Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 07:08

АҚШ: Россиянинг “гуманитар танаффус”ига қарамай Ғутада уруш давом этмоқда


Америка Қўшма Штатларининг билдиришича, Дамашқнинг урушдан вайрон бўлган туманида жанглар давом этмоқда ва одамлар қурбон бўлмоқда. Ваҳоланки, Россия Шарқий Ғутада гуманитар оташкесимни таъминлашни зиммасига олган эди.

– Сурия режими ҳамда унинг Россия ва Эрон сингари дастакловчилари БМТ Хавфсизлик Кенгашининг оташкесимга даъватига қарамай, Дамашқнинг аҳоли энг зич яшайдиган Шарқий Ғута туманига ҳужумни давом эттирмоқда, – деб ёзди АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Ҳизер Нойерт Твиттерда 26 февраль куни.

Унинг фикрича, агар Россия БМТнинг оташкесим тўғрисидаги қарорига биноан олган мажбуриятларига амал қиладиган бўлса, ушбу амалиётларни тўхтатиш учун таъсир кучини ишга солиши керак.

Оқ уй матбуот котибаси Сара Сандерс ҳам Суриядаги ҳужум амалиётларини “зудлик билан тўхтатиш”га даъват қилди.

Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу 26 февралда президент Владимир Путин Ғутада 27 февралдан бошлаб маҳаллий вақт билан соат 9 дан 14 га қадар “гуманитар танаффус” қилишга буйруқ берганини маълум қилди.

Шойгуга кўра, олов домида қолаётган ҳудуддан оддий аҳоли чиқиб кетиши учун гуманитар коридор очилади.

Россиянинг Суриядаги расмийси Юрий Евтушенконинг айтишича, Россия ҳар куни таъминлашни режалаштираётган беш соатлик танаффус вақтида Сурия ҳукумат қўшинлари ҳаводан ҳеч қандай зарба бермайди.

БМТ ҳам, Европа мамлакатлари ҳам Росияни беш соатлик танаффус вақтини чўзишга чорламоқда.

БМТ бош котиби Антонио Гутерреш 26 февраль куни Женева шаҳрида ушбу ташкилотнинг Инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича сессияси очилиши маросимида Шарқий Ғутадаги воқеаларга ўз муносабатини билдирди:

– Мен можаронинг барча иштирокчиларига тинч аҳолини ва фуқаролик инфратузилмаларини ҳимоя қилишга оид гуманитар ва инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунларга асосан мутлақ мажбурияти борлигини эслатиб ўтмоқчиман. Яна шуни ҳам айтмоқчиманки, террорчиликка қарши кураш ҳеч кимни ушбу мажбуриятлардан халос этмайди.

БМТнинг 30 кунлик оташкесим хусусидаги қарори 24 февраль куни қабул қилинди. Бунга инсон ҳуқуқлари фаолларининг Шарқий Ғутани қамал қилиш жараёнида бир неча кун ичида 500 дан ошиқ киши ўлдирилгани ҳақидаги маълумотлари сабаб бўлди.

Қароргоҳи Британияда жойлашган Сурия инсон ҳуқуқлари гуруҳига кўра, 26 февраль куни - исёнчилар назоратидаги ҳудудда хлорин гази қўллангани тўғрисида гап-сўзлар тарқалгандан бир кун ўтиб, камида 9 нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлди.

Россия билан Эрон Сурияда етти йилдан бери давом этаётган уруш давомида Башар Асад ҳукуматини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб келмоқда. Уруш ҳукумат тинч намойишчиларни шафқатсизлик билан бостиргандан сўнг бошланган эди.

БМТ қарорида таклиф этилаётган оташкесим Ислом давлати, “Ал-Қоида” ва “Жабҳат ун-Нусра” сингари жиҳодчи ташкилотларга нисбатан қўлланмаслиги кўзда тутилган. “Жабҳат ун-Нусра” жангариларининг аксарияти Шарқий Ғутада истиқомат қилади.

Сурия ҳукумати кимёвий қуролларни ишлатганини инкор қилиб келади. Бироқ БМТ тергови чоғида бундай қуроллар кўп марта ишлатилгани исботланган.

XS
SM
MD
LG