Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:56

Франция Ўзбекистон билан эҳтимолий жиҳодчиларга оид ахборот алмашадиган бўлди


Франция Ташқи ишлар вазири Жан-Марк Эйро Тошкентда ҳамкасби Абдулазиз Комилов билан учрашди.
Франция Ташқи ишлар вазири Жан-Марк Эйро Тошкентда ҳамкасби Абдулазиз Комилов билан учрашди.

Франция Ўзбекистон билан эҳтимолий жиҳодчиларга оид ахборот алмашадиган бўлди. Бу ҳақда ҳафта сўнгида Тошкентга сафар қилган Франция Ташқи ишлар вазири маълум қилди.

Биз ҳам Ўзбекистон¸ ҳам Францияда айрим ëшларнинг жиҳодчи гуруҳлар таъсирига тушиб¸ жиҳодни танлаëтгани муносабати билан террорчилик ва радикализм масалаларини қизғин муҳокама қилдик.Шу боис¸ бундай ҳодисага қарши курашда ўзаро ахборот алмашиш жуда муҳимдир. Санкт-Петербург ва Стокҳольмда юзага чиққан террор актлари бизга бундай заруратни яна бир бор эслатди”¸ деди Reuters мухбирига Париж дипломатлари раҳбари Жан-Марк Эйро (Jean-Marc Ayrault) шанба кунги Тошкент сўзлашувларидан сўнг.

3 апрель куни Санкт-Петербург метроси¸ 7 апрель куни Стокҳольм марказидаги тирбанд кўча¸ қолаверса¸ 31 декабрда Истанбулнинг машҳур тунги клубида содир этилган террор хуружларини ўзбеклар уюштиргани эълон қилинди.

Кейинги ойлар ичи турли мамлакатларда амалга оширилган шов-шувлик террор хуружларининг “Ислом давлати” радикал гуруҳи таъсирига тушган ўзбеклар томонидан уюштирилгани¸ аксар давлатлар хавфсизлик хизматларини ўзбек диаспорасига диққатлироқ бўлишга ундамоқда.

Ўзбекистонлик ҳамкасби Абдулазиз Комилов билан учрашувдан сўнг Франция Ташқи ишлар вазири¸ ҳозирга қадар Ўзбекистон билан террорчилик ва радикализмга қарши курашдаги ҳамкорликнинг етарли даражада бўлмаганини эътироф этди.

“Албатта¸ ҳозиргача ҳам қайсидир даражада ҳамкорлик бўлган¸ аммо бундан сўнг мазкур ҳамкорликни кучайтиришимиз лозим”¸ деди Жан-Марк Эйро.

Ҳозирча Франция Ташқи ишлар вазирининг Reuters агентлиги ëйинлаган бу баëноти¸ хавфсизлик соҳасидаги ўзаро ҳамкорликда жиддий ўзгариш бўлган-бўлмаганига ойдинлик киритмади.

Озодлик мухбирининг бу баëнотга ойдинлик киритиш мақсадида Тошкентдаги Франция элчихонаси ва Франция Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматига қилган қўнғироқлари¸ Пасха байрами туфайли¸ жавобсиз қолди.

"Сохта айбловлар боис ишончни йўқотган “эски ҳамкор”

Ўзбекистондаги инсон ҳақлари ва демократия вазиятининг аянчли аҳволда экани¸ Ғарб давлатлари¸ хусусан¸ Европа Иттифоқининг Ўзбекистон ҳуқуқ тизимлари қидирувга берган сиëсий ва диний ўзгача қарашдагилар рўйхатига нисбатан ишончсизлиги¸ ҳуқуқ фаоллари фикрича¸ ҳозирга қадар Ўзбекистон ва Ғарб ҳукуматлари ўртасидаги хавфсизлик ҳамкорлигига жиддий халал бериб келган:

- Ўзбекистон ҳукумати йиллар давомида сиëсий диссидентлар¸ ҳуқуқ фаоллари ва мустақил журналистларни ҳам террорчиликда айблашга уриниб келди. Бундайларни Интерпол қидирувига бераркан¸ ўзбек томони айблови фақат шубҳали вазиятда олинган кўрсатма ва иқрорларгагина асосланди. Ғарб¸ хусусан¸ ЕИ ҳуқуқ тизимлари бундай ахборотга жиддий шубҳа билан қарайди ва фақат асосли далиллар тақдим этилган тақдирдагина¸ уларни жиддий қабул қилади. Тошкентнинг ўзига ëқмаган ҳаммани террорчи¸ экстремистга чиқариши¸ бу соҳадаги ҳамкорликка халал бериб келди¸ дейди Франциядан бошпана топган ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Надежда Атаева.

ЕИ аъзоси бўлган Франциянинг Ўзбекистон билан эҳтимолий жиҳодчиларга оид ахборот алмашинувини кучайтириши¸ ҳуқуқ фаоли фикрича¸ юзага келган ҳозирги шароитда муҳим ва олқишга сазовор ҳаракатдир:

- Франция ҳуқуқ тизимлари Ўзбекистон томони берадиган ҳар қандай ахборотни ҳақиқат деб қабул қилмайди – бу турли ахборот манбаларининг биттаси¸ холос. Тошкент тақдим этган ахборот жиддий далиллар билан қувватланган тақдирдагина¸ улар жиҳодий гуруҳлар таъсирига тушган ўзбекистонликларни нафақат Франция¸ балки бутун Евросоюз ҳудудида¸ маҳкама қарори билангина¸ кузатишни бошлайди. Шу боис¸ халқаро террорчиликка қарши курашдаги ишончли ҳамкорга айланмоқчи бўлса¸ Ўзбекистон томони ўз фаолиятини ислоҳ қилиши ва ҳаммани ëппасига эсктремистликда айблашни тўхтатиб¸ жиҳодчи гуруҳлар таъсирига жиддий берилганларга оид асос-далилларнигина тақдим қилишга ўтиши керак¸ деди Озодлик билан суҳбатда Марказий Осиë инсон ҳақлари ассоциацияси раҳбари Надежда Отаева.

Тошкент бу ҳамкорликдан нима истайди?

Тошкентдаги Минтақавий таҳдидлар маркази директори Виктор Михайловнинг Озодликка айтишича¸ йиллар давомида Ўзбекистон махсус хизматлари ЕИ¸ хусусан¸ Швеция махсус хизматларига жиҳодий гуруҳлар таъсирига берилган ўзбекистонлик қочқинларга оид ахборотни тақдим қилиб келган:

- Бундай ахборотни Европа¸ хусусан¸ Швеция махсус хизматлари жиддий қабул қилган тақдирда ҳам¸ диний эътиқоди учуб таъқибга учраганини иддао қилган қочқинларга нисбатaн нимадир қилишга уларнинг сиëсий вазияти йўл бермай келди. Инсон ҳақлари¸ эътиқод эркинлиги¸ толерантлик деган сиëсий тушунчалар боис¸ Европа махсус хизматлари жиҳодчилик таъсирига тушганларни ўз ҳолига қўйиб берди. Аммо кейинги терактлар¸ Европадаги хавфсизлик вазияти энди сиëсатчиларни ҳам ўз позициясини ўзгартиришга мажбур қилмоқда ва Франция Ташқи ишлар вазирининг Тошкентдаги баëноти сиëсий иқлим ўзгара бошлагани ифодасидир¸ дейди ўзбекистонлик мутахассис.

Бу суҳбатдош фикрича¸ Ўзбекистон¸ қаерда бўлишидан қатъий назар¸ жиноятчиларнинг лойиқ жазо олишини истайди ва бу жараëнда ëрдам берувчи ахборотни Европа ва Ғарб давлатлари билан алмашишда давом этади:

- Жиноят қилган жазосини олиши шарт. Ҳар хил жиҳодий гуруҳларга хайрихоҳ ўзбекистонликлар ҳали жиноятга қўл урмади¸ ҳали бомбасини портлатмади¸ ўқ узмадику¸ деб уларни ўз ҳолига ташлаб қўйиш замони ўтди. Бу гап¸ террор ҳали ўз ҳаëтига дахл қилмаган одамнинг назарий тушунчаси маҳсули, холос. Уни террор оқибатида боласидан ажраган онага айтиб кўрингчи¸ нима дейди? Террорчиликка майли борлиги кўриниб турганларни жамият хавфсизлиги учун изоляция қилиш лозим. Узоқ йиллар бунга жазм қилмаган толерант Европа ҳам шундай тўхтамга келмоқда¸ дейди Тошкентдаги Минтақавий таҳдидлар маркази директори Виктор Михайлов.

XS
SM
MD
LG