Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:04

ТОШКЕНТ – “AKFA ширкатига алоқадор шахслар айбини тан олмай, менга туҳмат қилмоқда”


ТОШКЕНТ. “Мен – Санжар Ғиёсов, Тошкентдан ёзмоқдаман. Аввалроқ “Сиздан Телеграм”да “AKFA Group” тасарруфидаги “Vortex line” МЧЖ заводида тунги сменада ишлаётганимда кўзимга алюминий қипиғи кириб жароҳат олганим, аммо завод раҳбарияти иш вақти жароҳат олганим ҳолати юзасидан суриштирув ва экспертиза ўтказишга тўсқинлик қилаётгани ҳақида мактубим чоп этилган эди.

Мактубимга “Vortex line” МЧЖ ҳуқуқшунос Севара Улуғхўжаева маҳаллий нашр орқали жавоб берибди ва мен иш вақти жароҳат олганимни рад этибди. Унинг иддаосича, мен ўша куни иш вақти тугаганидан сўнг уйимга соғ-саломат кетган эканман.

Жавобни ўқиб, менда бир талай саволлар туғилди. Мана, уларнинг айримлари:

1. “Vortex line” МЧЖда ҳисобчи вазифасида ишлаганман. Аммо МЧЖ раҳбари менга тунги сменада алюмин профилларни тахлашни буюрди. Мен 40 кун давомида профил тахловчи бўлиб ишлаб келган бўлсам-да, нега бу борада расмий буйруқ чиқарилмади? Хўш, ҳуқуқшунос хоним нега бу борада изоҳ бермади?

2. Менинг жароҳатланганим борасида суд-тиббий экспертизаси хулосаси мавжуд. Нега ҳуқуқшунос ўша хулосалардан кўз юммоқда?

3. Завод маъмурияти томонидан менинг қалбаки имзоларим билан расмийлаштирилган табель, ойлик маош ва озиқ-овқат ведомостлари мавжуд. Ушбу сохтакорликни ҳуқуқшунос қандай изоҳлайди?

4. Мен, ҳуқуқшунос иддао қилганидек, чиндан ҳам ишдан соғ-саломат ҳолда уйга кетган бўлсам, нега завод раҳбарияти ИИБ ходимларининг цехни кўздан кечиришига тўсқинлик қилди? Ё бирор сирлари очилиб қолишидан қўрқишдими?

5. Ҳуқуқшуноснинг маълум қилишича, мен заводдан соғ-саломат ҳолда чиқиб кетганим видеокузатув мосламаларида қайд этилган экан. Хўш, мен жароҳат олган цехдаги видеокузатув мосламалари қайдлари қаерга йўқолди?

6. Завод раҳбарияти нега “сизга тегишли ҳужжатлар ёниб кетган” дея шубҳали важлар келтирмоқда? Ё бу айбни яширишга навбатдаги уринишми?

Аслида, бу эътирозномани ёзмасдим. Аммо “AKFA” раҳбариятига дахлдор шахслар менга нисбатан турли иғво ва туҳматлар қилмоқдаки, уларга жавоб бермасам бўлмас эди.

Масъул идоралар менга нисбатан қилинаётган ҳақсизликка барҳам беради, деган умиддаман”.

(Бу хабар Озодликка 27 март куни келган.)

​Ўзбекистон ва халқаро ҳаётга оид энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли фото-видео тасвирларни Озодликнинг Instagram саҳифасида кузатинг!

******************************************************************************

Резюме

"Sizdan Telegram" лойиҳасида Сиздан келаётган хабарлар, фото ва видеолар ўрин олади. Telegram, WhatsApp тармоғидаги рақамларимиз: +420 724 971 539; +420 724 740 755. Электрон почтамиз: ozodlikmail@gmail.com 60 йилдан зиёд вақт мобайнида холис журналистика андазалари асосида фаолият юритаётган Озодлик радиоси, агар истасангиз, шахсингиз сир қолишини кафолатлайди. ******************************************************************************

Илтимос, "Sizdan Telegram" лойиҳасига юбораётган хабарингизга, имкони бўлса, фото, видео ёки бошқа ҳужжатларни илова қилинг!​

XS
SM
MD
LG