Линклар

Шошилинч хабар
08 декабр 2021, Тошкент вақти: 05:01

Собиқ проректорнинг “қалбаки дипломи” билан боғлиқ жиноят иши қайта тикланди


Азамат Акбаров хорижда олган фалсафа доктори (PhD) дипломи қалбаки бўлиб чиққани ортидан шу йил январида ишдан олинганди

Самарқанддаги «Ипак йўли» туризм халқаро университети собиқ биринчи проректори Азамат Акбаровнинг хорижда олган PhD илмий даража дипломининг қалбаки бўлиб чиққани юзасидан сентябрь ойида тугатилгани айтилган жиноят иши Самарқанд шаҳар прокуратураси томонидан назорат тартибида қайта тикланди.

Самарқанд шаҳар прокуратураси расмий вакилининг Озодликда нусхаси мавжуд расмий хатида билдирилишича, тергов органининг жиноят ишини тугатиш ҳақидаги қарорининг қонунийлиги прокуратура томонидан ўрганилган ва дастлабки тергов тўлиқ ўтказилмаганлиги сабабли асоссиз, деб топилган.

Прокуратура вакилининг исмини ошкор этмаслик шарти билан Озодликка билдиришича, жиноят ишини тугатиш қарори жорий йил 26 октябрь куни бекор қилиниб, қўшимча терговни ўтказиш учун Самарқанд шаҳри бўйича Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлимига юборилган.

Азамат Акбаров хорижда олган фалсафа доктори (PhD) илмий даража дипломи қалбаки бўлиб чиққани ортидан шу йил январида ишдан олингани ҳақида Озодлик хабар берган эди.

Бу ҳақда 13 январь куни Тошкентдаги Ёшлар пресс-клуби сессиясида маълум қилган Ўзбекистондаги Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси бошлиғи Улуғбек Тошкенбоев Озодлик маълумотларини тасдиқлаган.

«Ўрганишларда аниқландики, Азамат Акбаров Сараево шаҳрида (Босния ва Герцеговина давлати) жойлашган BURCH халқаро университетидаги профессорлик фаолияти давомида Россия томонидан берилган диплом асосида фаолият юритган. Бизга келганда эса BURCH халқаро университетида берилган диплом асосида ишга қабул қилинган. Аммо, маълум бўлдики, Босния ва Герцеговина давлати университети дипломи сохта бўлиб чиқди ва шунинг оқибатида у лавозимидан озод қилинди», - дея билдирган Улуғбек Тошкенбоев.

Орадан 9 ой ўтиб, бир қатор маҳаллий нашрлар Самарқанд «Ипак йўли» туризм халқаро университети раҳбариятига таянган ҳолда собиқ проректор дипломининг сохталиги ўз тасдиғини топмагани ҳақида хабар тарқатди.

«Ваколатли органлар томонидан олиб борилган тергов ҳаракатлари натижасида ушбу айблов ўз исботини топмаган ва бугунги кунда жиноят иши тугатилган» дейилган университет тарқатган расмий хабарда.
Азамат Акбаровнинг ўзи ҳам маҳаллий матбуот вакилларига интервью бериб, унда университетнинг бир қатор собиқ ходимларининг “ғаразликлари қурбони бўлганлиги”ни иддао қилди.

«2019 йилнинг сентябр ойидан ишга келганимдан бошлаб, менга ва олиб борилаётган ислоҳотларга қарши собиқ проректор томонидан ишлар бошланган эди» - деб айтган собиқ мулозим Kun.uz мухбирига.

Озодликда BURCH халқаро университети ректори профессор Mershid Poturak томонидан 2019 йилнинг 16 декабрида имзоланган №:01-303/19 сонли жавоб хати нусхаси бор.

«Халқаро BURCH Университети томонидан Азамат Акбаровга ҳеч қачон PhD дипломи берилмаган, ушбу исмдаги шахс бирон марта халқаро BURCH Университети PhD талабаси ҳам бўлган эмас. Бундан ташқари, Халқаро BURCH Университети дипломининг ташқи кўриниши жаноб Акбаровнинг дипломидан фарқ қилади» дейилади Озодликка тақдим этилган расмий маълумотда.

Азамат Акбаровнинг ўзи Озодликда нусхаси бўлган Самарқанд шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов департаментининг 2020 йил 23 июндаги қароридан ўрин олган кўрсатмасида 2009 йилда Босния – Герцеговинадаги BURCH университетида докторлик диссертацияси ёқлагани, унга докторлик дипломи берилгани ва Сараево суди томонидан дипломи “аппостил” қилинганини айтган. Айни пайтда у ўзига берилган диплом “мавжуд инсон омили туфайли ёки бошқа сабаблар билан” рўйхатдан ўтмай қолганини иддао қилади. Акбаров тергов идорасига берган ифодасида BURCH университети 2011 йилда ўзининг “дипломи шаклига ўзгартириш киритган бўлиши эҳтимоли” ўрганилиши кераклигини ёзган.

Самарқанд шаҳар ИББ тергов идораси “BURCH университети ходимларини сўроқ қилиш имконияти йўқлиги ва Ўзбекистон билан Босния-Герцеговина ўртасида дипломатик алоқалар мавжуд эмаслиги” важидан жиноят ишини “айблилик масаласини ҳал қилмасдан туриб, ҳаракатдан тўхтатиш” ҳақида қарор чиқарган.

Самарқанд вилоят Ички ишлар бошқармаси Тергов департаменти ходимининг Озодликка билдиришича, гумонланувчи Азамат Акбаров тергов давомида қалбаки экани айтилаётган дипломнинг асл нусхасини тергов органига тақдим этмаган.

«Ҳамма жиноят ишлари ҳам судгача етиб бормайди ва худди шундай жиноят ишининг тугатилгани ҳамма вақт ҳам гумонланувчининг оқланганини англатмайди”, - дея билдирди исми сир қолишини сўраган ИИБ Тергов департаменти ходими.

XS
SM
MD
LG