Линклар

Шошилинч хабар
24 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:38

ТОШКЕНТ – “Олмалиқ комбинати раҳбарияти атроф-муҳит тозалигига эътибор қаратмаяпти”


ОЛМАЛИҚ. “Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳридан мактуб йўлламоқдаман. Ҳозир пенсиядаман. Шаҳар ривожига озми-кўпми камтарона меҳнатим сингган. Охирги йиллар шаҳар ҳокимлиги, хусусан, Олмалиқ кон-металлургия комбинати раҳбарларининг атроф-муҳит ва атмосфера тозалигига бефарқ муносабатини кузатиб, дилим оғрийди.

Олмалиқ меҳнаткашлари фидокорона меҳнати билан мамлакатимиз равнақига ҳазилакам ҳисса қўшмаяпти. Бу ерда кунига юзлаб тонна олтин, мис, рух, қишлоқ хўжалиги учун ўғит ишлаб чиқарилади. Бу эса ўз-ўзидан бўлмаяпти. Бунинг орқасида ўн минглаб кончи ва металлургларнинг оғир экологик шароитдаги заҳматли меҳнати турибди.

Металлургия саноатининг салбий томонларидан бири технологик жараён давомида атроф-муҳит учун ўта хавфли бўлган олтингугурт гази – SO2 тарқатилади. Бу газнинг ҳаводаги миқдори ошиб борган сайин, у нафақат барча жонзотларнинг нафас олиш йўлларига зарар қилиши, балки ўнлаб километр атрофдаги экинларни қуритиб юбориши мумкин.

Олмалиқда ўсиб, катта бўлган инсонлар билади, бир пайтлар йиллар давомида баҳорнинг сўнгги ойидан то кузгача – ярим йиллаб, мис эритиш заводининг трубасидан газ бурқсимас эди. Мана шу олти ой давомида, йилнинг айни қизиган палласида нафақат шаҳарда, балки қўшни Пскент ва Оҳангарон туманларининг шаҳарга ёндашган қишлоқларида ҳам ҳаво сезиларли тозаланиб, аҳоли бемалол нафас олар эди. Эҳтимол бунга ўша пайт комбинатда меҳнат қилган каттаю кичик раҳбарларнинг барчаси ушбу шаҳарда яшагани, уларнинг фарзанду набиралари маҳаллий мактаб ва боғчаларга қатнагани ҳам сабаб бўлгандир. Кейинчалик раҳбарлар бир неча марта ўзгариб, кейин келганларнинг оиласи пойтахтда яшаб, ўзлари ишга Тошкентдан қатнай бошлагач, шаҳардаги экологик муҳит ёмонлашди.

Шаҳар ҳавосининг заҳарланиш даражасини пасайтириш бугунги кунда ҳам долзарб масала бўлиб қолмоқда. Шу йилгача атроф-муҳитга зарар етказувчи асосий манба мис эритиш заводи ҳисобланар эди. Жорий йилнинг бошидан буён эса Рух заводи трубасидан ҳам газ бурсиқиб қолди. Рух заводидан чиқадиган олтингугурт гази ўзига хос хусусиятга эга. У мис эритиш заводидан чиқадиган газ каби атрофни қуюқ туман билан қопламайди, аксинча уни кўз илғамайди. Лекин ўта ўткир ва атроф-муҳитга зарари кучли. Ҳозир рух заводи атрофида жойлашган маҳаллалар аҳолиси ушбу газдан азият чека бошлади. Шу йил апрель ойида эса газ ён-атрофдаги мавзеларда энди кўкарган ўсимликларни ҳам қовжиратиб кетди.

Афсус ила қайд этиш лозимки, атроф-муҳитни зарарлаш борасида Олмалиқ мамлакатимизда биринчи ўринда туради. Комбинат янги раҳбариятининг мақсади фақатгина бизнес эмас, балки мана шу заминни ҳам обод қилиш, атроф-муҳит тозалигини сақлаш ҳам бўлиши керак. Раҳбарият ўзгарганига ярим йилдан ошди, аммо шу кунгача атроф-муҳит тозалиги бўйича бирон ҳаракат қилингани сезилмади. Матбуот хабарларига қараганда, ОКМК маҳсулот ишлаб чиқаришни яқин келажакда кескин оширишни режалаштиряпти. Шу ўринда ҳақли савол туғилади: иккала заводдаги тутун тортишга мўлжалланган мавжуд ускуналар (газ сўрғич ва конверторлар, газни қайта ишлаш жиҳозлари ва бошқалар) бундай юкламани торта оладими?! Комбинат раҳбариятининг мақсади Қозоғистон ва бошқа давлатлардан келтирилган сифатсиз концентратларни маҳаллий концентрат билан аралаштириб, мўмай фойда олиш ва юқорига чиройли ҳисобот бериш бўлмаслиги керак. Комбинат экология ва табиатни муҳофаза қилиш борасида амалий ишлар қилиши шарт!”

(Бу хабар Озодликка 17 июнь куни келди)​

​Ўзбекистон ва халқаро ҳаётга оид энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли фото-видео тасвирларни Озодликнинг Instagramсаҳифасида кузатинг!

Резюме

"Sizdan Telegram" лойиҳасида Сиздан келаётган хабарлар, фото ва видеолар ўрин олади. Telegram, WhatsApp тармоғидаги рақамларимиз: +420 724 971 539; +420 724 740 755. Электрон почтамиз: ozodlikmail@gmail.com 60 йилдан зиёд вақт мобайнида холис журналистика андазалари асосида фаолият юритаётган Озодлик радиоси, агар истасангиз, шахсингиз сир қолишини кафолатлайди. ******************************************************************************

Илтимос, "Sizdan Telegram" лойиҳасига юбораётган хабарингизга, имкони бўлса, фото, видео ёки бошқа ҳужжатларни илова қилинг!​

XS
SM
MD
LG