Мажнунтол МФЙ Яллама кўчаси 35-уйда яшайман. Раҳматли дадам Абдуғафур Аҳмадалиев бундан ўттиз йил аввал сой бўйидаги 18-19 сотих ташландиқ ерни тозалаб, тракторда тупроқ келтириб дарахт эккан эди. Ернинг тупроқ қатлами юпқа экани сабаб ниҳол ўстириш осон бўлмади. Шу вақт давомида бир неча марта сел олиб кетди. Аммо ҳар қанча машаққатли бўлмасин, сабр билан меҳнат қилдик. Дадам вафотидан сўнг мен ободонлаштиришни давом эттириб, боғни обод қилдим.
Жорий йил 5 август куни Зоҳир Мақсудов исмли киши келиб, бизга тегишли ерда салқин ичимликлар сотиш маскани қурмоқчилигини айтди. Менга ўрмон хўжалигининг шартномаси ва Косонсой тумани ҳокими тасдиқлаган лойиҳани кўрсатди. Ўрмон хўжалиги раҳбарига учрасам, “сизнинг боғингиз ташландиқ ҳолатда, ходимларим бориб далолатнома тузиб келишди” деб, далолатномага илова қилинган суратни кўрсатди. У суратнинг менинг боғимга ҳеч қандай алоқаси йўқ.
З.Мақсудовга 13 сотих ажратилган экан. Майли, ҳеч бўлмаса қолган 5 сотихни ўзимизга расмийлаштириб беришларини сўрадик. Аммо қолганини ҳам ўша одамга беришди. Ҳозирда қўшним ва менинг еримда, 28-30 сотих майдонда қурилиш олиб берилмоқда. Бизга шу пайтга қадар “сой бўйида қурилиш ишлари олиб бориш мумкин эмас” деб рухсат беришмаганди. Буларга ким рухсат берди – ҳайронмиз.
Мен мурожаат этган ташкилотлар сизда ҳеч қандай ҳужжат йўқ демоқда. 30 йиллик отамерос боғимизни тортиб олишди”.
(Бу хабар Озодликка 20 сентябрь куни келган.)
Ўзбекистон ва халқаро ҳаётга оид энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли фото-видео тасвирларни Озодликнинг Instagram саҳифасида кузатинг!
|
Шарҳларни кўринг (2)
Бошқа шарҳлар