Линклар

Резюме

"Sizdan Telegram" лойиҳасида Сиздан келаётган хабарлар, фото ва видеолар ўрин олади. Telegram, WhatsApp тармоғидаги рақамларимиз: +420 724 971 539; +420 724 740 755. Электрон почтамиз: ozodlikmail@gmail.com 60 йилдан зиёд вақт мобайнида холис журналистика андазалари асосида фаолият юритаётган Озодлик радиоси, агар истасангиз, шахсингиз сир қолишини кафолатлайди. ******************************************************************************

Муҳим эслатма: "Sizdan Telegram" лойиҳасида бериладиган маълумотлар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

Ёш авлод номидан Самвел Бабаянга мурожаат

"Ёшим эндигина 17 га етди. Лекин футболга қаттиқ боғланиб бўлганман. 11 ёшимдан бери "футбол жинниси"ман. Ўзим ҳам футбол ўйнаб тураман. Жуда зўр ўйинчи бўлмасам ҳам, ҳар ҳолда тенгқурларим ичида йўқолиб қолмайман.

Менга футбол ўйнашдан кўра уни томоша қилиш, кузатиш ёқади кўпроқ. "Чемпион" газетасига ошнолигим бор. Қолдирмасдан ўқийман. Биринчи марта мақола ёзаяпман. Шунинг учун бу мақолам услуби бутунлай "чемпионча" бўлиб қолса ҳам ажабланманг! Мен ўзимнинг илк мақолам орқали Самвел оғага мурожаат қилмоқчиман.

Терма жамоамиз бош мураббийи бу сўзларни менинг тенгқурларим номидан мурожаат тариқасида қабул қилсалар ҳам бўлади… Самвел оға, биз сизга раҳмат деймиз. Сиз жар ёқасида қулашга тайёр турган терма жамоамизни қутқариб қолдингиз! Буни ҳеч ким инкор эта олмайди. Ҳатто ўйинларини дадамдан роҳатланиб тинглаганим, ажойиб футбол юлдузи бўлган, кейинчалик сизнинг лавозимингизда ишлаган, сизга ушбу термани топширган мураббий – Миржалол Қосимов ҳам! Шунақа бўлиб қолди энди… Мен ўзимиздаги ўйинларнинг ҳаммасини стадионда томоша қилдим. Меҳмондаги баҳсларни оинаи жаҳон орқали. Ўйинларимиз турфа хил бўлди, бироқ ҳаммасида енга олдик, шунисини муҳим санадим. Шунисини эътиборли деб билдимки, бундан сўнг ҳам натижа мен учун энг муҳими бўлиб қолаверади. Сиз йигитларга қандай кўрсатмалар берасиз, билмадиму, аммо руҳан уларга далда бўлаётганингиз кўриниб турибди.

Икки ўйинда гол уришга қийналиб қолганимизда, Гейнрихни тушириб ҳам тўғри қилдингиз. Бу ҳам мураббийликнинг муҳим синоати ҳисобланса керакки, Саша ҳам ишончингизни оқлади. Сафардаги баҳсларда кучлироқ ўйин кўрсата олганингиз таҳсинга лойиқ, бироқ энг яхши ва мазмундор ўйинингизни биз "Пахтакор" стадионида, Шимолий Кореяга қарши кўрдик. Бу ўйиндаги ғалаба биз учун энг муҳими бўлиши билан биргаликда, энг чиройлиси ҳам бўлди. Иродали футбол кўрсата олишди акаларим, ўйинни томоша қилар эканман, ўтира олмадим жойимга. Ҳаяжоним қўймади. "Бунёдкор"даги илк ўйин жуда оғир кечганига қарамай, енгишимизни билардим. Енгдик ва ўйиндаги энг таъсирли жойи, майсани ўпганингиз бўлди. Эҳтиросингизга мен ҳам қўшилдим. Ўйинни бир ўртоғим билан томоша қилгандик стадионда. У "қара, қара, Бабаян нима қиляпти..." деб бақириб юборди, ишонасизми? Менинг кўзимда ёш ялтиллади.

Ким нима десин, тўғри қилдингиз! "Оғир стадион"нинг майсасини забт этганингиздан хурсандсиз, деб қабул қилиб қўявердик.Ҳаммаси учун раҳмат, Самвел оға! Эндигина футболга ошино бўлган биз – ёш мухлислар учун тақдим этганингиз - ажойиб онлар учун миннатдормиз сиздан! Раҳмат! Энди эса олдинда қийин синовлар кутиб турибди. Кейинги босқич оғир бўлишини биринчи марта кўрганим – ЖЧ-2014 саралаш баҳсларидан биламан. Терма жамоамизга оид маълумотларни ҳам етарлича ўзлаштирганман. Мисол учун, терма жамоамиз ҳеч қачон ушбу босқичдан ўта олмаганини, дастлабки ўйинларни муваффақиятли бошламаганини, шу босқичда мураббийларнинг алмашгани фойда бермаганини ва бу ўйинларга қадар ўртоқлик баҳслари жуда кам ўтказилганини яхши биламан. Ўқиганман, эшитганман, кузатганман.

Ҳурматли Самвел оға! Сизнинг савиянгизни таҳлил қилиш бизга эмас. Аммо шунча миннатдорчилик билдираётган ёш авлоднинг илтимосини ҳам эшитиб қўйинг, илтимос: Биз ҳали ёшмиз, олдимизда насиб қилса ҳали узоқ йиллар ва кўпгина мундиал саралашлари бор. Ҳозирда биздан катта акаларимиз ўзларининг футболга қизиққан илк кунларини эсга олишади. Хиросимадаги чемпионлик, Қосимовнинг жарима тўплари, Шацких деган ўйинчининг олтин голлари, Бугало деган дарвозабоннинг сейвлари, Ширшов деган ёқимтойнинг ажойиб ҳаракатлари... Қанчалар футбол ишқибози билан гаплашмай, уларнинг оғзидан асосан шу ҳақдаги гапларни эшитаман. Демак, чиндан ҳам улар зўр бўлган. Лекин мураббийлар ҳақида кўп гапирмайдилар. Фақатгина ўзим кўрганим – Абрамовнинг тўрт йил олдинги ўйинларидан бошқа. Унинг ўйинлари ҳам асосан чиройга қурилган, натижа эътибори билан эса тўлиқ пишиб етилмаганди.Самвел оға! Сиз ҳозир олтин даврда турибсиз. Сизни ё бор қиладиган, ё... Айтмай қўя қолай давомини... Шу лаҳзаларда бир орзу ўрмаламоқда ичимда: Биз катта бўлганимизда, ёш авлодга ҳикоя қилиб беришга арзийдиган ўйинлар бўладими?"

​----------------------------------------------------------------------

Илтимос, "Sizdan Telegram" лойиҳасига юбораётган хабарингизга, имкони бўлса, фото, видео ёки бошқа ҳужжатларни илова қилинг!​

XS
SM
MD
LG