Линклар

Шошилинч хабар
20 июл 2018, Тошкент вақти: 02:25

БУХОРО – "Газ қуйиш шохобчаларидаги ўғрилик схемалари қандай ишлашини айтиб берайми?"


Иллюстратив сурат

ҒИЖДУВОН. "Бухоро вилояти Ғиждувон туманидан мактуб йўлламоқдаман. Автомобилларга газ қуйиш шохобчаларига эгалик қиладиган хусусий фирма амалга ошираётган жиноятлар тўғрисида ёзмоқчиман. Мен фирма номи ва бошқа тафсилотларни очиқламайман. Негаки, бундай жиноят бошқа фирмалар фаолиятида ҳам бўлиши мумкин. Қолаверса, жиноят содир этаётганларни фош қилиш ва буни исботлаш ҳуқуқ идоралари зиммасидаги вазифадир.

Ушбу фирма Ғиждувон тумани ва Бухоро шаҳрида автомобилларга сиқилган (метан) ва суюлтирилган (пропан) газ сотиш билан шуғулланади. Фирманинг автомобилларга сиқилган газ қуйиш компрессор станциясида жуда катта миқдорда табиий газ ўғирланмоқда. Хўш, ўғрилик қандай амалга оширилади?

Ҳозирда автомобилларга сиқилган газ қуйиш станцияларида ҳисоблагичлар (автоплотлар) мавжуд бўлиб, амалдаги қонунчилик ва газ идорасининг талабига асосан ҳисоблагичлар газ тармоғининг бошида бўлиши керак. Аммо биз ҳикоя қилаётган корхона ўзига тегишли шохобчаларнинг барчасида газ ҳисоблагични ичкарида жойлаштириб олган.

Ўғрилик икки усулда амалга оширилмоқда.

1. Газни ҳисоблагичдан ўтмаслик мақсадида яширин тарзда қувур тортилган. Компрессорлар газ тортганида у ҳисоблагичдан эмас, яширин қувурдан ўтади. Натижада газ ҳисоблагич ишламайди.

2. Газ ҳисоблагич хотираси доимий равишда компьютер орқали тозалаб турилади.

Масалан, корхонада 3 та компрессор, 24 та колонка бор. Аммо ҳозиргидай кунлик 10-9 минг кубометр газ сотиш учун бунча колонка ва бунча компрессор керак эмас.Қинғирликларни яна бир жиҳат фош этмоқда. Корхона 400 минг кубометр газ сотиш учун 43-45 миллион сўмлик электр токи сарфлайди. Лекин вилоятдаги бошқа газ қуйиш шохобчалари 500 минг кубометр газ сотгани учун 30-33 миллион сўм атрофида электр энергиясидан фойдаланади. Фарқни кўрдингизми?

Ушбу корхонада бир кунда газдан ноқонуний фойдаланиш 10-11 минг кубометрни, бир ойда эса 300-350 минг кубометрни ташкил этади. Энди давлатга бир ойда етказиладиган зарарни хомчўт қилиб кўрайлик.

Газ солиғи:300 000 м3 * 305= 91 500 000 сўм

Ягона солиқ: 20 925 000 сўм

Инвестиция қўшимчаси:300 000 * 500 = 150 000 000 сўм

Газ тўлови: 300 000 * 289,74 = 86 922 000 сўм

Бошқа харажатлар ҳам қўшилса, ушбу сумма тахминан 436 миллион сўмни ташкил этади.

Ушбу жиноятдан нафақат давлат, халқ ҳам жабр кўрмоқда. Гап шундаки, Ғиждувон тумани газдан ҳар куни 15-17 минг кубометр, ҳар ойда 450-510 минг кубометр қарз бўлиб қолмоқда. Ушбу қарзларни ёпиш эса аҳоли зиммасига юкланмоқда.

Туман, вилоят газ идораси бу каби қинғирликлардан бехабарми? Бехабар қолиш мумкин эмас! Улар жиноятчиларга чора кўриш ўрнига, уларнинг қарзини аҳоли гарданига юкламоқда.Бунинг эвазига чўтал, улуш олиб келишмоқда.

Ғиждувон халқи неча йиллардан буён газ йўқлигидан қийналиб келмоқда. Бу ёқда эса қийналгани етмагандек емаган сомсасига пул ҳам тўламоқда. Бу эса халққа зулм, қонунга эса ҳурматсизликдир. Ғиждувон халқи асоссиз қарзлардан халос этилиши, давлатга ва халққа етказилган зарар тўлиқ қопланишини талаб қиламиз".

​Ўзбекистон ва халқаро ҳаётга оид энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли фото-видео тасвирларни Озодликнинг Instagram саҳифасида кузатинг!

******************************************************************************

Резюме

"Sizdan Telegram" лойиҳасида Сиздан келаётган хабарлар, фото ва видеолар ўрин олади. Telegram, WhatsApp тармоғидаги рақамларимиз: +420 724 971 539; +420 724 740 755. Электрон почтамиз: ozodlikmail@gmail.com 60 йилдан зиёд вақт мобайнида холис журналистика андазалари асосида фаолият юритаётган Озодлик радиоси, агар истасангиз, шахсингиз сир қолишини кафолатлайди. ******************************************************************************

Илтимос, "Sizdan Telegram" лойиҳасига юбораётган хабарингизга, имкони бўлса, фото, видео ёки бошқа ҳужжатларни илова қилинг!​

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG