Линклар

Шошилинч хабар
19 ноябр 2019, Тошкент вақти: 00:25

"Толибон" смартфонда гаплашаётган аёлларни калтакламоқда


Яқинда икки нафар аёлнинг “Толибон” истеҳкомларидан бирида калтак билан жазоланиши жангарилар назорати остидаги ҳудудларда мобил қурилмалар, хусусан, смартфонлардан фойдаланишни чеклаш чоралари билан боғлиқ бўлса ажаб эмас (иллюстратив сурат).

Афғонистон шимолидаги "Толибон" истеҳкомларидан бирида кўк бурқа кийиб, тиз чўкиб турган икки аёлни бир эркак боши ва танаси аралаш жамоатчилик олдида калтаклагани шов-шув бўлиб кетди.

Исмлари ошкор қилинмаган икки аёл "Толибон" ҳаракати талқинидаги шариат қонунларини бузган деб топилди.

Полициянинг билдиришича, улар эркак қариндошлари ҳамроҳлигисиз маҳаллий касалхонага борган.

Яна айтилишича, "Толибон" жангарилари уларнинг мобил телефон орқали гаплашаётганини кўриб қолган.

Мутаассиб толиблар узоқ вақтдан бери аёлларни уйидан ташқарига эркак қариндоши ҳамроҳлигида чиқишга мажбурлаб келади.

Энди эса жангарилар назорати остидаги ҳудудларда яқинда мобил қурилмалар, хусусан, смартфонларлардан фойдаланишни чекламоқда.

Икки аёлга қўйилган айбловнинг бири – мана шу.

Оилали бўлган бу аёллар фақат телефондан фойдалангани ёки ўз оиласидан ташқарида бошқа эркаклар билан гаплашгани учун жазолангани маълум эмас.

Илгари бегона эркак билан гаплашганлик учун шундай жазо берилар эди.

Эркакларнинг мобил телефондан фойдаланиши оддий ҳол ҳисобланган пайтда, маҳаллий консерватив урф-одатларга кўра, аёлларнинг жамоатчилик олдида телефонда сўзлашиши норозилик туғдиради.

Дронлар ҳужуми ва кузатувдан қўрқиш

Кобул шаҳридан таҳлилчи Убайд Алининг билдиришича, "Толибон" ҳаракатининг маданият ишлари бўйича ҳайъати 2016 йили хавфсизлик ва диний сабабларга кўра барча жангариларга смартфондан фойдаланишни тақиқлаган эди.

Жангарилар ўшандан бери назоратидаги барча ҳудудларда тинч аҳолининг ҳам смартфонлардан фойдаланишига тақиқ жорий қилди.

Аммо кўп жойларда Интернетга кирмайдиган ва сурат билан видео олмайдиган оддий мобил телефонлардан фойдаланишга рухсат этилади.

Чунки ундай жойларда бошқа телефон алоқаси хизмати йўқ.

"Толибон" ҳаракатининг смартфонларни тақиқлашига АҚШ дронлари ҳужуми ва кузатуви сабаб ортиб бораётган қўрқувдир, − дейди Али. – Толиблар смартфонлардан тинч аҳоли фойдаланишинидан ҳам қўрқади, чунки одамлар мустақил ахборот олиши, сурат ва видеога тушириши ҳамда жангариларнинг фаолияти ва манзилини ошкор қилиб қўйиши мумкин.

“Толибон” назоратидаги аксарият ҳудудларда мобил телефонлардан фойдаланиш, мамлакат жанубидаги Ҳелманд вилоятида мобил телефонлар ҳам, Интернет ҳам тақиқланган. Унинг жангарилари бир-биридан билан фақат рация орқали гаплашади.

Бунақа тақиқ бошқа вилоятларда ҳам бор.

Шафқатсиз жазолашлар

Жаузжон вилоятидаги калтакланган аёллар смартфон орқали гаплашгани ёки гаплашмагани маълум эмас.

Нохуш ҳодиса Дарзоб туманининг Берон Сена ҳудудида рўй берди.

Бир пайтлар бу ер "Ислом давлати" (ИД) экстремист ташкилотининг истеҳкоми бўлган.

Август ойида ҳукумат қўшинлари ва "Толибон" уни бу ердан ҳайдаб чиқарган эди.

Дарзоб тумани полиция маҳкамаси бошлиғи Муҳаммад Исмоил норхуш воқеа 10 кун олдин рўй берганини, калтакланган аёллар уйига қайтарилганини маълум қилди.

Бундай шафқатсиз жазога тортиш ҳоллари тез-тез учрамоқда.

"Маънавий жиноятлар"

1996 йилдан 2001 йилгача Афғонистонни бошқарган "Толибон" ҳаракати маънавий жиноятлар учун одамларни жамоатчилик олдида биринчи марта жазолаётгани йўқ.

Маънавий жиноятлар, масалан, зинокорлик ёки уйдан қочиб кетиш Афғонистон жиноят кодексида жиноят исобланмайди.

Аммо юзлаб аёллар ва қизлар консерватив диндорлар таъсири остида "ахлоқсиз" деган ҳукм билан қамоққа ташланмоқда.

Қайд этиш лозимки, "Толибон" жангарилари таъсири кучли ҳудудларда одамлар коррупциялашган ва ишончсиз давлат судларига эмас, ушбу ҳаракат судларига мурожаат қилаётгани ҳам бор гап.

Ҳатто одамларни бу йўлдан толиблар судининг шафқатсизлиги ҳам қайтара олмаяпти.

XS
SM
MD
LG