Линклар

Шошилинч хабар
25 август 2019, Тошкент вақти: 20:43

АНДИЖОН – “Пахтаобод туман ҳокимлиги ST даракчиси мактубига жавоб йўллади”


“Сиздан Телеграм”да муштарийлардан бирининг “Таъмирдаги мактаб томи эски ёғоч билан ёпилмоқда” сарлавҳали хабари чоп этилган эди. Унда Андижон вилояти Пахтаобод тумани Маданият қишлоғидаги 28-мактаб таъмири сифатсиз бажарилаётани қайд этилган эди. Пахтаобод туман ҳокимлиги матбуот хизмати ушбу мактубга жавоб йўллади. Қуйида жавоб хати эътиборингизга ҳавола этилмоқда.

“Таъмирлаш ишлари хабар муаллифининг “тирноқ остидан кир қидириш”га уринганини яққол кўрсатиб турибди. Ушбу мактабни замонавий ўқув масканига айлантириш учун вилоят ҳокими ташаббуси билан маҳаллий бюджет ҳисобидан маблағ ажратилиб, кенг кўламдаги қурилиш ишлари бошлаб юборилган. Айни пайтда асосий ўқув ҳамда бошланғич синфлар учун мўлжалланган биноларнинг том қисми янги ёғочлар билан ёпилмоқда. Шунингдек, спорт залида сифатли пардозлаш ишлари якунига етиш арафасида. Янги ўқув йилидан бошлаб ўқувчилар ушбу мажмуада спортнинг бир неча тури билан шуғулланиш имкониятига эга бўлади.

Замонавий қиёфа касб этаётган ўқув масканидаги бунёдкорлик ишлари нафақат Пахтаобод туман мутасаддилари, балки вилоят ҳокимлиги ва халқ таълими бошқармаси эътиборида ҳам турибди. Шундай экан, бу билим даргоҳида олиб борилаётган жорий таъмирлаш ишларида қурувчилар эски қурилиш материалларидан фойдаланилаётгани ҳақиқатдан буткул йироқ.

Дарвоқе, “Унда бу ёлғон хабарни тарқатишдан муаллифнинг муддаоси не эди?” деган табиий савол туғилади. Мактаб маъмуриятининг қайд этишича, нотўғри хабар тарқатган муаллиф билим даргоҳи билан девордармиён қўшни. У мактабда жорий таъмирлаш ишлари бошланиши биланоқ турли найранглар кўрсатиб, қурилишга халал бериб келмоқда. Унинг бирдан-бир мақсади – мактаб томонга уйидан дарча очиш. Хавфсизлик нуқтаи назаридан бу мутлақо мумкин эмас. Шу боис, мактаб маъмуриятидан қасд олиш мақсадида ҳақиқатга умуман зид хабар тарқатишга уринган.

Ҳурматли хабар муаллифи, сизга шуни эслатиб ўтмоқчимизки, асосга эга бўлмаган, ёлғон маълумотларни бериш қонунга зид. Адолатни фақат ўз қаричингиз билан ўлчамасдан, қолаверса, адоватга тўла юрагингизни қора доғлардан тозалаб, теранроқ мушоҳада юритганингизда эди, эрта-индин фарзандингиз таълим оладиган маскандаги қурилиш ишларига бундай муносабат билдирмас эдингиз. Зеро, эртамиз умидлари саналган ёшларнинг ҳар томонлама комил инсон бўлиб етишишлари учун барча қулайликларга эга билим даргоҳини таъмирлашда ҳеч бир инсон ноҳалолликка йўл қўйишга ботина олмайди”.

(Бу хабар Озодликка 6 август куни келган.)

​Ўзбекистон ва халқаро ҳаётга оид энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли фото-видео тасвирларни Озодликнинг Instagramсаҳифасида кузатинг!

Резюме

"Sizdan Telegram" лойиҳасида Сиздан келаётган хабарлар, фото ва видеолар ўрин олади. Telegram, WhatsApp тармоғидаги рақамларимиз: +420 724 971 539; +420 724 740 755. Электрон почтамиз: ozodlikmail@gmail.com 60 йилдан зиёд вақт мобайнида холис журналистика андазалари асосида фаолият юритаётган Озодлик радиоси, агар истасангиз, шахсингиз сир қолишини кафолатлайди. ******************************************************************************

Илтимос, "Sizdan Telegram" лойиҳасига юбораётган хабарингизга, имкони бўлса, фото, видео ёки бошқа ҳужжатларни илова қилинг!​

XS
SM
MD
LG