Линклар

18 январ 2018, Тошкент вақти: 15:12

Тошкентда 12 яшар қиз 9 қаватдан тушиб кетиб, ҳалок бўлди


Дилноза дераза артаётган пайтда 9 қаватдан тушиб кетган

31 декабрь куни Тошкент шаҳар Яшнобод тумани Лисунова даҳасида яшовчи 12 яшар Дилноза Ахмедова кўп қаватли уйининг 9-қаватидан тушиб кетиб, вафот этди.

Бу ҳақда Озодликка Дилноза Аҳмедова таълим олган Яшнабод туманидаги 61-ўрта мактаб ўқитувчиларидан бири 4 январь куни маълум қилди.

"Дилноза 6Д-синфида ўқирди. Дераза артаётган пайтда 9 қаватли уйининг энг юқори қаватидан тушиб кетиб, воқеа жойида вафот этган. Унга онаси ойналарни тозалашни буюрган" деди ўқитувчи.

Тошкент шаҳар Яшнобод тумани ИИБнинг навбатчилик қисми бу ҳодиса ҳақидаги маълумотни тасдиқлади.

ИИБ навбатчисининг маълум қилишича, дастлабки текширувлар давомида ҳодисада “жиноят таркиби аниқланмаган”.

"Ҳодиса юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг талаблари асосида жиноят иши қўзғатиш рад қилинган," деди ИИБ навбатчиси.

Яшнобод тумани Халқ таълими бўлими мазкур ҳодисадан сўнг тумандаги мактаб маъмурлари билан суҳбат ўтказиб, бу каби ҳолатларга бефарқ бўлмаслккка чақирган.

Озодлик шу йилнинг 1 январь куни Урганчда 2 фарзанднинг онаси 9 қаватли бинодан ўзини ташлаб ҳалок бўлгани ҳақида хабар қилганди.

Жонига қасд қилган аёл ҳодисаси бўйича Урганч шаҳар ички ишлар бўлими Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 103-моддаси ("Ўз жонига суиқасд қилиш ҳолатига олиб бориш") бўйича жиноят иши қўзғатган.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG