Линклар

Шошилинч хабар
24 май 2018, Тошкент вақти: 20:59

25 йиллик танаффусдан сўнг порахўр ҳоким ҳажв қилинган “Ревизор” ўзбек саҳнасига қайтди


"Ревизор" спектакли Қозоғистон саҳнасида ҳам қўйилган

Тошкентдаги Ўзбек миллий академик театри ва Тошкент давлат оперетта театрида буюк рус драматурги Николай Гоголнинг "Ревизор” асари қўйилди.

Ўзбекистонлик театр режиссёри ва мунаққид Жўрабек Рўзметовнинг айтишича¸ҳар иккала спектаклга янгича ëндашилган:

- Милллий театрда бу тўртинча марта саҳналаштирилмоқда. Ўртада 25 йилча танаффусдан кейин таниқли режиссёр¸ Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Сергей Каприелов замон талабини ҳис қилган ҳолда Гогол заҳарҳандасини акс эттирадиган саҳна асари яратди. Каприелов бу асарга янгича ëндашиб¸ Гоголь образини ҳам киритди. Менимча¸ яхши чиқди. Катта пул ва қунт сарфлангани кўриниб турибди. Оперетта театри эса “Хлестаковнинг уйланиши” деган спектаклда Гоголнинг бирданига икки асарини бирлаштириб талқин қилди. Яъни “Ревизор” ва “Уйланиш” асарларини ¸ дейди Жўрабек Рўзметов.

Кассабоп комедия

Ўзбекистон Миллий театрининг молиявий масалалар бўйича мулозими Озодлик мухбирига “Ревизор” комедиясига билетлар яхши сотилаëтганини билдирди:

- Бу ҳам бир кўрсаткич. Одамлар жиддий ва пишиқ асарларни соғиниб қолганини сездим. Биз бу спектаклга тўрт ой мобайнида пул сарфладик. 19-асрдаги Россияда кийилган либосларни айнан бўлишини таъминладик. Театр гардеробдан бошланади, деган гапга амал қилиб, барча шароитни зўр қилиб қўйдик. Бу ишимизни томошабин миннатдорлик билан қаршилади, дейди ўзини таништирмаган театр мулозими.

Раҳбарият истаги

Тошкентлик санъатшунос Акмал Ризаев ўзбек театри репертуарларида Гоголь асарларининг пайдо бўлишини янги раҳбарият истагининг айнан ижобати деб баҳолади:

-Ўтган йили Мирзиëев санъаткорлар билан учрашганда¸ Наби Раҳимов ижросидаги Хлестаковни (“Ревизор” асари бош қаҳрамони -таҳр.) эслаб¸ нега шундай асарлар қўйилмайди¸ нега енгил-елпи маиший муаммолар билан томошабинни алдайсизлар¸ деб айтганидан кейин театр раҳбарлари бу ишга қўл урди. Бир тарафдан яхши¸ икинчи тарафдан эса ташаббус нега пастдан чиқмади¸ деб хафа ҳам бўлдим. Миллий театрда спектаклни яхши ўйнашган. Айниқса¸ Лука Лукичнинг хотинини ўйнаган Маҳфуза Боботиллаева ижроси қойилмақом бўлган¸ дейди Ризев.

Бугунги ҳокимлар учун кўзгу

Спектаклдаги Бобчинский ролини ўйнаган Ўзбек миллий академик театри артисти Шерзод Абдувалиевнинг 6 февраль куни Озодлик билан суҳбатда таъкидлашича¸ “порахўр ҳоким ҳажв қилинган “Ревизор” асари 1834 йили ëзилган бўлса ҳам¸ бугун учун долзарб:

- Ҳамма ëқда коррупция дейилаяпти¸ порахўр ҳокимлар ҳақида ëзилаяпти. Биз эса буни театрда намойиш қилаяпмиз. 19-асрдаги ревизорни пора билан оғзини ëпмоқчи бўлганларни акс эттирган пайтимизда бизни томоша қилаëтганлар бугун ҳокимларни кўз олдига келтирмоқда. Театр ўзининг мактаб ролига қайтиб жамият фикрини шакллантиришга киришганидан хурсандман¸ дейди суҳбатдош.

Ўзбекистон Миллий театрининг “Ревизор” спектаклидаги Хлестаков ролини Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Фатхулла Масудов, Рихситилла Абдуллаев ва Ихтиёр Отажоновлар галма-галдан ўйнашади.

19-асрда яшаган танқидчи Белинский "Ревизор”нинг ғоясини "виждонга хилоф иш кўрган одамлар қўрқишининг талвасасидир” деб таърифлаган эди.

Адашган жамият ҳақидаги ҳикоя

Тошкентлик мунаққид Акмал Ризаевнинг Озодликка билдиришича¸ бу асар Миллий театрда тўртинчи марта саҳналаштирилган:

- Охирги мартда 1992 йилда ўйналган эди. Ҳозир АҚШда истиқомат қиладиган Баҳром Матчонов Хлестаков ролини ижро қилган эди. Кейинчалик маънавиятимизга зид¸ дея бу асар репертуардан тушиб қолди. 1999 йили Хоразмдаги Огаҳий театри бу спектаклни саҳналаштирганида вилоят ҳоким ўринбосари Ботир Раҳимов бу асар намойишини тақиқлаб қўйган эди. Тасдиф биланми¸ сал ўтмай театр директори¸ драматург Қуронбой Матризаев афиша ëпиштирувчидан пора олди¸ деган айб билан судга ҳам тортилди. Шундан кейин ҳеч ким бу спектаклга қўл урмай қўйган эди. “Ревизор” муаллифи Николай Гоголь ўз асарининг "бир киши ҳақида эмас, балки тўғри йўлдан адашган бутун бир жамият ҳақида” эканлигини айтган эди. Биз кейинги 25 йил пайтида адашган жамият деган қолипга сиғадиган бўлдик ва бу асарнинг бугун қўйилганини маъқуллайман¸ деди мунаққид Ризаев.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG