Линклар

Шошилинч хабар
19 ноябр 2018, Тошкент вақти: 04:39

CАМАРҚАНД – "Менга ажратилган ерни ҳокимлик тортиб олди"


САМАРҚАНД. "Мен – Дилшод Рўзиқулов, Самарқанд тумани Юқори Қайнама маҳалласидан мурожаат йўлламоқдаман. 2009 йил 25 апрелда Самарқанд туман ҳокими уй-жой қуришим учун ер участкаси бериш ҳақида қарор қилган эди. Туман бош архитектори ва кадастр идораси бошлиғи кўрсатмасига асосан "Фотима Қосимова Агротехсервис" агро фирмасига қарашли 469-контурдаги ердан жой беришди. Ушбу ерни чиқиндилардан тозалаб, қонунда белгиланган солиқларни тўлаб келдим. Аммо фарзандим Дониёрбек саратон касалига чалингани, уни марказий шифохоналарда даволатаётганим сабаб ўз вақтида уй-жой қуришга имкониятим бўлмади. Уйим йўқлиги учун Самарқанд шаҳрида ижарада яшаб, ажратилган ерда имкон даражасида уй-жой қураётган эдим. Туман ҳокими 469-контурдаги ерни бошқа фуқарога ажратиш ҳақида 121-Қ-сонли қарор ҳам қабул қилган экан. Ҳоким 2018 йилда фуқаролик ишлари бўйича Тайлоқ туманлараро судига даъво аризаси киритиб, мен қуйган бетон пойдеворни буздиришни сўраган. Суд 10.05.2018 йилда даъвони қаноатлантириб, пойдеворни бузиш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилган. Ўша қарорни сўрадик, почта орқали юбордик, деб беришмади. Шундан кейин Президент қабулхонасига суд қарорини олиб беришни сўраб уч марта мурожаат қилдик. Аммо қарорни беришмади.

Президентимиз Вазирлар Махкамаси мажлисида, "ҳар бир ариза ва шикоятга индивидуал ёндашиштизими жорий қилингани, фуқароларнинг қонуний мурожаатларини қисқа муддатда синчиклаб кўриб чиқишни ва ҳал этишни таъминлаш, бундан буён агар аризачи олган жавоб хатидаги ўз қонуний муаммоси ечимидан қаноат ҳосил қилмаса, бундай мурожаат назоратдан олинмаслиги”ни айтган эди. Тайлоқ туманлараро судининг раиси О.Назаров ва Президент қабулхонасида ўтирган мутасадди шахслар эса давлат раҳбарининг бу талабини бажармасдан суднинг ҳал қилув қарорини шу кунгача бермади. Биз эса қарор ижросини қонун йўли билан тўхтатиб турмоқчи эдик.

Мен ижрони тўхтатиш ҳақида ариза берганлигимизни айтсам ҳам, 21 июнь куни ижрочи С.Шуҳратов бошчилигида менга тегишли бетон пойдевор бузиб ташланди. Пойдевор бузилаётганда укамнинг турмуш ўртоғи сектор бошлиғи кимлигини сўраб, телефонга суратга олаётганида, профилактика инспектори Д.Ашуров ўзини “Менман сектор бошлиғи, нима дейсан, мана очиб турайми суратга олавер... ейсанми?!” деб келинимизни ҳақоратлади. Профилактика инспектори Ш.Саидқулов эса келинимизнинг қўлидан телефонини тортиб олиб, ҳақоратлаб, автомашинага ўтқазиб, хизмат хонасига, кейин туман марказига олиб кетиб, кеч соат 22 ларга қадар ушлаб турди. Келинимиз эмизикли боласи борлигини айтса-да, уни куракда турмайдиган гаплар билан ҳақоратлаган.

Ўзбекистон Президентининг 20.04.2018 йилдаги “Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини этироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясинин ўтказиш тўғрисида”ги Фармонида ҳокимликлар ва Олий суд бир марталик акциянинг амал қилиш муддати тугагунга қадар:

– cудларга ўзбошимчалик билан қурилган иморатларни бузиб ташлаш бўйича даъво киритишни тўхтатиб турилиши;

– судларнинг турар жой сифатида фойдаланилаётган ўзбошимчалик билан қурилган иморатларни бузиб ташлаш тўғрисидаги кўриб чиқилаётган даъволар ҳамда ижро қилинмаган қарорлари бўйича белгиланган тартибда келишув битимлари тузилишини таъминлаш кераклиги кўрсатилган. Аммо шунга қарамай, менга тегишли бўлган пойдеворни буздириб ташлашди.

Бугунги кунда ер янги эгасининг ўғли онамни ножўя сўзлар билан ҳақоратлаб, жанжал қилмоқда. Бу ҳақда Президентга, Бош прокуратурага, Ички ишлар вазирлигига ва бошқа жойларга мурожаат қилдим. Лекин мурожаатим ижобий ҳал бўлмай келмоқда. Суд қарорини бекор қилишда ва менинг ҳуқуқларимни тиклашда амалий ёрдам сўрайман".

​Ўзбекистон ва халқаро ҳаётга оид энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли фото-видео тасвирларни Озодликнинг Instagram саҳифасида кузатинг!

******************************************************************************

Резюме

"Sizdan Telegram" лойиҳасида Сиздан келаётган хабарлар, фото ва видеолар ўрин олади. Telegram, WhatsApp тармоғидаги рақамларимиз: +420 724 971 539; +420 724 740 755. Электрон почтамиз: ozodlikmail@gmail.com 60 йилдан зиёд вақт мобайнида холис журналистика андазалари асосида фаолият юритаётган Озодлик радиоси, агар истасангиз, шахсингиз сир қолишини кафолатлайди. ******************************************************************************

Илтимос, "Sizdan Telegram" лойиҳасига юбораётган хабарингизга, имкони бўлса, фото, видео ёки бошқа ҳужжатларни илова қилинг!​

XS
SM
MD
LG