Линклар

Шошилинч хабар
12 декабр 2018, Тошкент вақти: 23:54

САМАРҚАНД – "Лой кўчалар, ишсиз одамлар ва ваъдабоз раҳбарлар"


КАТТАҚЎРҒОН. "Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани Қиймадўз қишлоғидан мурожаат йўлламоқдаман. Қишлоқ ва туман аҳлини узоқ йиллардан бери қийнаб келаётган муаммолар бартараф этилишини истаймиз. Қишлоғимизда 1000 га яқин киши истиқомат қилади.

1987 йили Оқдарё устида қишлоғимизни Хатирчи тумани билан боғловчи темир кўприк қурилган. Бу кўприкдан нафақат хатирчиликлар, 10 га яқин қишлоқ аҳолиси фойдаланиб келади. Афсуски, кейинги 15 йил ичида кўприк яроқсиз ҳолга тушиб қолди. Болаларимизнинг аксари Хатирчидаги рус мактабига қатнайди. Кўприкдан ўтиш эса жуда хавфли, қишда яхмалак, ўтган йили бир қизча дарёга тушиб нобуд бўлди. Кўприк панжаралари олиб ташланган-да.

Йўлларимиз ҳам жуда аянчли аҳволда. Қишлоқ йўлларига 1950-йилларда асфальт ётқизилган. Айрим йўлларда эса шағал ҳам йўқ. Ёғингарчилик кунларида тизза бўйи лойга ботиб қоламиз. Хусусан, қишлоқдан туман маркази Пайшанбагача бўлган 37 километрлик йўлнинг абгорлигини кўрган одам йиғлаб юбориши аниқ. Автомобиллар масофани 1,5-2 соатда аранг босиб ўтади. Туман мутасаддилари ҳар йили йўлимизни тузатишлари ҳақида қоп-қоп ваъда бергани билан амалий натижа бўлгани йўқ. Ҳатто фермерлардан йўлни тузатамиз деб пул ҳам йиғишган. Лекин алдагани бола яхши дейишганидек, фалон дастурга киритилди, писмадон дастурга киритилди, деб алдашади. Бу дастурбозликларнинг охири борми?

Газ босими ҳақида, майли, гапирмай қўяқолайлик. Туманнинг энг чекка қишлоғи бўлганимиз учун биз унутилганлар сирасига кирамиз.

Атрофимиздаги қўшни қишлоқлар ҳолини хам яхши деб бўлмайди. Бир пайтлар кинотеатр, ҳаммом, савдо дўконлари, маданият клублари, чўчқачилик ва қорамолчилик фермалари бўлган қишлоқда ҳозирда битта кичкина кўримсиз дўконча ва йўллари абгорлигидан болалар қатнови кам бўлган 62-мактаб қолган, холос.

Ичимлик суви масаласида ҳам аҳвол чатоқ. Шундоқ ёнимиздан Хатирчи тумани сув қувури ўтган. Лекин қишлоғимизда номига бўлсаям водопровод йўқ.

Бир неча бор Оқдарёга сел келиши оқибатида ариқ зовурларимиз тошиб, унинг олдида яшайдиган аҳоли тураржойлари қулаб тушди. Қишлоқ ёшлари иш қидириб, Хатирчига ва бошқа жойларга чиқишади. Лекин ўша Хатирчидаям бирон тайинли корхона йўқ-да. Телевизорда депутатлар ҳудудларга чиқиб ўрганаётганини кўрсатишади. Лекин улар бизнинг қишлоқ уёқда турсин, ҳатто хўжалигимиз марказига ҳам келмайди. Сабаби, оч қорним – тинч қулоғим!..

Нима учун Президент айтаётган гаплар бизнинг туманда ёки қишлоқда амалга ошмайди? Қайтанга, маҳаллий раҳбарлар одамларни қийнаб, сарсон-саргардон ва хор қилиш билан банд.

Мана, яқинда мажбурий ижро бюросидан келиб, 16 та хонадон ноқонуний қурилган, бузамиз дейишди. Ваҳоланки, уйларимиз кадастр қилинган. Лекин кадастр қоғозини қўлимизга беришгани йўқ. Уйларимиз жойлашган ҳудуд аллақачонлар фермер балансидан чиқарилган экан. Энди ҳокимиятдагилар келиб, ҳар бир сотихига 500 мингдан берсанг тегмаймиз, бўлмаса бузамиз деб дўқ-пўписа қиляпти. Биз ишсиз бечоралар бунча пулни қаердан оламиз? Хароб аҳволдаги қишлоғимиз муаммоларини ўрганишга келганлар ҳам ҳеч нарса қилиб бермади. Умидвор қилиб кетди, холос. Бизга маълум бўлишича, республикада ноқонуний уй-жойларни эгасига хатлаб бериш акцияси кетаётган экан. Бир миллион уч юз мингдан тўласангиз, 3 ойгача тегмаймиз, деган мазмунда хат ташлаб кетишди. Масалан, менинг 4 та болам бор, улардан бири туғма ногирон, қулоғи эшитмайди. Турмуш ўртоғим ишлагани кетган, лекин топган пули рўзғорга учма-уч бўлади. Боламга тайинланган нафақа эса унинг овқати, кийими ва дорисига етмайди.

Муаммоларимиз ҳақида қанча гапирмай шунча оз. Биз ҳам дунёга бир марта келганмиз, одамдек яшашга ҳақимиз бор. Биз ҳам Ўзбекистон фуқаросимиз ва давлатга солиқ тўлаяпмиз.

Биз узоқ вақтдан бери кутиш келяпмиз. Лекин натижа бўлмаяпти. Бизнинг қишлоқ ҳам "Обод қишлоқ" дастурига киритилишини хоҳлаймиз. Бундан ташқари, республикадан комиссия келиб, ҳудудимизнинг барча муаммоларини ўрганиб, уларни ҳал қилиб беришларини сўраймиз".

​Ўзбекистон ва халқаро ҳаётга оид энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли фото-видео тасвирларни Озодликнинг Instagram саҳифасида кузатинг!

******************************************************************************

Резюме

"Sizdan Telegram" лойиҳасида Сиздан келаётган хабарлар, фото ва видеолар ўрин олади. Telegram, WhatsApp тармоғидаги рақамларимиз: +420 724 971 539; +420 724 740 755. Электрон почтамиз: ozodlikmail@gmail.com 60 йилдан зиёд вақт мобайнида холис журналистика андазалари асосида фаолият юритаётган Озодлик радиоси, агар истасангиз, шахсингиз сир қолишини кафолатлайди. ******************************************************************************

Илтимос, "Sizdan Telegram" лойиҳасига юбораётган хабарингизга, имкони бўлса, фото, видео ёки бошқа ҳужжатларни илова қилинг!​

XS
SM
MD
LG