Линклар

Шошилинч хабар
05 декабр 2021, Тошкент вақти: 06:22

Халқаро хабарлар

Тихановская ўтиш даврида Беларусга раҳбарлик қилишга тайёр эканини билдирди

Светлана Тихановская

Президентликка собиқ номзод Светлана Тихановская 3 декабрь куни “ўтиш даври”да Беларусни бошқаришга ҳозир эканини билдирди.

YouTube видеопортали орқали ёйинланган видеомурожаатда мухолифат номзоди Тихановская Беларусда амалдаги режим “нураб бораётгани” ҳамда яқинда сўзсиз музокаралар ва “мулоқот босқичи” бошланиши ҳақида мулоҳаза билдирган.

Тихановская бу даврда – янги сайловларга қадар Беларусга раҳбарлик қилишга тайёрлиги ҳақида расман билдиришини айтган. Унга кўра, Мувофиқлаштирувчи кенгаш дохил ўзига ёрдам бериши мумкин бўлган тузилмалар аллақачон ташкил қилинган. Мухолифат конституциявий ислоҳотлар лойиҳасини ҳам ишлаб чиққан.

Қатор номзодлар президент сайловига қўйилмаганидан кейин мухолифатнинг ягона номзодига айланиб қолган Тихановская, ғалаба қилган тақдирда, ҳокимиятга ёпишиб олмаслигини, янги сайлов ўтказилишини таъминлашини билдирганди.

Жорий йил 9 августида Тихановскаянинг ҳам иштирокида ўтган сайловда МСК томонидан амалдаги президент Александр Лукашенко сайлов ғолиби ўлароқ эълон қилинган, бу эса Беларусда ҳалигача тинмаётган оммавий норозилик намойишлари бошланишига сабаб бўлганди.

Тихановскаянинг ўзи расмийлар босими остида август ойида мамлакатни тарк этган ва ҳозирча чет элда юрибди. У ўзини беларус халқининг легитим вакили, деб атайди. У билан Ғарб мамлакатларининг лидерлари ва юқори лавозимли амалдорлари учрашмоқда. Тихановская аслида президент сайловида ғалаба қозонганига ишонади, бироқ у феълан ўзини қувғиндаги президент, деб эълон қилган эмас.

Лукашенко ҳам мамлакат учун конституциявий ислоҳот зарурлигини айтиб, Беларусь конституциясига ўзгартишлар киритилганидан кейин лавозимдан кетишини айтмоқда. Бироқ бундай ўзгартишлар айнан қачон киритилиши ва нималарни ўзида акс эттириши маълум эмас, Лукашенко лавозимдан кетиши лозим бўлган сана ҳам белгиланмаган.

Кун янгиликлари

Москвада ўзбекистонлик ва қирғизистонлик фаррошлар муштлашди

Москванинг Басманний туманида қирғизистонлик ва ўзбекистонлик фаррошлари ўртасида жанжал келиб чиққан.

“Коммерсант” нашрига кўра, воқеа 2 декабр куни Машков кўчасида содир бўлган.

3 декабр куни полиция 7 нафари Қирғизистон ва тўрт нафари Ўзбекистон фуқаролари бўлган жами 11 кишини ҳибсга олган.

"Ушланганлар устидан майда безорилик бўйича баённомалар тузилди. Терговга қадар текширув бошланди", - дея хабар берди газета ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбага асосланиб.

Можаро қор туфайли бошлангани айтилмоқда. “Бу жуда оддий – баъзилар ҳовлини қор кўчкиларидан тозалашаётган бўлса, бошқалар томни олиб, пастдаги аллақачон тоза йўлларга қор ёғдиришган".

Россияда муҳожир ишчилар орасида жанжаллар бўлиб туради.

Икки йил аввал ўнлаб ўзбекистонлик ва қирғизистонлик ўзаро муштлашган, 27 нафари ҳибсга олинган эди.

Россияда бир ойда COVID-19 дан ўлганлар сони 75 000тани ташкил этган

Россия давлат статистика агентлиги "Росстат" октябр ойида мамлакатда CОVID-19 дан вафот этганлар сони 74 893 нафарни ташкил этганини билдирди.

Бу пандемия бошланганидан бери ойлик энг юқори кўрсаткичдир.

Агентликнинг беришича, пандемиядан октябр ойи оҳиригача жами ўлимлар сони 537, 000 дан ошган.

Бу АҚШ ва Бразилиядан кейин дунёдаги энг ёмон ўлим статистикасидир.

Мамлакатда инфекциялар кўпайиб кетган ноябр ойи статистикаси эълон қилинмади.

Ҳукуматнинг расмий CОVID-19 ўлим кўрсаткичлари "Росстат" рақамларининг деярли ярмини ташкил қилади.

Ушбу номувофиқликни ҳукуматнинг коронавирус бўйича ишчи гуруҳи тиббий кўрикдан сўнг вирус ўлимнинг асосий сабаби сифатида аниқланган ўлимларни ҳисобга олган ҳолда тушунтирилиши мумкин.

"Росстат" вирус билан боғлиқ ўлимларни кенгроқ таъриф остида рақамларни эълон қилади.

Байден Москванинг "қизил линия"ларини тан олмаслигини айтди

АҚШ президенти Жо Байден Украина бўйича Москва даъво қилаётган "қизил линиялар"ни тан олмаслигини айтди.

Байден Россиянинг Украинага бостириб киришини қийинлаштирадиган кенг қамровли ташаббуслар тайёрлаётганини ҳам таъкидлади.

Байден Россия президенти Владимир Путиннинг Украина бўйича "қизил линия"лар ҳақидаги баёнотларига изоҳ берди.

"Мен ҳеч кимнинг қизил чизиқларини тан олмайман", деди Байден.

АҚШ президенти, шунингдек, Владимир Путин билан “узоқ мулоқот”га умид қилишини ҳам қўшимча қилди.

"Биз Россиянинг хатти-ҳаракатлари ҳақида анчадан бери биламиз. Мен Путин билан узоқ суҳбатлашамиз, деб умид қиламан", - деди Америка президенти Россия-Украина чегарасидаги вазиятни изоҳлар экан.

У бундай суҳбат қачон ва қайси форматда бўлиши мумкинлигини айтмади.

Ҳозирда 94 мингдан ортиқ россиялик ҳарбий хизматчи Украина билан чегарасида тўплангани айтилмоқда.

Жума куни Украина мудофаа вазири Алексей Резников январ ойининг охирини Россиядан ҳарбий таранглик учун энг эҳтимолий вақт деб атади.

Жума куни Олий Радада сўзлаган Резников Россия аллақачон Украина яқинида қишки машғулотларни бошлагани, разведка хизматларини кучайтиргани ва алоқаларни текшираётганини қўшимча қилди.

Қозоғистонда порахўрликда айбланган Олий суд судьяси қамалди

Мейрам Жангуттинов

Қозоғистон Олий судининг собиқ судьяси Мейрам Жангуттинов беш йилга озодликдан маҳрум этилди. Суд ҳукмига кўра, у Туркистон вилоятида туман судьяси вазифасида ишлаган аёлдан бошқа ишга ўтказиб қўйиш ваъдаси билан пора олган. Судланувчи маҳкамада айбини бўйнига олган эмас, дея хабар қилди Озодликнинг қозоқ хизмати.

Жангуттиновни ҳибсга олиш учун санкция шу йил апрелида берилган. У февраль ойидаёқ қўлга олинганди. Ўшанда унинг судьялик ваколати ўтган йил декабрида тугагани ҳақида эълон қилинганди.

Жангуттиновга пора берган судья ҳам худди шунча муддатга қамалган. Уларнинг иккаласига ҳам умрбод ҳар қандай давлат мансабини эгаллаш тақиқланган. Ҳукм бўйича судланувчилар адвокатларининг позицияси ҳақида ҳеч нарса дейилган эмас.

Толиблар аёллар ҳақларига доир фармон чиқарди - унда таълим олиш ҳуқуқи ҳақида ҳеч гап йўқ

Кобулдаги "Гўзаллик салони" ёнида турган афғон аёли, 2021 йил октябри

Афғонистонда иқтидорга келган Толибон ҳаракати аёллар ҳуқуқларига оид фармон чиқарди.

Ҳужжатда афғон жамияти етакчилари – уламолар ва оқсоқоллар аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича жиддий чора-тадбирлар кўришга чақирилган.

Фармонга мувофиқ, афғон аёлларини, жумладан беваларни эрга тегишга мажбурлаш мумкин эмас. Шу билан бирга, бева қайта турмушга чиққан тақдирда янги эридан маҳр олишга ҳақли бўлади.

“Аёл – мулк эмас, балки эҳтиромга лойиқ ва эркин инсондир”, дейилган ҳужжатда.

Ҳаж ишлари вазирлиги ҳамда Ахборот ва маданият вазирлигига аёллар ҳуқуқларини тарғиб қилиш вазифаси топширилган. Шунингдек, Олий суд қуйи судларга аёлларнинг талабномаларини кўриб чиқишга кўрсатма бериши лозим.

Аммо ҳужжатда вояга етмаган қизларнинг турмушга берилаётгани, аёлларнинг ишлаши ва таълим олиши ҳақида ҳеч нима дейилмаган. Ушбу масалалар ҳуқуқбонларни жиддий ташвишлантирмоқда.

Толибон Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаганидан сўнг аёллар ва қизларга оид қатор чекловларни жорий этган. Хусусан, уларнинг таълим олиши жиддий чекланган, спорт билан шуғулланиши тақиқланган.

Толиблар журналист аёлларни ҳам эфирга ҳижоб ўраб чиқишга мажбурлашмоқда. Бундан ташқари, мухбир аёлларга одамлар гавжум жойларда бўлиш ва воқеа жойидан репортаж олиб бориш ман этилган.

Путиннинг дўсти ва жиянига тегишли ширкат Алишер Усмоновдан VK гуруҳини сотиб олди

Россия президенти Владимир Путин ва миллиардер Алишер Усмонов

Миллиардер Алишер Усмоновнинг USM холдинги VK ни (собиқ Mail.ru Group) назорат қилувчи ширкат акцияларининг назорат пакетини “Согаз” суғурта гуруҳига сотди. “Согаз”нинг энг йирик ҳиссадорлари эса Владимир Путиннинг дўсти Юрий Ковальчук ва оиласи, Путиннинг жияни Михаил Шеломов ҳамда “Газпром” ширкати саналади.

VK гуруҳи Россиядаги “ВКонтакте” ва “Одноклассники” ижтимоий тармоқлари, mail.ru почтаси ҳамда “Самокат” етказиб бериш хизматига эгалик қилади. Шунингдек, унинг Delivery Club, “Ситимобил” ва бошқа сервисларда ҳам улуши бор. Гуруҳ қиймати 4,5 миллиард доллардан кўпроққа баҳоланган.

USM “Согаз”га VKда 57,3 фоизлик ҳиссага эга “МФ технологии” ширкати капиталидаги 45 фоизлик улушини сотган. Аммо шартнома қиймати очиқланмаган. Ноябрь ойида “МФ” акцияларининг 36 фоизи Сбербанк томонидан Газпромбанкка 12,8 миллиард рублга сотилган эди.

2020 йилда VK гуруҳи, Forbes журнали талқинига кўра, Россиянинг энг йирик ширкатлари рўйхатида тўртинчи ўринни эгаллаган. “Карантинда ўтган йил интернет-ширкатлар учун ниҳоятда муваффақиятли кечди”, дея таъкидлаган Forbes.

VKнинг ўз ҳисоботига кўра, ширкатнинг ялпи тушуми 2021 йил учинчи чорагида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 19 фоизга ўсиб, 30,41 миллиард рублни ташкил қилган. Холдинг энг кўп даромадини реклама ва ўйин бизнесидан топган.

2020 йил декабрида “Проект” нашри ўз суриштирувида Юрий Ковальчукни президент ҳаётининг энг сирли жиҳатлари учун масъул шахс ва “мамлакатдаги нуфузи бўйича иккинчи одам” деб атаган.

АҚШ Лукашенконинг ўғли ва Беларуснинг 12 та ширкатига қарши санкциялар жорий этди

Александр Лукашенко

АҚШ Молия вазирлиги Беларусга нисбатан янги санкцияларни жорий этди. Рўйхатда 12 та ширкат, 20 нафар жисмоний шахс, икки учоқ ва бир вертолёт қайд этилган. Санкциялар Беларуснинг ЕИ билан чегарасида давом этаётган миграция инқирози билан боғлиқдир.

Санкция қўлланган жисмоний шахслар орасида Александр Лукашенконинг ўртанча ўғли Дмитрий, Давлат чегара қўмитаси раиси Анатолий Лаппо, ички ишлар вазири ўринбосари Дмитрий Корзюк ҳамда парламент депутати Дмитрий Басковлар бор.

Шунингдек, АҚШ Беларусга тегишли қатор йирик ширкатлар, жумладан “Белтехэкспорт”, “Славкалий”, Беларусь калий ширкати, “Центркурорт”, Президент спорт клуби ҳамда “Трансавиаэкспорт”га қарши санкциялар жорий этган.

АҚШ Молия вазирлиги Беларусь давлат қарзига нисбатан ҳам санкциялар белгилаган. Эндиликда АҚШ фуқароларига сўндириш муддати 90 кундан ортиқ бўлган ва жорий йилнинг 2 декабридан кейин чиқарилган Беларусь давлат облигациялари билан амалиёт қилиш ман этилади.

АҚШдан аввалроқ Европа Иттифоқи расмий Минскка қарши санкцияларни тасдиқлаган. ЕИ санкцияларига дучор бўлганлар орасида 17 нафар жисмоний шахс ҳамда “Белавиа”, “Беларуснефть” дохил 11 та ширкат бор. Бу Европа Иттифоқининг Лукашенко режимига қарши ҳисоб бўйича бешинчи санкциялари туркумидир.

АҚШ ва ЕИнинг Беларусга қарши санкцияларини Канада ва Буюк Британия дастаклаб чиққан.

Германия коронавирусга қарши эмланмаган фуқароларга дўкон айланишни тақиқлади

Франкфуртдаги Рождество ярмаркасида юрган ниқобли одамлар, 2021 йил 22 ноябри

Германия коронавирусга қарши эмланмаган фуқаролар учун чекловлар кучайтирилишини эълон қилди: улар маданий тадбирларга ва дўконларга бора олмайди, бундан фақат озиқ-овқат дўконлари мустасно, дея хабар қилди “Немис тўлқини”.

Канцлер лавозимини тарк этаётган Ангела Меркелга кўра, бундай тартиб мамлакатнинг айрим федерал ерларида аллақачондан бери амал қилмоқда, бироқ энди касалланиш бўйича локал статистикадан қатъи назар бутун Германия ҳудудида жорий этилади.

Чекловлар эмланмаган ва коронавирусга чалинмаган фуқаролар иштирокидаги хусусий йиғинлар учун ҳам татбиқ этилади. Бу ҳолатда тадбирда кўпи билан икки оила вакиллари қатнашиши мумкин, аммо улардан бирини иккидан ортиқ киши тамсил қилмаслиги керак.

Германия ҳукумати мактабларда ниқоб тақиб юришни мажбурий қилмоқда, ҳудудлараро спорт мусобақалари, маданий ва бошқа тадбирлар иштирокчилари сонини чеклаяпти.

Меркель ва унинг халафи Олаф Шольц мажбурий эмлов жорий этилишини дастаклаган. Германия парламенти бунга қарор қилган тақдирда, у 2022 йил февралидан кучга кириши мумкин.

Қўшни Австрия ҳам 2022 йил февралидан аҳолини мажбурий тартибда эмлашга ўтмоқчи. Ҳозирда мамлакатда бунинг учун қонуний асослар тайёрланмоқда. ОАВга кўра, эмланишдан бош тортганлар 7200 еврогача жаримага тортилиши мумкин.

Суриштирув: Тоқаев оиласининг Москвадаги ҳашаматли мулклари махфийлаштирилган

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тоқаев

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тоқаев оиласига тегишли ҳашаматли кўчмас мулкларга оид маълумотлар “Росреестр”дан ўчириб ташланди, дея маълум қилди россиялик мухолифатчи Алексей Навальний жамоаси.

2 декабрь куни эълон қилинган суриштирувда президентнинг ўғли Тимур ва собиқ рафиқаси Надежда Тоқаеванинг квартиралари ҳақидаги маълумотлар Россия давлат мулозимлари ҳамда махсус хизматлар ходимларининг кўчмас мулкларига доир маълумотлар билан бирга махфийлаштирилгани айтилган.

Навальний жамоаси тақдим этган ҳужжатга кўра, 37 ёшли Тимур Тоқаев 2010 йилдан бери Хамовники туманидаги 196 кв.метр майдонли квартирага эгалик қилади. Надежда Тоқаевага тегишли 167 кв. метрли квартира Мешанск туманида бўлиб, 2000 йилда сотиб олинган.

Кўчмас мулклар эгалари ҳақидаги маълумотлар базаси бўлмиш “Росреестр” Тоқаевларнинг мол-мулкига оид маълумотларни қачон ва нега яширгани очиқланмаган.

“Россияда давлат амалдорлари ва махфий хизматлар ходимларига тегишли ҳашаматли кўчмас мулклар “давлат ва жамият манфаатлари учун” деган баҳона билан одамлар кўзидан яшириляпти. Хўп, яхши. Лекин Қозоғистон президенти Тоқаев оиласининг элитар квартираларини нега махфийлаштиришади?” деган суриштирув муаллифларидан бири Марина Певчих.

Қозоғистон сенати собиқ спикери Қосим-Жўмарт Тоқаев 2019 йилда президент лавозимини эгаллаган. 68 ёшли Тоқаев Москва давлат халқаро муносабатлар институтини тугатган, турли дипломатик лавозимларда ишлаган, шунингдек Қозоғистон ҳукумати бошлиғи бўлган.

Тоқаевнинг шахсий ва оилавий ҳаётига оид маълумотлар жуда кам. Президент бўлганидан сўнг қозоқ ОАВлари у уйлангани ва фарзанди борлиги ҳақида ёзган. Аммо бир оз ўтиб президент расмий сайтида эълон қилинган таржима ҳолида Тоқаев “ажрашган”лиги айтилган.

Қозоғистон: Хитой лагерларидаги яқинлари озод этилишини талаб қилаётганлар яна қўлга олинди

Полициячилар Шинжондаги уч фарзандининг қамоқдан озод этилишини талаб қилаётган Халида Ақитханни автозакка олиб кетишмоқда, Олмаота, 2021 йил 2 декабри

Олмаотада Хитойдаги “қайта тарбиялаш лагерлари”да сақланаётган қариндошларини озод этиш талаби билан ўтган йилнинг февралидан бери пикет қилаётган бир неча киши 2 декабрь куни қўлга олинди. Блогер Нурали Айтеленов ва журналист Култекин Аспанули бу одамларнинг Республика саройи ёнида ушлангани акс этган видеони эълон қилишди.

Полиция ходими блогерга қўлга олинганлар “ноқонуний йиғин” ўтказганини айтган. Видеодан келиб чиқилса, ушлангунча улар сарой ёнида ўтиришган, қўлларида плакатлар бўлмаган. Шундан сўнг улар “митинг қилаётганимиз йўқ”, дея эътироз билдиришганига қарамай, автозакларга тиқилган.

Полиция воқеа юзасидан расмий изоҳ берганича йўқ.

Журналист Култекин Аспанулига кўра, бир неча ойдан бери Хитой консулхонаси ва элчихонаси олдида пикет қилиб келаётган бу одамлар Республика саройи олдига ОАВларга интервью бериш учун келишган. Сарой Хитой консуллигидан бир неча юз метр нари масофада жойлашган.

Пикетчилар аввал ҳам бир неча бор қўлга олинган, жаримага тортилган, айримларига эса “тинч йиғилишлар ўтказиш тартибини бузиш” айблови билан маъмурий қамоқ муддатлари тайинланган.

Қарийб 300 кунлик норозилик акцияси давомида Хитой дипмиссиясидан ҳеч ким улар билан учрашмаган. Хитойнинг Қозоғистондаги элчиси Чжан Сяо Шинжонда қўлга олинганлар “Хитой фуқаролари” эканини ва “Хитой қонунларини бузишган”ини айтган. Қозоғистон ТИВ эса Шинжондаги вазият “Хитойнинг ички иши” эканини айтган.

Хитой Қозоғистоннинг энг йирик инвестор ва кредиторларидан бири бўлиб ҳисобланади.

Австриянинг собиқ канцлери Себастьян Курц сиёсатни тарк этмоқда

Себастьян Курц

Австриянинг собиқ канцлери Себастьян Курц иқтидордаги Австрия халқ партияси раиси лавозимидан истеъфога чиқаётганини ва сиёсатдан кетаётганини маълум қилди.

Курц 3 декабрь куни партия президиумини тўплаб, раислик ваколатларини топширмоқчи. Унинг ўрнини ички ишлар вазири Карл Неҳаммер эгаллаши айтилмоқда.

Курц сиёсатдан кетишни режалаётгани ҳақида аввалроқ Kronen Zeitung газетаси хабар қилган эди. Нашр талқинича, собиқ канцлер ноябрь ойида ўғил кўрганидан сўнг шу қарорга келган.

Себастьян Курц 35 ёшда. У октябрь ойида коррупциявий можаро манзарасида канцлерликдан истеъфога чиққан. Ўшанда прокуратура иқтидордаги партияга хайрихоҳ мазмундаги сўровномаларга оид маълумотлар Австриянинг етакчи газетасида чоп этилиши учун давлат ғазнасидан пул тўлангани ҳақидаги маълумотларни тафтиш қилишини билдирган.

Курцнинг ўзи ушбу схемага ҳеч қандай алоқаси йўқлигини айтган. Унинг истеъфога чиқиши иқтидордаги Халқ партияси билан “Яшиллар” коалициясини парчаланишдан сақлаб қолган.

Австриянинг янги канцлери этиб Курцнинг партиядаги сафдоши Александр Шалленберг сайланган.

Курц ЕИ мамлакатлари етакчилари орасида Кремлга энг мойил раҳбарлардан бири ўлароқ кўрилган.

АҚШ давлат котибининг ўринбосари Лукашенкони “Россиянинг қўғирчоғи” деб атади

АҚШ давлат котибининг ўринбосари Виктория Нуланд

АҚШ давлат котибининг ўринбосари Виктория Нуланд Вашингтон Беларуснинг легитим президенти ўлароқ тан олмаётган Александр Лукашенкони “Москванинг марионеткаси” деб атади.

У Беларусь раҳбарининг куни кеча РИА “Новости” агентлигига берган интервьюсида аннексия қилинган Қримни нафақат де-факто, балки де-юре Россия ҳудуди деб билишига оид гапини шундай изоҳлаган.

Нуланд 1 декабрь куни хавфсизлик бўйича форумда онлайн-режимда нутқ сўзлаган.

“Россия Қримни босиб олганида Лукашенко бетарафликни сақлашга қарор қилган эди. Энди эса у Россиянинг марионеткаси сифатида Қримга бормоқчи ва ўз давлати статусини ўзгартирмоқчи. Лукашенко нафақат демократик ривожланиш йўлидан воз кечиш, балки вазиятни янада чуқурлаштириш билан Беларусни Москванинг қучоғига отаётганига заррача шубҳамиз йўқ”, деган ўз чиқишида АҚШ давлат департаменти мулозими.

Нуланд Беларусдаги вазиятни ушбу мамлакат фуқаролари учун “фожиали” деб атаган. Унинг фикрича, беларуслар “кўп нарса талаб қилишаётгани йўқ – улар ўз етакчиларини ҳалол ва очиқ сайловда сайлашни хоҳлайдилар, холос”.

Виктория Нуландга кўра, АҚШ Лукашенко режимига қарши санкциялар жорий этиш бўйича ҳаракатларини ЕИ билан мувофиқлаштирмоқда.

Украина масаласига тўхталган Нуланд, Россия ушбу мамлакатда вазиятни куч билан ўзгартиришга қарор қилгудек бўлса, “шу пайтгача бўлмаган” санкцияларга дучор бўлишини урғулаган. 1 декабрь куни АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ҳам айни мазмунда баёнот берган эди.

Бишкекда мухолифатчи Ўмурбек Текебаевга ҳужумда гумонланганлардан бири қўлга олинди

Ўмурбек Текебаев

Қирғизистон пойтахтида криминал милиция ходимлари сиёсатчи Ўмурбек Текебаевга ҳужум қилганликда гумонланган шахсни қўлга олишган. Бу ҳақда 1 декабрь оқшомида Бишкек ШИИБ матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Хабарномага мувофиқ, қўлга олинган шахс 23 ёшли чуйлик Э.И. бўлиб, ҳозирда у вақтинча сақлаш ҳибсхонасига жойланган. Бундан олдин у ўз ихтиёри билан Ўмурбек Текебаевга қарашли мобил телефонни топширган.

Ҳуқуқ-тартиботчилар жиноят ишининг бошқа иштирокчиларини аниқлаш бўйича тергов ҳаракатлари ва тезкор тадбирлар давом этаётганини қўшимча қилганлар.

“Ата Мекен” партияси лидери Ўмурбек Текебаев 1 декабрь куни “Парк Отель” меҳмонхонасида номаълум шахслар ҳужумига учраган эди. У ҳужумни ўзининг сиёсий фаолияти билан боғлаб, ҳодисани сиёсий террор деб баҳолаган.

Президент Садир Жапаров ИИВга сиёсатчига ҳужум қилган шахсларни топиб, тегишли чоралар кўришни топширган. Бунинг ортидан ИИВ зудлик билан ҳужум ҳодисаси Жиноятлар ягона реестрида қайд этилиб, “талончилик” моддаси бўйича тергов бошланганини маълум қилган.

Кейинроқ “Ата Мекен” лидерининг тарафдорлари ҳужумчиларни топиш ва жавобгарликка тортиш талаби билан Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси биноси олдида норозилик акцияси ўтказишган. МХДҚ сиёсатчининг телефони гўё хавфсизлик хизмати яқинида тургани ҳақида тарқатилаётган хабарларни “хафсизлик органларига нисбатан провокация ҳаракати” бўлиб ҳисобланишини билдириб, сиёсатчилар ва уларнинг тарафдорларини провокацион ҳаракатлардан тийилишга чақирган.

Тожикистонлик ўқитувчи “ўғирланган”и ортидан тожик-қирғиз чегарасида ўқ отилди

Қирғизистондаги қишлоқ аҳли Тожикистонга қарашли Сомониён қишлоғи (Исфара тумани) мактаби ўқитувчисини ўғирлаш ва шафқатсизларча калтаклаганликда гумонланмоқда. Мазкур воқеа чегарада ўқ отилишига сабаб бўлган.

Сомониёндаги 64-сонли ўрта мактаб директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари 1 декабрь куни эрталаб соат 10 ларда олиб қочилган, дея хабар қилди Озодликнинг тожик хизмати. Мактаб директори Набихон Набиевга кўра, қирғизистонликлар Собировни куч билан машинага ўтқизиб, номаълум томонга олиб кетганлар.

“Завуч”имизни оқшомгача ушлаб туришди, уни ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари озод қилди”, деган Набиев.

Тожик ва қирғиз расмийлари воқеа юзасидан изоҳ беришганича йўқ.

Камолиддин Собировнинг ўғли Нишонбой Озодлик билан суҳбатда отаси шафқатсизларча калтаклангани ва қийноққа солинганини, ҳозирда касалхонада даволанаётганини айтган.

Қирғизистон Чегара хизмати 1 декабрь куни тахминан соат 21:15 ларда Қирғизистоннинг Боткен вилояти, Боткен туманидаги Даҳма деган жойда – шартли давлат чегара чизиғи яқинида Тожикистон томондан номаълум шахслар, муҳтамалан ов милтиғидан етти-саккиз марта ўқ узишганини билдирган.

“Вазиятни ойдинлаштириш мақсадида воқеа жойига Қирғизистон ва Тожикистон чегара заставалари бошлиқлари етиб бориб, ўқ отилишига алоқадор шахсларни қидириб топиш чора-тадбирларини кўришга келишиб олишди”, дейилган хабарномада.

Чегара хизмати давлат чегарасининг ушбу қисмидаги вазиятни “барқарор, аммо таранглик белгилари мавжуд” дея таърифлаган.

Қирғизистон Чегара хизмати хабарномасида тожик қишлоғи ўқитувчисининг ўғирланиши ва калтакланиши ҳақида ҳеч нима дейилган эмас.

Европа Иттифоқи Беларусь ширкатларига қарши галдаги санкцияларни тасдиқлади

Европа Иттифоқига аъзо мамлакатлар вакиллари 1 декабрь куни расмий Минскка қарши навбатдаги – ҳисоб бўйича бешинчи санкциялар туркумини узил-кесил тасдиқлашди.

Бу сафар санкциялар Беларуснинг ЕИ мамлакатлари билан чегарасидаги миграция инқирози муносабати билан жорий этилган. Евроиттифоқ Лукашенко режимини босим ўтказиш воситаси ўлароқ фойдаланиш учун миграция инқирозини сунъий равишда вужудга келтирганликда айблайди.

Озодлик мухбирининг хабар қилишича, рўйхат расман 2 декабрь куни эълон қилинади. Унга 28 жисмоний ва юридик шахс кирган. Рўйхатда Россия фуқаролари ва ширкатлари қайд этилмаган – аввалроқ айрим ОАВлар, хусусан “Аэрофлот” ширкати мигрантларни ташиган авиаташувчи сифатида санкцияларга тутилиши мумкинлиги ҳақида ёзган эди.

Озодликнинг беларус хизмати хабарига кўра, санкция қўлланганлар орасида Беларуснинг “Белавиа” ширкати бўлиб, ЕИ уни Яқин Шарқ мамлакатларидан Беларусга мигрантларни ташишда иштирок этган, деб ҳисоблайди. Минск халқаро аэропортига нисбатан санкциялар татбиқ этилган эмас.

Шунингдек, рўйхатда сайёҳлик агентликлари ва мигрантларни қабул қилган меҳмонхоналар, Сурияга қарашли Cham Wings Airlines авиаширкати бор. Беларусдаги “Гродно Азот”, “Беларусьнефть” ва “Белшина” сингари бир неча йирик корхона ҳам “қора рўйхат”га тиркалган.

Санкциялар рўйхатидан жисмоний шахслар – Беларусь мулозимлари, чегара хизмати раҳбарлари ва судьялар ҳам жой олган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG