УРГУТ. “Самарқанд вилояти Ургут тумани Ўроқбойжар маҳалласидан ёзмоқдамиз. Биз – Хўжамурод Умуров, Рўзибой Сатторов, Машраб Даминов ҳамда Нодир Каримов, жорий йил 5 октябрь куни Жиззах вилояти Бахмал тумани Ўсмат маҳалласидаги 57-мактаб қурилишига бордик.
Қурилишда усталар учун умаман шароит яратилмаган экан. Йўлкира қилиб келганимиз учун ишлашга мажбур бўлдик. Зинани қуриб берсангиз пул берамиз дейишди. Айтилган ишни қилдик. Аммо раис “бутун мактаб йўлагини бетон қилиб берсанглар, кейин пул берамиз” деди.
Бу орада биримизнинг онамиз оғир аҳволда шифохонага тушиб қолди. Иш берувчилардан ҳеч бўлмаса йўл кира сўрадик. Ҳақимизни бериш қаерда, маст ҳолда келиб бизни ҳақорат қилишди.
Шеригимиз ушбу ҳолатни телефони орқали видеога ола бошлади. Шунда маҳаллий зўравонлардан бири шеригимизни “Жентра” русумли (давлат рақами – 25 Е777АА) машинасига тиқиб, калтаклагани олиб кетмоқчи бўлди.
Бу орада улар кўпчиликлашиб куракда турмайдиган гаплар билан ҳақоратлашди, уриб турткилашди. Ялиниб-ёлвориб аранг қочиб қутулдик. Иш ҳақимизни ҳам беришмади. Бизни ҳақоратлаб хўрлашди. Воқеани видеога олган эдик. Телефонимизни ҳам тортиб олишди. Ҳуқуқ идораларидан жиззахлик зўравонларга қарши чора кўришларини сўраймиз”.
(Бу хабар Озодликка 12 октябрь куни келган.)
Ўзбекистон ва халқаро ҳаётга оид энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли фото-видео тасвирларни Озодликнинг Instagram саҳифасида кузатинг!
|