Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:00

Мирзиёев Каримовга содиқ вилоят ҳокимини туман ҳокими даражасига туширди


Содиқ Абдуллаев олти ой муқаддам Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчиси этиб тайинланган эди
Содиқ Абдуллаев олти ой муқаддам Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчиси этиб тайинланган эди

Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев Тошкент вилояти ҳокими Содиқ Абдуллаевни айни вилоятнинг Янгийўл тумани ҳокими этиб тайинлади. Содиқ Абдуллаев атиги олти ой муқаддам, Президент Ислом Каримовнинг шахсан ўзи киритган таклиф асосида, Тошкент вилояти раҳбари сифатида иш бошлаганди.

Озодлик манбаларига кўра, Содиқ Абуллаев янги вазифага 12 август куни тушликдан кейин тайинланди.

"Янгийўл туманида бош вазир иштирокида катта йиғин бўлиб ўтди. Эрталабдан катта йўллар тўсилиб, соат 1230ларда бош вазир келди. Бош вазир кечга яқин Янгийўл тумани ҳокими Равшан Норбўтаевни вазифасидан олиб, унинг ўрнига вилоят ҳокими вазифасида ишлаб келаётган Содиқ Абдуллаевни қўйди," деди Озодлик манбаси.

Бу хабарни Озодликка ҳам Тошкент вилояти ва ҳам Янгийўл тумани ҳокимликлари расмийлари тасдиқлашди.

Тошкент вилояти ҳокимлигидаги мулозимнинг айтишича, Содиқ Абдуллаевнинг Янгийўл тумани ҳокими сифатида иш бошлаши ортидан унинг ўрнига айни вилоят ҳокимининг маъмурий масалалар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича биринчи ўринбосари Ислом Эргашхўжаев тайинланган.

Янгийўл тумани ҳокими Равшан Норбўтаев нима учун ишдан олингани Озодликка аниқ маълум эмас.

Озодлик манбаларига кўра, туман ҳокими вазифасидан бўшатилган Равшан Норбўтаев устидан “махсус текширув” бошлатилган.

Янгийўл тумани ҳокимлиги мулозими бу хабарни рад этди.

"Бўлмаган гап. Одамлар гапираверади," деди Янгийўл тумани ҳокимлиги мулозими.

Содиқ Абдуллаев Тошкент вилояти ҳокими сифатида бор-йўғи олти ой ишлади.

У 4 февраль куни Тошкент вилояти халқ депутатларининг навбатдан ташқари сессиясида шахсан Президент Ислом Каримовнинг тавсияси билан Тошкент вилояти ҳокими этиб тайинланган эди.

Ислом Каримов раислигида ўтган мазкур сессияда маҳаллий халқорасида “Гитлер” лақаби билан танилган генерал Аҳмаджон Усмонов Тошкент вилояти ҳокими вазифасидан озод қилинганди.

Каримов Тошкент вилоятида навбатдан ташқари сессияда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:39 0:00

Тошкент вилояти ҳокимлигининг исми сир қолишини сўраган мулозимининг Озодликка айтишича, президент собиқ ҳоким Аҳмаджон Усмоновнинг иш фаолиятини танқид қилган.

Мазкур сессиядан кўп ўтмай, Аҳмаджон Усмонов “хизмат ваколатини суиистеъмол қилганлик, кадрлар танлашда таниш-билишчиликка йўл қўйганлик ва порахўрлик" каби жиноятларда гумонланиб, ҳибсга олинди.

Озодлик манбаларига кўра, Янгийўл туманининг янги ҳокими ўз ишини тумандаги фермерлар билан учрашувдан бошлаган.

Сўнгги ойларда 160 мингга яқин аҳолиси бўлган Тошкент вилоятининг Янгийўл тумани оммавий ахборот воситалари диққат марказига айланди.

Икки ой муқаддам Ўзбекистондаги барча давлат телеканаллари халқ орасида “Аҳмадбой” номи билан танилган чинозлик тадбиркор Аҳмад Турсунбоевга Чиноз ва Янгийўл туманларидан минглаб одамларнинг фоизга пул бергани ҳақида махсус кўрсатув намойиш қилганди.

XS
SM
MD
LG