Линклар

19 феврал 2018, Тошкент вақти: 02:56

ҚИЗИРИҚ – "Президент ҳеч кимга билдирмай туманимизга келиб, шифохоналарни ўзи текширсин!"


ҚИЗИРИҚ. "Мен – Муҳайёхон Каримжоноваман, Сурхондарё вилояти Қизириқ туманидан ёзмоқдаман. 2018 йил 11 январь кечаси ўғлимнинг тоби қочиб қолди. Қизилўнгач атрезияси касаллиги билан туғилган фарзандим ўша кеча сўрғич қанд еб тиқилиб қолди, сув ичкизмоқчи бўлган эдим, уни қайтариб чиқарди, ҳириллаб нафас ололмай қолди. Қизириқ туман шошилинч тиббий ёрдам марказига олиб бордим. "Шу ерда ўтириб туринг", деб бир хонада қолдириб кетишди, лекин анча вақтгача ёрдам беришмади. "Нима болам ўлганидан кейин қарайсизларми?!" деб бақириб берганимдан кейин ёнимга бир врач келди. "Термизга олиб боринг, ёрдам беролмаймиз", деди. "Мутахассисни чақиринглар, кўрсин", десам, "У уйига кетган", дейишди.

Термиздаги врачимга қўнғироқ қилиб, вазиятни тушунтирдим. У менга болангиз оғзини сув билан тўлдириб, бирдан ютсин деб маслаҳат берди. Кейин Қизириқ туман шошилинч тиббий ёрдам маркази маъмуриятидаги қўнғироқ қилиб, ходимлари ёрдам кўрсатмаганини айтдим. Ўғлимнинг жони оғриб турибди, лекин шифокорлар кўмак бермади. Медицина ходимларига жуда кўп имтиёзлар берилди, мана, яқинда пенсия ёшидаги шифокорлар ҳам ойликни, ҳам пенсияни тўлиқ оладиган бўлди.

Лекин ҳали-ҳамон врачлар орасида порахўрлик бор, камбағал келса қарашмайди. Чўнтагига озроқ пул солсангиз борми, атрофингизда парвона бўлишади. Ойликка қаноат қилишмайди, тиланчидек беморнинг қўлига қарашади. Беморларга ажратилган дори-дармонни ҳам ўзлаштиришади. Ўғлимни даволатай деб, нажот истаб, беш йилдан бери югура-югура шифокорларнинг турли тоифасини кўрдим. Масалан, Тошкентда врачлар қўлидан келганча ёрдам беришга ҳаракат қилади. Аммо туманимиздаги шифокорлар одамларнинг соддалиги, ҳақини талаб қилмаслигидан фойдаланиб, зиммасидаги вазифани бажармайди.

Шу муносабат билан Президентимизга мурожаат қилмоқчиман. Илтимос, ҳеч кимга билдирмасдан Қизириқ туманига келиб, шифохоналарни текширинг, гапларим тўғри эканига гувоҳ бўласиз, кўзбўямачиликларни ўз кўзингиз билан кўрасиз".

******************************************************************************

Резюме

"Sizdan Telegram" лойиҳасида Сиздан келаётган хабарлар, фото ва видеолар ўрин олади. Telegram, WhatsApp тармоғидаги рақамларимиз: +420 724 971 539; +420 724 740 755. Электрон почтамиз: ozodlikmail@gmail.com 60 йилдан зиёд вақт мобайнида холис журналистика андазалари асосида фаолият юритаётган Озодлик радиоси, агар истасангиз, шахсингиз сир қолишини кафолатлайди. ******************************************************************************

Илтимос, "Sizdan Telegram" лойиҳасига юбораётган хабарингизга, имкони бўлса, фото, видео ёки бошқа ҳужжатларни илова қилинг!​

XS
SM
MD
LG