Линклар

Шошилинч хабар
16 июл 2019, Тошкент вақти: 23:50

Ту-154 ҳалокати: Сурияга бораётган рус ансамбли раҳбари ўзбекистонлик эди


Валерий Михайлович Ҳалилов, А.В. Александров номидаги ансамбл директори

Россия Мудофаа вазирлигига қарашли Ту-154 самолёти Сочи қирғоқларидан ҳавога кўтарилаётган кезда қулади. Расмий маълумотга кўра, самолёт бортида 92 киши бўлган. Булар ҳарбийлар, журналистлар ҳамда Александров номидаги ансамблнинг ижрочилари эди. Қора денгиздан нобуд бўлганларнинг жасадлари олиб чиқилмоқда.

Ту-154 техник носозлик боис қулаган бўлиши мумкин

25 декабрь тонгида Сочи қирғоқларида қулаган ҳарбий самолёт ҳалокатига техник носозлик сабаб бўлгани тахмин қилинмоқда.

"Интерфакс" агентлигининг ўз манбаларига таяниб хабар қилишича, терговчилар айни пайтда техник носозлик ва сифатсиз ёнилғи эҳтимолларини текширмоқда.

Агентлик манбаси терговчилар "террорчилик акти", деган версияни ҳозирча мутлақо эҳтимолдан соқит қилаётганини ҳам қўшимча қилган.

​Мудофаа вазирлиги берган маълумотга кўра, самолёт Сочи жанубидаги Адлер шаҳридан маҳаллий вақт билан тонгги соат 5:25да ҳавога кўтарилганидан бироз ўтиб, радарлардан ғойиб бўлган.

Самолёт Москвадан Сочига келган ва бу ердан Суриянинг Латакия шаҳрига йўл олаётган эди.

"Ту-154 бортидагиларнинг ҳаммаси нобуд бўлган"

Россия Мудофаа вазирлиги самолёт бортида бўлган шахсларнинг исм-фамилиясини эълон қилди.

Россия Мудофаа вазирлиги самолёт бортида бўлганларнинг ҳаммаси нобуд бўлган, деб тахмин қилмоқда.

Айни пайтда денгиз қирғоғидан 12-14 километр масофадаги сув сатҳидан самолёт қолдиқлари ва йўловчиларнинг буюмлари топилмоқда.

Бортда 84 йўловчи ва экипажнинг 8 аъзоси бўлган. Булар ҳарбийлар, Россиянинг машҳур Александров номидаги ҳарбий ансамбли ижрочилари ҳамда турли ОАВнинг 9 журналисти эди.​

Ҳалок бўлганлар орасида бир ўзбекистонлик бор

Ту-154 бортида бўлган Александров ҳарбий ансамблининг раҳбари, Россияда танилган ҳарбий мусиқачилардан бири - Валерий Ҳалилов асли ўзбекистонликдир.

Александров номидаги ҳарбий ансамбл чиқишларидан бири
Александров номидаги ҳарбий ансамбл чиқишларидан бири

Генерал-лейтенант Валерий Халилов 1952 йилнинг 30 январида Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрида туғилган. 11 ёшида Москвадаги мусиқа мактабига ўқишга кирган. 1975 йилда Чайковский номидаги консерваториянинг Ҳарбий-дирижёрлик факультетини тамомлаган.

2002 йилда Россия қуролли кучларининг ҳарбий-оркестр хизматига раҳбарликка тайинланган. Шунингдек, у "Спасская башня", "Амурские волны", "Марш столетия" каби ҳарбий-мусиқа фестивалларига ҳам раҳбарлик қилган.

Россия армиясининг 25 декабрь куни ҳалокатга учраган самолёти бортида бўлган А.В. Александров номидаги ансамблга эса 2016 йилнинг апрелидан бошлаб, раҳбарлик қилиб келаётган эди.​

Самолётдагилар рус ҳарбийларини қутлаш учун бораётганди

Улар Россиянинг Суриядаги "Хмеймим" ҳаво базасида қолгаётган аскарларни Янги йил байрами билан қутлаш учун йўлга чиққан.

Россия матбуоти бераётган хабарларга кўра, ҳалокатга учраган учоқ бортида "Биринчи канал"нинг 3 журналисти, 3 техник ходими, НТВ телеканалининг 1 журналисти ва 2 техник ходими бўлган.

Бундан ташқари, Россиядаги "Справедливая помощь" инсонпарварлик жамғармасининг директори, мамлакатда доктор Лиза исми билан танилган Елизавета Глинка ҳам бор​.

А.В. Александров номидаги ҳарбий ансамблнинг 64 аъзоси ҳам самолёт бортида эди.

26 декабрь Россияда мотам куни бўлади

Айни пайтда ҳалокат жойида қутқарув-қидирув ишлари бормоқда. Кремл матбуот хизмати президент Путин Москвадан туриб жараённи мунтазам кузатаётганини хабар қилди.

Президент Путин ҳалокат муносабати билан 26 декабрни Россияда мотам куни, деб эълон қилди:

"Биринчи бўлиб ҳалок бўлган фуқароларимизнинг оила-аъзоларига ўз ҳамдарлигимни билдираман. Ҳукуматга комиссия тузиш вазифаси топиширилди, комиссияга Траспорт вазири бошчилик қилади. Эртага Россияда умуммиллий мотам куни эълон қилинади", деди президент Путин.

"Самолёт 2 ой олдин кўрикдан ўтган"

Ту-154 самолёти
Ту-154 самолёти

Ҳалокатга учраган Ту-154 самолёти 1983 йилда ишлаб чиқарилган.

Мудофаа вазирлиги берган маълумотга кўра, жами 6 минг 689 соат учган ҳарбий самолётни биринчи даражали учувчи Роман Волков бошқарган.

Расмий маълумотга кўра, учоқ охирги бор 2014 йилнинг 29 декабрида таъмирланган, шу йилнинг сентябрь ойида эса режали тартибда техник кўрикдан ўтказилган.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG