Линклар

Шошилинч хабар
24 август 2019, Тошкент вақти: 10:24

ФАРҒОНА – “МИБ ходимининг айби билан ҳаётим барбод бўлди, Қозоғистонда чўрига айландим”


ФАРҒОНА. “Фарғоналикман. Айни пайтда Қарағандадаман. МИБ ходимининг айби билан ҳаётим барбод бўлди, Қозоғистонда чўрига айландим.

Бир оёғим оқсоқлиги боис кеч – 27 ёшимда 45 ёшли эркакка турмушга чиқдим. Бўйимда бўлиб, яхши ниятлар билан фарзанд кута бошладик. Аммо 2018 йил куз ойлари уйимизга МИБ инспекторининг келиши ҳаммасини йўққа чиқарди.

Ўша куни эрим ишда, ўгай ўғилларим ўқишда эди. Уйда ёлғиз эдим. Эшик тақиллади, чиқсам МИБ инспектори экан. Икки кун олдин тўлов қилганимиз, қарзимиз йўқлигини айтиб эшикни юзига ёпдим. МИБ ходими эшик олдида туриб олди. Қўшнилар эътиборини жалб қилмай деб иложсиз очдим. Менга бир парча рангли қоғоз тутқазди. Олганингиз тасдиғи учун паспортингиз нусхасини олиб чиқинг деди. Расмий қоғоз экан деб паспорт нусхамни бердим. МИБ ходими энди бирга расмга тушмасак бўлмайди, топшириқ шунақа деб туриб олди. Рози бўлмадим. Ёнимга яқин келганда шериги суратга олиб кетди.

Эртаси эрта тонгда эрим сменадан қоровулликдан қайтгач, жанжал бошланди. “Сен енгилтак, мен йўқлигимда МИБ ходимлари билан сельфи қилиб суйкалдингми?!” деб мени тепиб ташлади. Сочимдан судраб кўчага чиққанда, қўшнилар ажратиб олди. Кўз олдим қоронғилашди, ҳомилам тушиб, аввал ҳам операция қилинган мажруҳ бўксам чиқиб кетибди. Ҳушимга келганда касалхонада эдим. Орадан 5 кун ўтиб бўксам гипси билан Данғарадаги холам уйига олиб кетди. Эрим менинг талоғимни берибди.

Икки тараф қудалар, маҳалла фаоллари, имомлар оилани сақлаш учун МИБ ходими билан юзма-юз қилишди.

МИБ ходими республика идорасидан топшириқ келгани, аҳоли ўртасида тарғибот қилинаётгани исботи учун расмга тушганини айтди. Аммо эрим мени қайтиб қабул қилмади.

МИБнинг аҳмоқона тарғиботи ҳаётимни остин-устун қилди. Эндиликда Қозоғистонда бия соғиб, таппи ғамлаб чўрилик қилиб юрибман. Яқинда ўзбек санъаткорлари МИБни мақтаганини кўриб, улардан нафратланиб кетдим...”

(Бу хабар Озодликка 2 август куни келган.)​

​Ўзбекистон ва халқаро ҳаётга оид энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли фото-видео тасвирларни Озодликнинг Instagramсаҳифасида кузатинг!

Резюме

"Sizdan Telegram" лойиҳасида Сиздан келаётган хабарлар, фото ва видеолар ўрин олади. Telegram, WhatsApp тармоғидаги рақамларимиз: +420 724 971 539; +420 724 740 755. Электрон почтамиз: ozodlikmail@gmail.com 60 йилдан зиёд вақт мобайнида холис журналистика андазалари асосида фаолият юритаётган Озодлик радиоси, агар истасангиз, шахсингиз сир қолишини кафолатлайди. ******************************************************************************

Илтимос, "Sizdan Telegram" лойиҳасига юбораётган хабарингизга, имкони бўлса, фото, видео ёки бошқа ҳужжатларни илова қилинг!​

Шарҳларни кўринг (2)

XS
SM
MD
LG